Кеча std.uz сайтида ўтказилган онлайн викторинанинг 2 нафар ғолибини аниқлагандик. Улар "Bahodirmirzo" ва "Umarisoniy" никли иштирокчиларни бугун таҳририятга таклиф қилдик. Совғаларни топшириш мақсадида улар билан бироз суҳбатда ҳам бўлдик.
"Umarisoniy" - бухоролик Умид Ҳакимов. У билан телефонда суҳбатлашдик. Ҳозирги кунда Бухородалиги туфайли, шахсан ўзига таҳририятга кела олмади. Унга совғани Тошкентдаги танишлар орқали бериб юборишга қарор қилдик.
— Доимий равишда уфф.уз сайтига кириб турардим. Яқин кунлардан бошлаб stadion.uz кира бошладим. Сайтда бўлаётган ўзгаришлар мени қувонтирмоқда. Бемалол айта оламан, Бухорода ҳам бу сайтнинг ишқибозлари кўпайиб бормоқда. Ижтимоий сайтларда ўтказилаётган танловлар муҳокама бўлмоқда. Шунга ўхшаш викторина ва танловлар кўпайса, сайтнинг рейтинги янада юқори бўларди. Сайт ходимлари ишларига ривож ва омадлар тилайман, — дейди биз билан суҳбатда Умиджон.
"Bahodirmirzo" - Баҳодир Мирзаев. "Бунёдкор" клуби матбуот хизмати вакили. Мазкур викторинада иштирокчиларга ҳеч қандай тўсиқ қўймаганимиз учун, унда журналистлар ҳам иштирок этди. Баҳодир эса ғолиб чиққанлардан бири бўлди.
Ҳар иккала ғолибга замонавий дазмол совға қилинди. Баҳодир Мирзаев яқинда уйланганини инобатга олганда, ўйлаймизки, совғамиз унга жуда ас қотади ва бу соврин унинг ўзига ҳам манзур бўлди.
— Ўзи бир ой давомида меҳнат таътилида бўлганим учун футболдан бироз узоқлашиб қолгандим. Кеча тасодифан Твиттерда ушбу онлайн викторина ҳақида эълонга кўзим тушиб қолди. Стадион.уз сайтига кирдим ва викторинада қатнашишни мақсад қилдим. Бошида эса регистрация паролимни эслай олмадим. Янги ник очишга эса эриниб тургандим. Лекин паролимни бир амаллаб эсладим.
Тўғрисини айтаман, ушбу викторина орқали яна футболга тезда кириб олдим. Футбол ичида юрганим учун футболга бўлган билимимни синаб кўрдим. Тан олиш керак, саволлар осон эмасди, иштирокчиларни ўйлашга мажбур қиларди. Бошида 7 нафар иштирокчи ғолиб бўлганидан кейин яна қўшимча саволлар тақдим этилди. Ушбу 5та савол эса аввалгисидан ҳам қийин бўлди. Барча билимларимни ишга солиб, уларга тўғри жавоб беришга ҳаракат қилдим. Сайтда ўтказила бошланган викторинанинг илк ғолиби бўлганимдан хурсандман.
Мен футбол ичида юрган бўлишимга қарамай, Викторина мен учун жуда қизиқарли ўтди. Демак, футбол фанатлари учун мазкур Викторина янада қизиқарли ўтганига шубҳа йўқ. Бундай викториналар доимий бўлишини истардим.
Ҳар қандай совғани қабул қилиш ёқимли. Соврин учун сайт раҳбариятига миннатдорчилик билдираман, — дейди Б.Мирзаев.