Лионель Мессини олдинда якшанба кунги бўладиган ўта муҳим ўйин кутиб турибди. Аргентина ва Франция тўқнашуви афсонавий футболчининг сўнгги 15 йилдаги иккинчи финали бўлади. У олдинроқ, ушбу финал ўзи учун сўнггиси бўлишини очиқ тан олганди. Гарчанд Месси ва унинг финалдаги рақиби бўлган Мбаппе ёшлари орасида 12 йиллик фарқ бўлсада, Жаҳон чемпионатидаги статистика борасида бу номларни унчалик катта масофа ажратмайди. Қуйида шу ҳақида сўз боради.
Мбаппенинг натижалари ҳали ошади. Аммо Месси ўз фаолиятидаги бешинчи Жаҳон чемпионатини ўтказмоқда. Гарчанда Мессидан 12 та кам ўйин ўтказган бўлсада, мундиалдаги Мбаппе ва Месси урган голлар орасидаги фарқ жуда кичик, 2 тани ташкил қилади. Яъни, Месси бор-йўғи иккита гол билан устунликка эга. Бу жуфтликнинг қарама-қаршилигида ўзига хослик мавжуд. Хусусан, улар бундан тўрт йил олдин нимчорак финалда тўқнаш келган. Ўша ўйинда Мбаппе дубл қайд этган. Ҳисоб 4-3 билан французлар фойдасига ҳал бўлган. Айни дамда "ПСЖ"даги клубдошлар Қатардаги турнирда бештадан гол уриб, тўпурарлик пойгасида фаол бўлиб турибди.
Мессининг Жаҳон чемпионатларидаги статистикаси 25 та ўйинда 11 та голга тенг. Мбаппеники эса 13 та баҳсда 9 та голдан иборат.
Футболчиларнинг голларини ўртача оладиган бўлсак, Месси ҳар 199 дақиқада битта гол урган бўлади. Мбаппе эса бу ишни ҳар 112 дақиқада бажарган. Аммо улар ўртасида, ассистлар борасида катта фарқ бор. Албатта, Месси бу ишнинг устаси. У жами 8 марта ассистентлик қилган. Мбаппеда бу кўрсаткич 2 тага тенг. Шуни ҳам ёддан чиқармаслик керакки, Мбаппе ҳеч қачон ЖЧ баҳсларини боши эгик ҳолда тарк этмаган. Мессида эса бу ҳолат 15 йилдан бери қайталанади. Аргентина охирги марта финалга 2014 йилда етиб келган ва Германияга мағлуб бўлган. Ҳозир эса Мессига иккинчи имкон берилди. Бундан фойдаланиш эса футболчининг ўзига боғлиқ.
Килиан Мбаппе Франция терма жамоаси либосида финалдаги мағлубият нима эканини деярли билмайди. У бир марта чемпион бўлган. Якшанба куни эса буни иккитага етказиши мумкин бўлади. Аммо бир нарса аниқ, Месси ва Мбаппе ўртасидаги энг муҳим натижа борасида 23 ёшли футболчи устун – у аллақачон Жаҳон чемпиони.
Эслатиб ўтамиз, Аргентина ва Франция ўртасидаги финал баҳси 18 декабрь куни, Ўзбекистон вақти билан 20:00да старт олади. Баҳсни СПОРТ ТВ телеканали орқали томоша қилишингиз мумкин бўлади.
ИСМАТОВ Ж.