"Манчестер Юнайтед" устози Эрик тен Хаг келажакдаги титул даъвогарлари ҳақида гапирди. Унинг етти-саккиз кишилик рўйхатидан "Арсенал" тушиб қолди.
"Қизил иблислар" ўтган мавсумни олтинчи ўринда якунлаганидан кейин, тен Хаг бошқарувига берилди ва бир мунча ўсишга эришди. "МЮ" айнди дамда тўртинчи ўриндаги "Тоттенхэм"дан уч очко кам тўплаган ҳолда бешинчи поғонани банд этиб турибди. Аммо манкунианликлар ҳисобида битта захира ўйини мавжуд. Ҳа, бу мавсумда "МЮ"нинг чемпионликка томон йўли бекилган. Улар лига етакчилари бўлмиш "Арсенал"дан 11 очко ортда қолмоқда. Шунга қарамай, тен Хаг яқин келажакда "Арсенал"ни чемпионлик учун курашадиган етти-саккизта клублар қаторига қўшмади. Айни пайтда эса, ҳозирда 16 ўринни банд этиб турган "Вест Хэм" нидерландиялик мутахассиснинг рўйхатида мавжуд. Қуйида унинг бу ҳақидаги фикрлари баён этилади.
"Ҳозирги ва бундан 10 йил олдинги АПЛни солиштириб бўлмайди. Бугун лига анчайин мураккаброқ. Ҳатто, "Ньюкасл" ҳам кучга кирди. Яқин келажакда "Вест Хэм"ни ҳам бу рўйхатда кўрсак керак. Мана "Тоттенхэм"нинг даражасига эътибор берайлик: улар, шубҳасиз, чемпион бўлишга қодир. "Манчестер Сити", "Ливерпуль" ва "Челси" ҳақида гапирмай қўяқолай. Бунда ҳамма нарса ҳам пулга боғлиқ эмас. Сизга узоқ ўйланган стратегик режалар ҳам зарур бўлади. Агарда сиз тўғри футболчи танлашни билмасангиз, ҳеч қачон муваффақиятга эриша олмайсиз", – дейди Эрик тен Хаг.
Шунингдек, у клуб эгаларининг ўзгариши эҳтимолий сармоя миқдорини оширишини билдирди. У бу ҳақида шундай дейди: "Тез орада бизда керак футболчилар учун етарлича сармоя бўлади. Бу яхши, албатта. Раҳбарият билан клуб мақсадлари, вазифаларимиз ва қадриятлар борасида гаплашиб олдик. Янги лойиҳа учун анча пул керак ва бу маблағ бизда мавжуд бўлади".
Тен Хаг жамоа ҳужумчиси Жейдон Санчо ҳолати ҳақида ҳам гапирди: "Мавсум аввалида у яхши ҳаракат қилаётганди. Аммо ҳамма каби унда ҳам пасайиш юз берди. Баъзида сизга таъсир қилаётган нарсалар ҳақида етарлича била олмай қоласиз. Жейдонда яхши қобилият бор. Унинг даражасига эътироз йўқ. Футболчиларга жисмоний ҳолатдан ҳам кўра, ақлий мувозанат муҳимроқдир. Санчо борасида муаммоларни ўрганаяпмиз. Тез орада уни яна майдонга қайтарамиз".
ИСМАТОВ Ж.