Англия бугун тунда Францияга қарши майдонга чиқади. Кўпчилик томонидан "финалдан олдинги финал" дея эътироф этилаётган ушбу баҳс, бизга катта таассуротларни ҳадя этади деган умиддамиз.
Англия термаси устози Гарет Саутгейт ўйиндан олдин матбуот анжуманида иштирок этди. Унга 18 декабрда бош совринни қўлга киритсангиз нима қилган бўлардингиз деган савол берилди. Шунда инглиз мутахассиси шундай дейди:
"Оҳ, биласизми бу бошқача бўлган бўларди. Ўта хурсанд бўламан, ҳамма каби. Аммо олдидан бирор нима дейиш қийин. Биласиз, олдимизда амалдаги чемпионлар турибди".
Англия ярим финалга чиқиши ва Россиядаги натижасига эришиши учун, аввало французлар тўсиғидан ўтиб олиши керак бўлади. Саутгейт эса ўз жамоасига Франциянинг супер таркибини ютишда катта ишонч билдирди. Унинг фикрича, ҳозирги Англия бундан тўрт йил олдингисига ўхшамайди:
"Бўлажак ўйиндаги мен учун энг муҳим нарса бу футболчиларнинг руҳий ва ақлий салоҳиятини ушлаб туриш бўлади. Албатта, биз тактик жиҳатдан яхши тайёргарлик кўрдик. Аммо ҳақиқий ўйиннинг катта босими бўлади ва мен бу босимга футболчиларимнинг туриб бера олишини таъминлашим лозим. Мана шу нарсани бутун дунёга исботлай олишимиз керак. Футболчиларнинг кайфияти аъло даражада. Футболда олдингиздаги ўйин доимо муҳим бўлади. Агарда бундан тўрт йил олдин мендан финалга, Франция каби жамоага қарши курашишга тайёрмисиз деб сўраганингизда, эҳтимол, ўйланиб қолардим. Ҳозир эса ундай эмас. Мен бугун ишонч билан бу саволга ҲА деб жавоб берман. Чунки бизда яхши натижалар бор ва бу исботдир".
Жамоа сардори Харри Кейн Англияга ишонишини ва Францияни мағлуб қила олишни айтди: "2018 йилда ярим финал биз учун катта марра бўлган. Финалга чиқишни ўйламаганмиз ҳам. Ҳозир эса биз кучлироқ бўлиб қайтдик. Европа чемпионатида пенальтилар сабаб имкониятни бой бердик. Бугунги ўйинга 2018 йилга қараганда кучлироқ ишонч билан келдик. Биз Францияга қарши ўйинни чорак финал деб билмаймиз. Биз буни кубоккача ташланадиган бир қадам сифатида қабул қиламиз".
ИСМАТОВ Ж.