"Локомотив" ва "Динамо" ўйинидан ўтказилган матбуот анжуманининг иккинчи қисмида темирйўлчилар спорт директори Равшан Муқимов иштирок этди.
— Бугун ютдик. Хурсандман, — қисқача ўйин ҳақида фикрини билдирди Р.Муқимов.
— Биринчи даврада сизни жамоа спорт директори сифатида таништиришганди. Ҳалиям шу лавозимдамисиз ёки бош мураббий этиб тайинлашдими?
— Ҳамон спорт директориман. Шундай бўлсада, мураббийлик вазифасини ҳам бажаряпман. Клуб структурасида бирор ўзгариш бўлса, жамоанинг матбуот бўлими орқали оммага етказамиз.
— Иккинчи даврада жамоага қабул қилинган янги футболчилар жамоага қўшилиб кетдими?
— Умуман олганда, жамоага қабул қилган футболчиларимиз ёмон эмас. Уларга бироз вақт керак. Акмал Холматов Эрон чемпионатидан қайтганидан кейин узоқ вақт давомида ўйин амалиётига эга бўлмаганди. Шунга қарамай, у бугун жуда яхши ўйнади. Элдор Магдеев жароҳатидан энди қутулмоқда. Биз тайёр футболчи сифатида фақат Фоменкони қўлга киритдик. Ишончим комил, трансфер сиёсатида адашмадик.
— Павел Бугало нима учун алмаштирилди?
— Олим Навкаров сакраб, Бугалога урилиб кетди. Натижада у юзидан жароҳат олди. Алмаштиришимизни унинг ўзи сўради. Жароҳати жиддий бўлмаса керак. Эртага машғулотга келганида унинг назоратдан ўтказамиз.
— Жамоа мухлисларни кўпайтириш учун қандай иш олиб боряпти?
— Менимча, бу иш билан матбуот хизматимиз шуғуллангани маъқул.
— Мухлисларнинг ташрифи жамоа ўйинига боғлиқ эмасми?
— Албатта, боғлиқ. Биз ўзимизга боғлиқ бўлган барча ишларни қиляпмиз. Ўйлайманки, ҳозирги ўйинимиз фақат 500 нафар мухлис учун эмас. Стадионимизга ундан ҳам кўпроқ мухлис келиши учун муносиб ўйин кўрсатяпмиз. Стадионда мухлислар учун барча шароит яратилган. Келиб ўйинимизни томоша қилиб, дам олиб кетишлари мумкин.
— Янги футболчиларнинг клубга келиши оқибатида биринчи даврада асосий таркибда ўйнаган бир неча футболчилар захира қолиб кетяпти. Бу нима билан боғлиқ?
— Бутун мавсум давомида фақат 11 нафар футболчи билан иштирок этиб бўлмайди. Ўйинчилар доимо алмаштириб турилади. Бугунги ўйинда Зайниддин Тожиевнинг захирада қолишига тўхталадиган бўлсам, Фоменкони асосий таркибда тушириб, ҳимоячиларни чарчатишини ва иккинчи таймда кучга тўла Тожиевни тушириш орқали рақиб дарвозасига хавф солишни режалаштиргандик.