Аммандаги бокс бўйича Осиё чемпионатида бугун эркаклар ўртасида финал жанглари бошланди. Ҳозиргина мусобақанинг энг қизиқарли жангларидан бири якунланди. 51 кг. вазнда жаҳондаги энг кучли боксчилардан икки нафари — Рио-2016 олимпиадаси ғолиби Ҳасанбой Дўсматов ва Белград-2021 жаҳон чемпионати олтин медаль соҳиби Сакен Бибоссинов ўзаро тўқнаш келишди. Ватандошимиз Сербиядаги ЖЧда айнан Сакенга ютқазиб қўйганди.
Ҳамюртимиз бўй ва қўлларининг узунлиги жиҳатдан устунликка эга бўлган рақибига нисбатан жуда яхши тактика қўллай олди. Дўсматов ҳимояни мустаҳкам ушлаган ҳолда рақибига кутилмаганда зарбалар берди.
Биринчи бўлимда ҳакамларнинг 3 нафари Бибоссиновга, икки нафари эса Ҳасанбойга устунликни беришди. Иккинчи раундда юртдошимиз фаолликни оширди ва бу сафар 4 ҳакамнинг овозини олишга муваффақ бўлди ва сўнгги бўлим олдидан яхши устунликка эга бўлиб олди, аммо ҳали ҳеч нарса ҳал бўлмаганди.
Дўсматов учинчи раундда ҳам рақибининг эркин ҳаракатланишига имкон бермасликка интилди ва ўз мақсадига эришди. Якуний баҳолар — 4:1 (30:27, 30:27, 29:28, 29:28, 28:29).