Лука Модрич ЖЧ-2022 чорак финал босқичи доирасидаги Бразилия билан ўтган драматик учрашувдан сўнг El Chiringuito нашрига интервью берганди.
«Олтин тўп»-2018 соҳиби Қатардан туриб барча мадридлик футболчилару «Реал Мадрид» мухлисларига салом йўллаб, жаҳон чемпионатини уйига олиб боришга умид қилаётганини яширмади.
- Терма жамоада ишлар қандай?
- Ҳамма жуда хурсанд, лекин чарчаган. Учрашувдан кейинги иккинчи кун, айниқса ҳар доим қийин.
- Сизлар ажойиб курашяпсиз...
- Бу бизнинг менталитетимиз. Хорватия терма жамоасида ўйнаш - бу ўзгача ҳиссиёт, унинг либосини кийиш муқаддасдир.
- Пенальтилар сериясидан олдин дарвозабон билан гаплашганингизни кўрдик. Родриго қаерга уришини айтдингизми?
- Йўқ, йўқ... Ливаковичда ўзига бўлган ишонч катта эди. Мен унга фақат Каземиро ҳақида айтдим, у қаерга уришини билардим, аммо зарбаси жуда яхши чиқди.
- Сиз ёш авлодга ўрнак бўласизми?
- Буни улардан ва атрофимдагилардан сўраш керак. Ўзим ҳақимда гапиришни ёқтирмайман, лекин ёнимдагиларга ёрдам беришга доим тайёрман.
- Аргентинанинг сўнгги ўйинидаги баҳслар ҳақида қандай фикрдасиз?
- Ҳали кўрмадим, бор эътиборимиз тайёргарлигимизга қаратилган, қолгани эса бизни қизиқтирмайди.
- Мессининг тайёргарлиги қандай кўринмоқда?
- У Аргентина терма жамоаси каби ажойиб формада. Биз рақибни ҳурмат қиламиз, лекин ундан қўрқмаймиз. Футболда қўрқувга ўрин йўқ.
- Бундай ақл бовар қилмас формани сақлаб қолишингиз сири нимада?
- Ҳеч қандай сир йўқ, аниқ бир нарсани айта олмайман. Фақат, ҳар доимгидек шундай дейман: мен тинимсиз меҳнат қиламан ва ўзимни 100 фоиз футболга бағишлайман.
- Ҳозирги Хорватия терма жамоасида «Реал» ДНКси борми?
- Ишончим комилки, шундай. «Мадрид» ҳар доим охиригача боради ва ҳеч қачон таслим бўлмайди, Хорватияда ҳам шундай. Бу мамлакат кўп нарсаларни бошдан кечирди, бизда ўзига хос хусусият бор. Биз билан содир бўлганларнинг бари бизга ёрдам беради.
- Мадридликлар Модричнинг мундиал учун қўлидан келганини қилишидан ва мавсумнинг иккинчи ярмига куч қолмаслигидан хавотирда...
- Йўқ, йўқ, йўқ... Уларнинг ташвишланишига ҳожат йўқ, тикланишим учун дам олишга етарлича вақтим бўлади.
- Энди сизни турнирда кўпчилик қўллаб-қувватлайди.
- Ҳа, бу ажойиб, чунки Испания менинг иккинчи ватаним. У ерда 10 йилдан ортиқ вақтдан бери яшаб келяпман ва кўплаб қўллаб-қувватлашу табрикларни қабул қиламан.
- Мухлислар ҳам «Реал»даги келажагингиз ҳақида хабар кутишмоқда...
- Ҳозир бу ҳақда гапиришнинг вақти эмас. Мен жаҳон чемпионатидаман, бор эътиборимни Хорватияга қаратганман. Келинг, кейин нима бўлишини кўрамиз. Ҳамма нарса ҳақида гапиришга вақтимиз бўлади, ташвишланманг.
- Фаолиятингизни Мадридда якунламоқчимисиз?
- Албатта хоҳлардим. Мен буни кўп марта айтганман. Ҳозирча аниқ бир нарса деб бўлмайди, лекин бу менинг орзуим.
- Мухлисларга келажагингиз ҳақида гапириб беринг.
- Тушундимки, бу мавзуни аниқ жавоб олмагунча тугатмоқчи эмассиз, лекин ҳозир айтадиган гап йўқ... Дохадан барчага салом йўллайман ва Хорватия термасини қўллаб-қувватлаганингиз учун раҳмат дейман. Тез орада кўришамиз, умид қиламанки, бу жаҳон чемпионати кубоги билан бирга бўлади - бу ақл бовар қилмайдиган бўларди.
МУҲАММАДХОН тайёрлади.