Кейинги йилларда ОФКнинг махсус тафтиш комиссияси юртимизга ташриф буюриб, олий лига клублари фаолияти билан танишиб чиққан ҳолда келгуси мавсумлар учун Осиё кубокларида қанча клубимизнинг қатнашиши масаласига ойдинлик киритиб бериши одатий ҳолга айланиб қолди. Бу йил ҳам ОФК делегацияси 2-9 август кунлари Ўзбекистонда бўлиб, клубларимиз ушбу ташкилот томонидан қўйилаётган талабларни қай даражада бажаришаётгани билан танишиб чиқади.
Юртимизга ташрифининг дастлабки кунида ОФК вакиллари Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманининг ТТЗ-1 мавзесида барпо этилган янги "Локомотив" спорт мажмуаси ва футбол клуби фаолияти билан танишишди. Меҳмонлар даставвал футболчилар истиқомат қилаётган базани кўздан кечириб чиқдилар. Бу ерда футболчилар учун яратилган шароитлар ОФК вакилларига маъқул бўлди. Шундан сўнг комиссия аъзолари "Локомотив" футбол клуби фаолиятини обдон ўрганиб чиқишди. Клубда болалар футболи, профессионал футбол, матбуот хизматининг фаолиятидан тортиб маркетинг ишларигача қай даражада йўлга қўйилгани нафақат ҳужжатларда, балки амалда ҳам кўздан кечирилди. Таъкидлаш керак, клубнинг молиявий фаолияти меҳмонларда жуда яхши таассурот қолдирди. Шунингдек, болалар футболини ривожлантириш борасида ҳам клубда амалга оширилаётган ишларга ижобий баҳо берилди. Ўз навбатида ушбу йўналишдаги ишларни янада такомиллаштириш борасидаги фикрлари билан ўртоқлашди. Шу билан бирга стадионда журналистлар учун яратилган шароитларни янада яхшилаш борасида тегишли тавсиялар берилди. Умуман олганда, стадионда яратилган шароитлар ҳамда клуб фаолияти ОФК тафтиш комиссияси томонидан муносиб эътироф этилди. Фақат, маркетинг йўналишидаги ишларни такомиллаштириш борасида ўз маслаҳатларини берди.
— "Локомотив" клуби ҳозирги ҳолатида бемалол ички мусобақаларни ўтказишга тайёр, - деди ОФК тафтиш комиссияси раҳбари жаноб Стюарт. – Аммо, жамоа келажакда халқаро мусобақалар, хусусан Осиё Чемпионлари Лигасида иштирок этадиган бўлса, баъзи жиҳатлар устида жиддий ишлашига тўғри келади. Чунончи, журналистларга мўлжалланган медиатрибунадаги ўриндиқлар сони 30тадан кам бўлиши керак эмас. Шунингдек, маркетинг йўналишидаги фаолиятни ҳам янада кўчайтириш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайман. Агар шу камчиликлар бартараф этилса, "Локомотив" бемалол халқаро майдонларда тўп суриши мумкин.
Шундай қилиб ОФК комиссиясининг "Локомотив" клуби билан танишув жараёни ўз ниҳоясига етди. Энди улар бошқа клублар фаолиятини ўрганиб чиқадилар ва 9 август куни Малайзияга қайтиб кетишади. Умид қиламизки, бу сафар ҳам ОФК комиссияси юртимиздан яхши таассуротлар билан қайтади ва халқаро майдонларда Ўзбекистон клубларига ажратилган ўринлар сони янада ортади.