Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Саудия Арабистони Профессионал футбол лигасида тўп сураётган икки нафар аъзоси – Сервер Жепаров ва Шавкат Муллажонов жамоалари 2-тур доирасида майдонга тушишди.
Сервер Жепаров ҳаракат қиладиган «Ал-Шабаб» илк турда «Нажрон» клубини 4:0 ҳисобида маҳф этган бўлса, 2-турда «Ал-Файсали»ни сафарда 3:1 ҳисобида таслим қилди. Дастлабки ўйиннинг 68-дақиқасида майдонга чиқарилган Сервер Жепаров, 2-тур қайдномасига киритилган бўлсада, майдонга туширилмади. Қайд этиш керак, айни пайтда «Ал-Шабаб» 6 очко билан турнир жадвалини бошқариб турибди.
Бир йўла учта жамоа 2та ўйиндан кейин 4 очко жамғарган бўлиб, тўплар нисбатига кўра Шавкат Муллажонов ҳаракат қилаётган «Ал-Наср» турнир жадвалида «Ал-Шабаб»дан кейин иккинчи бўлиб турибди. Дастлабки турда «Ал-Фотиҳ» клуби билан 1:1 ҳисобига имзо чеккан «Ал-Наср», 2-турда «Ал-Риёд»ни 4:0 ҳисоби билан маҳф этди. Илк учрашувда тўлиқ – 90 дақиқа ҳаракат қилган Шавкат Муллажонов, 2-турнинг 74-дақиқасига келиб майдонга чиқарилди.
Маълумот ўрнида айтиш керакки, Сервер Жепаров ва Шавкат Муллажонов Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Иорданияга қарши иккита ўртоқлик учрашувига жалб этилган. Ўйинларнинг биринчиси 13, иккинчи 15 август куни Амманда бўлиб ўтади. «Ал-Наср» миллий чемпионат доирасида 23 август куни «Ал-Иттиход»ни қабул қилса, «Ал-Шабаб» 24 августда «Ал-Аҳли»га қарши саф тортади.