Мамлакат чемпиони “Бунёдкор” ўз майдонида икки очко йўқотди.
“БУНЁДКОР” – “АНДИЖОН” 0:0
Огоҳлантиришлар: Абдурахимов 21, Саломов 59, Тўраев 71, Каримов 89
“Бунёдкор”: 1.Игнатий Нестеров, 2.Акмал Шораҳмедов, 4.Хайрулла Каримов, 8.Жавлон Иброхимов, 9.Илҳом Шомуродов (20.Анваржон Солиев 64), 10.Шавкат Саломов (7.Дэвид Карни 85), 13.Лутфулла Тўраев, 16.Артём Филипосян, 22.Виктор Карпенко, 23.Саҳоб Жўраев, 33.Ян Козак (17.Камолиддин Мурзоев 64)
“Андижон”: 35.Юрий Цой, 4.Азиз Ғуломхўжаев, 5.Мақсуд Хаитов, 8.Баҳром Абдурахимов (23.Беҳзод Ғозиев 52), 9.Лочин Солиев (10.Леван Мдивнишвили 86), 11.Отабек Валижонов, 15.Азиз Жўраев, 18.Рустам Аъзамов (19.Ислом Аҳмедов 76), 20.Икром Ибрагимов, 21.Ильдар Маматказин, 28.Расулжон Раҳмонов
Ҳакамлар: Б.Тоғаев (Тошкент), М.Шарипов, А.Қўлдошев (иккаласи – Бухоро), Т.Галеев (Урганч)
Учрашув назоратчиси: Игорь Нехочин (Наманган)
4 август. “Жар” стадиони. 4000 томошабин
14-тур доирасида “Андижон” жамоасига қарши кечган баҳсни “қалдирғочлар” ёмон бошлашгани йўқ. Миржалол Қосимов шогирдлари ўйинда катта устунликка эга бўлишиб, Юрий Цой қўриқлаган дарвоза олдида бир неча хавфли вазиятлар ярата бошладилар. Биринчи бўлимнинг ўзида биргина Ян Козакнинг ўзида 2-3 бор ўта қулай вазиятлар бўлди. Бироқ словакиялик легионер имкониятлардан фойдалана олмади. Шунингдек, “Насаф”дан йил охиригача ижарага олинган Илҳом Шомуродов ҳам тўп киритиш учун яхши вазиятларга чиқди. Бироқ баъзи вазиятларда Шомуродовдан очиқчасига омад юз ўгирди. Бошқа ҳолатларда эса Юрий Цойнинг маҳорати “Андижон”ни муқаррар голдан сақлаб қолди.
Андижонликлар ўз омадларини қарши ҳужумдан излашди. Шунга қарамасдан уларда ҳам ҳисобни очиш учун имкониятлар бўлди. Азиз Ғуломхўжаев ва Расул Раҳмоновнинг олис масофадан йўллаган зарбаларини Игнатий Нестеров қийинчилик билан тўсиб қолди.
Иккинчи бўлим бошларида “Бунёдкор” таркибида Камолиддин Мурзоев ва Анваржон Солиев пайдо бўлишди. Натижада “қалдирғочлар”нинг ҳужумлари янада кескинлашди. Бир вазиятда Мурзоевнинг бош билан йўллаган зарбаси дарвоза устуни ва тўсини кесишган жойга тегди.
Иккинчи бўлим ўрталарида “Бунёдкор”нинг ўнг қанотдан ташкил этган ҳужуми эътирозли вазиятни келтириб чиқарди. Акмал Шораҳмедов бошлаган ҳужумнинг якуний зарбасини Лутфулла Тўраев амалга оширди. Лутфулла тепган тўпни рақиб ҳимоячиси ётган ҳолда қўли билан қайтариб қолди. Лекин учрашувни бошқариб борган Бахтиёр Тоғаев вазиятни эътиборсиз қолдирди.
Умуман ўйин сўнггига қадар “Бунёдкор”нинг ҳужумлари асло сусаймади. Бироқ андижонликлар дарвозасини ишғол қилиш ҳес кимга насиб этмади. Шу тариқа, мамлакат чемпиони ўз майдонида очко йўқотди.