Португалиялик юлдузлар бўлмиш Бруну Фернандеш ва Пепе ФИФАни сўроққа тутди. Улар ташкилотдан нима учун ўзларининг ўйинига аргентиналик ҳакамни тайинлагани ҳақида сўрашди. Марокаш ва Португалия ўртасидаги баҳсни Аргентинадан келган Факундо Тельо бошқариб борганди.
Аввалроқ Аргентина ва Нидерландия ўйинида ишлаган Антонио Матеу Лаос 17 та сариқ карточка кўрсатгани сабабли Месси ва Мартинес томондиан кескин танқидга олинганди. Бу сафар эса Фернандешга аргентиналик ҳакамнинг қарорлари «жуда ғалати» туюлди. У шундай дейди:
«Нима буларнинг ҳаммаси Аргентинани чемпион қилишмоқчими? Нимани ўйлаётган бўлсам, шуни айтаман. Шахсан менга, бизнинг ўйинда Жаҳон чемпионатида ҳамон қатнашаётган мамлакатдан бўлган ҳакамнинг ишлаши жуда ғалати туюлди. Булар шу ҳақида ҳам ўйлаб кўрса бўларди».
Португалия ҳимоячиси Пепе Марокашга мағлубиятдан кейин ҳакамдан жуда ҳам жаҳли чиқди. Чунки унинг дўсти бўлган Роналду ўзининг сўнгги мундиалини аламли тарк этишга маҳкум эди. Пепе ФИФАга истеҳзо билан шундай мурожаат қилади:
«Кечаги воқеалардан кейин ҳам бизнинг ўйинимизни аргентиналик ҳакам бошқаргани мени ғазаблантирди. Ўзларингиз кўрдиларингиз, кеча Месси ҳакам ҳақида қанча гапирди. Биз эса бугун, айниқса, иккинчи таймда боримизни бердик. Ҳакам бизга қарши қарорлар чиқарди. Рақиб дарвозабони зарбаларни қайтарди. Атиги 8 дақиқа қўшиб берилди. Бу эса кам эди. Ҳаммасидан мен бир хулосага келаяпман. Яхшиси, тинчгина кубокни Аргентинага берақолинглар!».
Бернарду Силва ҳам ўйиндан кейин ўз фикрини билдирар экан, жумладан, шундай деди: «Ўйин курашувчан ва мураккаб рақибга қарши кечди. Ҳозир нимани ҳис қилаётганимизни ҳамма билади. Биз ўзимизга ишонардик. Ярим-финалга ета олардик. Мен бугун португал халқидан кечирим сўрайман. Биз ютқаздик. Марокаш эса ярим-финлага йўл олди. Чунки улар бугун шунга лойиқ ҳаракат қилди».
Фернанду Сантушнинг терма жамоадаги тақдири мағлубиятдан кейин сўроқ остида қолди. Бу ҳақида мутахассиснинг ўзидан сўралганида, у шундай дейди: «Бу ҳақида ҳали гаплашамиз. Ўйинга келадиган бўлсак, футболчилар ҳамма нарса қилишди. Уларни айбламайман. Рақиб Марокаш бўладими, бошқасими, фарқи йўқ. Бу Жаҳон чемпионати ва бу ердаги ҳар бир мағлубият бизни хафа қилади».
ИСМАТОВ Ж.