Португалия терма жамоаси жаҳон чемпионатининг чорак финалига чиқди. Фернанду Сантуш шогирдлари Швейцарияни йирик 6:1 ҳисобида мағлубиятга учратди ва буни деярли Криштиану Роналдусиз амалга оширди. Ўйиндан сўнг жаҳон ОАВлари мураббийлар штаби қарорини муҳокама қилишди, натижага кўра, бу қарор ўзини оқлади.
Роналду ўрнига ёш ҳужумчи Гонсалу Рамуш асосий таркибда майдонга тушди. "Бенфика"нинг 21 ёшли футболчиси учта гол урди ва учрашувнинг бош қаҳрамонига айланди. Ўйиндан сўнг у журналистлар билан суҳбатда шундай деди: “Биз бор эътиборни кейинги ўйинга қаратишимиз керак. Кейинги ўйинда асосий таркибда ўйнашимга умид қиламанми? Бу саволлар мен учун эмас. Мен бор кучим билан ҳаракат қиламан, қарорни эса мураббий қабул қилади. Роналду нафақат мен билан, балки бошқа барча футболчилар билан гаплашди. Ҳаммаси яхши".
"Манчестер Юнайтед"нинг собиқ ҳимоячиси Гари Невилл
“Роналдунинг кўплаб мухлислари бор, улар ҳақиқатни қабул қилишни истамайдилар, лекин менимча, улар буни қабул қилишлари керак. Норозилик, ғамгинлик - буларнинг барчасини тўхтатиш керак. Ҳа, Криштиану барча даврларнинг энг буюк футболчиларидан бири, аммо ҳозир ўйлаш керак бўлган бошқа нарсалар ҳам бор. Роналдунинг қатъияти ҳар доим унинг устунлиги бўлган. Унинг дунёнинг энг зўри бўлиш, энг кўп гол уриш, барча рекордларни янгилаш, Мессига қарши рақобатдаги қатъияти - буларнинг барчаси Роналдуга ёрдам берди. Аммо шундай пайт келадики, сиз жамоа ҳақида, кийиниш хонангиздаги дўстларингиз ҳақида ўйлашингиз керак бўлади. Энди ҳамма нарса Роналду фаолиятининг сўнгги босқичига етиб келди.
Каве Солхекол, Sky Sports мухбири
- Вақт ҳеч кимни, жумладан Роналдуни ҳам аямайди. "Манчестер Юнайтед" Криштианусиз ҳам мавсумни давом эттиришга қарор қилди, энди Португалия терма жамоаси ҳам худди шундай йўлдан кетди. Унинг ўрнини эгаллаган одам шунчаки ажойиб футбол кўрсатиши керак. Рамушнинг ажойиб ижроси каби. Сантуш Роналдуни Марокашга қарши ўйинда захирада қолдиришга қарор қиладими, билмайман. Бутун мамлакат Криштиануни қўллаб-қувватлайди, халқ унга ишонади. Аммо Португалия терма жамоасининг келажаги ҳақида гапирадиган бўлсак, у ҳолда Роналдусиз ўтади.
Маrса
- Португалияликлар чорак финалга асосий таркибда Роналдусиз йўл олишди. Бу асосий юлдуз учун уйғониш қўнғироғи. Авваллари мураббийлар футболчининг ғалати ҳаракатларига кўз юмишган бўлса, энди вазият ўзгарган. Сантуш буни аниқ айтди: бу жаҳон чемпионатида алоҳида юлдузлардан кўра жамоа муҳимроқ. Португалияда Роналдусиз муваффақият қозониш учун етарлича сифатли таркиб бор, буни Швейцария билан ўйин кўрсатди. Рамуш ажойиб ўйин ўтказди ва Криштиануни захирага қўйган Сантушнинг баҳсли қарори ўзини оқлаганини барчага исботлади.
L'Equipe
- Роналду йўқ - муаммо йўқ. Португалия Криштиану даврининг охирини самарали бошлади. Асосий таркибда майдонга тушган Рамуш ҳаммага Роналдусиз ғалаба қозониш мумкинлиги кўрсатиб қўйди. Криштианунинг ўзи Рамушнинг хет-трикидан кейин Пепенинг голидан кейин анча хурсандчилигини кўрсатди. Португалиялик юлдуз футболчи ҳали жаҳон чемпионатларининг плей-офф ўйинларида гол ура олмади.
Sky Sports
- Балки Португалия стартда Роналду йўқлиги эвазига ғалаба қозонгандир. Ҳеч бўлмаганда бу ва олдинги ўйинлар ўртасидаги фарқ ажойиб эди. Рамуш эса жамоада бошқа иқтидорлар борлигини яққол кўрсатди. Эҳтимол, ҳатто Сантушнинг ўзи ҳам майдонда нима бўлишини билмагандир. Турнирдаги илк хет-трик, жамоанинг плей-оффдаги энг йирик ғалабаси. Португалиянинг ЖЧ-2022да ғалаба қозониш имконияти яна юқорилашига сабаб. Рамуш куни эди. Жаҳон ОАВлари мураббийнинг қарорини муҳокама қилиб, сураткашлар Роналдуни захира ўриндиғида суратга олаётган бир пайтда Португалиянинг ҳужум чизиғи рақибни йўқ қиларди. Йигитлар бу шоу Криштианусиз давом этиши мумкинлигини исботлашди.