Кириш Регистрация
01/11 00:45 Комо 1-5 Лацио
01/11 00:45 Рома 1-0 Торино
01/11 16:00 Локомотив 0-1 Насаф
01/11 18:15 Сўғдиёна 2-4 Сурхон
02/11 01:00 Алавес 1-0 Мальорка
02/11 15:00 Олимпик - Навбаҳор
02/11 17:15 Қизилқум - Динамо
02/11 17:30 Ньюкасл - Арсенал
02/11 18:00 Осасуна - Вальядолид
02/11 19:00 Болонья - Лечче
02/11 20:00 Борнмут - Манчестер Сити
02/11 20:00 Ипсвич - Лестер
02/11 20:00 Ливерпуль - Брайтон
02/11 20:00 Ноттингем Форест - Вест Хэм
02/11 20:00 Саутгемптон - Эвертон
02/11 20:15 Жирона - Леганес
02/11 22:00 Удинезе - Ювентус
02/11 22:30 Вильярреал - Райо Вальекано
02/11 22:30 Вулверхэмптон - Кристал Пэлас
03/11 00:45 Монца - Милан
03/11 01:00 Валенсия - Реал Мадрид
03/11 16:00 Нефтчи - Бунёдкор
03/11 16:30 Наполи - Аталанта
03/11 18:00 Атлетико - Лас-Пальмас
03/11 18:15 Металлург - ОКМК
03/11 19:00 Торино - Фиорентина
03/11 19:00 Тоттенхэм - Астон Вилла
03/11 20:15 Барселона - Эспаньол
03/11 21:30 Ман. Юнайтед - Челси
03/11 22:00 Верона - Рома
03/11 22:30 Севилья - Реал Сосьедад

Эден Азар: «Реал» кетишимни истаса, буни тўғри қабул қиламан»

Баҳо:
+ | -

Бельгия миллий жамоаси ЖЧ-2022ни ғалаба билан бошлади. Қизил иблислар» сардори Эден Азар Канада термасига қарши кечган ўйин (1:0)да чакки таассурот қолдирмади. «Реал»нинг ҳужумкор ярим ҳимоячиси Қатар сафари олдидан Marca нашрига эксклюзив интервью бериб, жаҳон чемпионатида асл истеъдодини кўрсатишга ваъда берганди. Охирги йиллар жароҳатлардан кўп азият чеккан футболчи ўша суҳбат давомида келажагига боғлиқ саволларга ҳам дангал жавоб қайтарди.

- Мадридга кўчиб ўтганингиздан буён Испания ОАВга илк марта интервью беряпсиз. Қизиқ, журналист­лар билан алоқани хушламайсизми ёки шунчаки, испан матбуотини ёқтирмайсиз?

- Тушунинг, ўйнамаётган футболчининг матбуот учун гапириши қийин. Мен ҳам аввал ўйнаш, кейин гапиришни маъқул кўраман. Аслида матбуотчиларга хусуматим йўқ, лекин ҳозирги ҳолатда кўп гапиришим ноўрин.

- Ўзингизни бир сўз билан қандай тавсифлайсиз?

- Камтар. Табиатан камтарман - ота-онам шундай тарбиялашган.

- Футболдан ҳамон қониқиш-роҳатланиш борми?

- Ўйиндан четда қолиш оғир, лекин агар майдонга тушсам, завқ оламан, барибир. Ахир футбол ҳаётим мазмуни.

- Эрталаб Вальдебебасга қандай кайфиятда келасиз? 3,5 йил олдин бунақасини тасаввур ҳам қилмаганингиз тайин...

- Ҳар қандай ҳолатда ҳам, базага интиламан, чунки бу ерда яхши футболчилар ва инсонлар кўп. Ҳа, менга қийин, чунки амалиёт кам, лекин атрофимда барчасини тўғри тушунадиган кишилар бор, улар билан шуғулланиш ёқимли. Агар жамоага ёрдам берсам, нур устига аъло нур. Умуман, ҳамиша бор кучимни ишга соламан.

- Қатар мундиали ҳамон вақтида барчани ҳайрат кўчасига етаклаган ўша Азар эканлигингизни исботлаш учун сўнгги имкониятми?

- Шундай. Катта доирада ҳали яхши ўйнай олишимни кўрсатишим шарт. Чунончи, охирги йиллар мухлисларда иқтидоримга нисбатан кучли шубҳалар туғилди. Энди бунга қарши зарба беришим керак.

- Қизиқ, мутлақо бошқа инсон сифатида Эден Азарга қандай баҳо берардингиз?

- Эденга баҳо? Яхши йигит, фақат 3 йилдан буён омади чопмаяпти, вазиятни тўғрилаш учун эса кўпроқ ўйнаши керак.

- Мухлисларда сизга нисбатан ишонч ва муҳаббат даражаси пасайгани сезилмаяптими?

- Сезиляпти, лекин бу табиий ҳолат. Ахир охирги 3 йилда кўп вақтни майдон четида ўтказдим. Демак, барчасини амалда қайта исботлашим талаб этилади. Бунда 5-10 ёки 15 дақиқа ўйнашим муҳим эмас - имконият туғилдими, ишни сифатли бажаришим керак.

- Вақтида суперюлдуз эдингиз, энди эса умумий ҳолатингиз нисбатан оғир. Лекин айтишларича, Вальдебебасда ҳамон табассум улашишда бардавомсиз, қандайдир муаммо туғдирмайсиз...

- Дунёнинг энг яхши клубидаман, шундай экан, нолишимга асос йўқ.

