Жума ва шанба кунлари олий лигада иккинчи давра учрашувларига старт берилади.
"Пахтакор"чилар ушбу турда Бекобод шаҳрида "Металлург" меҳмони бўлади. Биринчи даврада Тошкентда кечган беллашувда футболчиларимиз 5:0 ҳисобида зафар қучишганди. Бу сафар Рустам Мирсодиқов шогирдлари ўша аламли мағлубият учун ўч олишга уриниб кўришлари табиий. Шундай экан, стадионга ташриф буюрадиган мухлисларни шанба куни кескин ва қизиқарли кечадиган баҳс кутиб турибди десак адашмаймиз.
Давралар оралиғида "Металлург" таркибида катта ўзгаришлар юзага келгани йўқ. Бундай ҳолатни тошкентликлар таркибида ҳам кузатиш мумкин. Ёшлар таркиблари 3 август, жума куни Анатолий Анохин номли стадионда соат 18:00да ўзаро беллашувни бошлашади. Асосий жамоаларнинг қаерда ўйнаши ҳамда учрашувнинг қачон бошланиши ҳалигача аниқ бўлмаган. Бекободликлар янги стадионда майдонга тушишга тайёр туришибди. Лекин бу масала юзасидан аниқ жавобни кейинроқ билиб оламиз.
4 август, шанба
«Металлург» – «Пахтакор»
Ҳакамлар: Султон Зайлобиддинов (Фарғона), Баҳром Норсафаров (Қашқадарё), Тимур Гайнуллин (Тошкент), Игорь Гормашов (Тошкент).
Назоратчи: Ғайрат Каримов (Тошкент).