Микель Артета қўл-остидаги "Арсенал" АПЛда 7 очколик фарқ билан етакчилик қилмоқда. Артета клубга келиб, бир нечта футболчиларни кашф этди ёки бу ишни қайтадан амалга оширди. Жамоага ёш футболчиларни олиш билан таркибни ўз услубига қараб шакллантирди. Яхши натижалар мукофоти ўлароқ, Артетага янги битим таклиф этишди. Ҳозир ўша даврнинг энг яхши пайтлари кечмоқда. Қуйида Артета томонидан очилган олти футболчи ҳақида сўз боради.
Гранит Жака
Швейцариялик футболчининг "Арсенал"даги тақдири Микель Артетанинг келиши билан бутунлай ўзгариб кетди. Бундан бир неча йил олдин клуб мухлислари Жакадан норози эди. Аммо ҳозир ҳаммаси ўзгарди. Гранит "Арсенал"нинг асосий фигураси ва боғичсиз сардорига айланди. Айни дамда таркибдаги Арсен Венгер пайтидан қолган ва энг тажрибали футболчи айнан Гранит Жакадир. Ҳозир у мухлисларнинг севимлисига айланган.
Букайо Сака
Баъзилар Сака ёш ва барибир ўсарди деб ҳисоблашади. Аммо Артета 21 ёшли футболчининг жуда тез ривожланиб, юлдузга айланишида катта ёрдам берди. Саканинг даражаси йилдан йилга ошиб борди. Ҳозир эса у Артетанинг асосий қуролига айланиб улгурди. Яна бир фактни қўшишни истардик, Сака Англиянинг Жаҳон чемпионатидаги энг ёрқин юлдузларидан бири эди. Энг асосийси эса у эндигина катта футболга кириб келди.
Эмиль Смит-Роу
2021-22 йилги мавсум аввалида Эмилга 10 рақам тақдим этилди. Бу катта таваккалдек туюлганди. Аммо Артета ҳужумчининг нималарга қодирлигини яхши биларди. Бир йилдан ортиқ вақт давомида Смит-Роу бунга лойиқ эканини кўрсата олди. Афсуски, жароҳатлар футболчининг фаолиятига тўсиқ бўлмоқда. Тез орада Эмиль яна ишга киришади.
Арон Рамздейл
2021 йилнинг ёзида "Арсенал"нинг Рамздейл транфсеридан кўпчилик норози бўлган эди. Чунки дарвозабоннинг тақдири "Борнмут" ва "Шеффилд"да қуйи лигага тушиб кетиш билан якун топганди. 24 ёшли футболчи Бернд Ленонинг ўрнини олиб, бунга муносиб бўла олди. Англия терма жамоаси аъзоси ҳозирда Артета сабабли АПЛнинг энг яхши посбонларидан бирига айланди.
Мартин Эдегор
Бутун дунё Эдегор ҳақида эшитганида "норвегиялик Месси" ибораси қўлланган эди. Ҳозир у Мессига қиёсланмайди. Чунки Мартин шимолий Лондонда ўз брендини ярата олди. "Арсенал" сардори Англияда ўзининг юқори даражадаги IQ'си билан ажралиб туради.
Габриэль Мартинелли
Мартинеллининг "Арсенал"даги ёрқин ўйини изсиз кетмади. У бунинг эвазига Бразилия терма жамоасидан чақирув олди. Бунда Микель Артетанинг хизматлари беқиёс эди. 21 ёшли иқтидор эгаси АПЛда бу мавсум давомида 15 та учрашувда майдонга тушди. Унинг ҳисобида эса 6 та гол ва 2 та ассист мавжуд. Вингер кеча "Вест Хэм"га ҳам етарлича бош оғриқ бўла олди.
ИСМАТОВ Ж.