"Арсенал" АПЛ тарихидаги энг муваффақиятли жамоалардан бири саналади. Аммо ҳайрон қоларлиси, бу клуб тарихда кўп ҳам Янги Йил пайтида етакчилик қилавермаган. Бундан ҳолат фақат икки бор юз берган. Ҳозир эса ҳамма учинчисига гувоҳ бўлмоқда. Бу сафар Роджествога 14 тур ўйналган ҳолда етиб келинди. Ҳозирга қадар 11 жамоа боксинг дей пайтида етакчилик қила туриб, мавсум сўнгида чемпион бўла олган. Қуйида "Арсенал"нинг бу борадаги натижасига эътибор қаратамиз.
2002-2003 йилги мавсум
Айни мавсумда етакчилик аслида Клаудио Раньери бошчилик қилган "Челси"га тегишли бўлади. Аммо "Арсенал" Роджестводан олдин "Мидлсбро" устидан 2-0 ҳисобида ғалаба қозониб, етакчига айланади. Шундай қилиб, тўпчилар Премьер-лига даврида илк бор Янги Йилга етакчи бўлиб ўтади. Шу зайлда "Арсенал" етакчиликни баҳорга қадар сақлаб қолади. Аммо орадаги дуранг ва мағлубиятлар жамоага қимматга тушади. Венгер шогирдлари мавсумни "Саутгемптон" (6-1) ва "Сандерленд" (4-0)га қарши йирик ғалабалар билан тугатади. Аммо кеч эди. Аллақачон Фергюсон босчилигидаги "МЮ" чемпионликка эришганди.
2007-2008 йилги мавсум
Янги стадионга кўчиш "Арсенал"га оғир даврларни ҳадя этди. Шунга қарамай, бу жамоа мавсумни зўр бошлади. Венгер клубни Роджествога қадар атиги битта мағлубият билан олиб боради. Тўпчилар 18 та ўйинда 43 очко тўплаганди. Бу "МЮ"никидан биттага кўпроқ бўлган. Аммо боксинг дейда "Портсмунт" билан дуранг, "Арсенал"ни иккинчи ўринга тушириб қўяди. Кейинчалик, бу жамоа баҳорга қадар 27 очкодан 25 йиғиб катта иштиёқ билан боради. Аммо натижалар ёмонлашиб кетади. Чемпион яна "МЮ" бўлди. "Арсенал" эса мавсумнинг охирги 4 та ўйинини ютиб, чемпионлар билан фарқни 4 очкогача қисқартиради. Лекин аллақачон кеч эди. Шимолий лондонликлар учинчи ўрин билан ЕЧЛ йўлланмасини олиб, чекланишга мажбур бўлади.
ИСМАТОВ Ж.