ФИФА бош котиби Фатма Самура Ўзбекистон футбол ассоциацияси раҳбарияти билан учрашди. Учрашувда ФИФА ҳамда ЎФА ўртасидаги ўзаро ишончга асосланган кенг қамровли ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашилди.
Дастлаб Ўзбекистон футболида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ўзгаришлар, қўлга киритилаётган сезиларли ютуқлар ҳақида сўз юритилди. Хусусан, Ўзбекистон бугунги кунда ушбу ташкилот аъзоси сифатида футболни ривожлантириш, жумладан, ҳудудларда замонавий спорт инфратузилмасини яратиш ва мавжудини реконструкция қилиш, ёш спортчиларни қўллаб-қувватлаш, аёллар футболини тараққий эттириш, муҳим халқаро мусобақаларни ўтказиш, техник кўмак бўйича устувор лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган кўплаб тадбир ва дастурларни амалга ошириб келмоқда.
Ўз ўрнида, ФИФА Бош котиби Ўзбекистонда футболни тарғиб этиш ва қўллаб-қувватлаш борасидаги давлат сиёсатини юксак баҳолади.
Учрашувда, шунингдек, ФИФА билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди. Жумладан, мамлакатимизда ФИФА таснифи бўйича йирик халқаро мусобақалар, хусусан, ўсмирлар, ёшлар ва хотин-қизлар жамоалари ўртасида жаҳон ва қитъа биринчиликларини ташкил этиш учун имкониятлар мавжудлиги қайд этилди.
Ташкилот келгусида ҳам Ўзбекистонда халқаро даражадаги футбол инфратузилмасини яратиш, услубий таъминот, иқтидорли ёш футболчиларни қўллаб-қувватлаш, юқори малакали мутахассислар, мураббийлар ва ҳакамларни тайёрлаш бўйича кўмак беришга тайёр эканлиги маълум қилинди.
ЎФА раҳбарияти ФИФА билан яқин, кенг кўламли ҳамкорлик дастурлари ва лойиҳаларини амалга оширишдан ҳар доим мамнун эканлигини таъкидлаб ўтди. Фатма Самура ФИФА Ўзбекистон билан кенг кўламли шерикликни ривожлантириш ҳамда амалий ҳамкорликка қаратилган янги дастур ва лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга тайёрлигини таъкидлади.