- Жамоадошларингиздан миннатдор эканлигингизни кўп бора таъкидлайсиз, жумладан, асосий рақибингиз Винисиусдан...

- Винисиус дўстим, футбол эса ўз йўлига... Қолаверса, жамоада ҳар доим сиз билан курашадиган ёшроқ йигит топилади. Буни тўғри қабул қиласиз ёки кетасиз, бошқа йўл йўқ.

- Вини - қоидани кўп бузадиган футболчи. Унга бу борада маслаҳат бера оласизми?

- Ҳар қандай шубҳадан холи - Вини жамоанинг энг яхши футболчилари қаторида. Фақат тушуниши керакки, энг яхши футболчининг қисмати - қарама-қаршилик эмас, ўйинга эътибор қаратиш. У хусусан, голларни кўпайтиришни ўйлаши керак.

- Январь ёки июнда «Мадрид»дан кетишингиз эҳтимоли нечоғли катта?

- Январда кетишим мумкин эмас, чунки бу ерда оилам бор ва бизга шаҳар ёқади. Аммо ёзда кетсам керак. Яна бир йиллик шартномам бор, қарор эса клуб ихтиёрида. Агар «Эден, 4 мавсум учун раҳмат, лекин кетишинг керак», дейишса, буни тўғри қабул қиламан. Ўзимга қолса, кўпроқ ўйнаш, яхши футболчи эканлигимни кўрсатишни истардим.

- Нимада хатога йўл қўйдингиз? Эҳтимол, қандайдир муаммо бордир, масалан, ортиқча вазн тўплаш...

- Жароҳатга йўлиқишдан олдин икки ой ажойиб ўйнадим. Кейин омад қочди. Таққослаш учун айтсак, «Челси»да 10 йил давомида жароҳат нималигини билмаган ва 500та ўйинда майдонга тушгандим. Кейинги 2 йил ичида эса эҳтимоли бор барча  жароҳатлар зиммамга тушди. Буни тўлиқ тушунтиролмайман.

- Охирги вақтлар ўзингизга эътиборни кескин оширганингиз ҳақида гапиришмоқда. Дейлик, спорт залига мунтазам қатнаётган экансиз. Овқатланиш тартиби ҳам ўзгардими?

- Ҳа, кўп жиҳатлар ўзгарди, албатта.

- Ортга назар солганингизда, қайси қарорингиз хатодек туюлади?

- Менимча, катта хато йўқ. Шунчаки, баъзида омадингиз чопмайди. Барчасини тезда ўзгартиришни хоҳлайсиз, лекин кетма-кет муваффақиятсизликлар азоб беради ва тўғри йўлга тушиб олишда қийналасиз.

- Таҳлилчилар жароҳатдан кейин иккинчи операцияга кечикканингизни айтишмоқда.

- Биринчиси «ПСЖ» билан ўйиндан сўнг, иккинчиси деярли уч ойдан кейин... Иккита синиш бор эди, қолаверса, инфекция тушгани... Аслида эртароқ, дейлик, иккинчи мавсум охирида жарроҳлик столига ётишни хоҳлагандим, чунки ўша мавсум жуда кўп жароҳатландим ва танамда нимадир бузилди. Қўйилган пластинкани олиб ташламоқчи эдим, лекин...

- Лекин нима?

- Клуб бунга ҳожат йўқлиги, хотиржам бўлишим кераклигини айтди. Шифокорлар билан гаплашдим, улар ҳам муаммолар пластинкадан эмаслигини билдиришди.

- Ҳаммасига руҳий танглик сабаб эмасмикан?

- Эҳтимол. Учинчи мавсумда ҳам ҳеч нарса ўзгармади: жароҳатлар, жароҳатлар, жароҳатлар... Йўқ, бунда клубни айбламайман, шунчаки, айт­моқчиманки, кўп нарса бир-бирига боғлиқ.

- Энг оғир палла...

- Бельгия термаси билан Европа чемпионатида ажойиб юришни амалга оширдик ва португалияликларга қарши 1|8 финал ўйинида жароҳатландим. Аламли, жуда аламли...

- Қайси мураббий ишончи кўпроқ сезилди - Зиданникими ёки Анчелоттиники? Зизу билан алоқа бардавомми?

- Йўқ, мулоқот узилиб қолди. Лекин иккинчи мавсум охирида унинг далда бергани ёдимда: «Нима бўлишидан қатъий назар, олдинга қарашинг ва шу клубда эканлигинг­дан завқ олишинг керак». Ўзи Зидан ва Анчелоттининг инсоний сифатлари деярли бир хил. 

- Бельгия термасининг Қатар мундиалидаги имконияти қандай?

- Бизда яхши футболчилардан иборат ажойиб жамоа бор. Ҳозир 4 йил олдингидан тажрибалироқмиз, лекин менда амалиёт йўқ, Лукакуда жароҳат бор... Менимча, мундиалда бизникидан кучлироқ жамоалар етарли.

- Айнан қайси жамоалар?

- Бразилия, Франция, Аргентина термалари...

- Энди қийинроқ савол: ЧЛнинг 15-кубогими ёки мундиал?

- Агар 15-«шалпангқулоқ» охиргиси каби бўлса, унда қаршиман. Чунки 14-кубокни қўлга киритишда кўп ўйнамадим. Мундиал ҳам муҳим... Агар ЖЧни танласам, мадридликлар ранжишади, ЧЛни танласам, бельгияликлар. Демак, иккисида ҳам ғалаба керак.

МУҲАММАДХОН тайёрлади

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 08:40, 01.12.2022.
Ўқилди: 2643 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.