Шу йилнинг 2 август куни Ўзбекистонга Осиё футбол конфедерациясининг (ОФК) тафтиш комиссияси ташриф буюрди. Комиссия вакиллари, аввало Тошкент шаҳрида қад кўтараётган "Бунёдкор” стадионини бориб кўрди, дея хабар беради OLAM.uz Порталининг махсус мухбири.
Унинг ёзишича, ОФК комиссиясининг ташрифидан кўзланган мақсад “2013 йилги Осиё чемпионлар лигаси ва ОФК кубоги учун ажратиладиган ўринларни аниқлаш ва шу билан бирга, Ўзбекистонда футбол инфратузилмаси қай даражадалигини билиб олиш”дан иборат. Бундай тафтиш ишлари ОФК томонидан бутун Осиё бўйлаб амалга оширилади ва унинг якунлари бўйича ОФКнинг ноябрь ойидаги конференциясида қайси мамлакатга қанча ўрин ажратилиши эълон қилинади. “Бунёдкор” стадионига ташриф комиссия аъзолари учун режадан ташқари эди, дея қайд этади муаллиф.
Комиссия ишчи гуруҳи 6 та мутахассисдан иборат: Стюарт Рамалингам, Ли Сенхун, Стефан Чеплик, Эйвин Ти Эр Ви, Алишер Никимбаев ҳамда Стив Ким. Стюарт Рамалингам ушбу ташриф чоғида тафтиш гуруҳига раҳбарлик қилади, деб ёзади у.
“Бундай стадионга ўтиш жойлари 8 та бўлади, улар замонавий хавфсизлик текширув мосламалари билан жиҳозланади”, - қайд этади махсус мухбир.