«Барселона» ёзда яна «1 га 1» қоидасига қайтади — эндиликда клуб янги футболчилар учун худди трансферлардан қанча даромад топган бўлса, шунча маблағ сарфлаш имкониятига эга бўлади.
Ла Лига директори Хавьер Гомеснинг сўзларига кўра, учта муҳим омил эвазига клубнинг иш ҳақи жамғармаси таркиб учун белгиланган харажатлар лимитидан пастроқ даражага тушади. Булар: VIP-ложалардан келадиган 70 миллион евродан сал кўпроқ миқдордаги даромад, «Камп Ноу» стадионида янги трибунанинг очилиши ҳамда ҳужумчи Роберт Левандовскининг жамоадан кетишидир (бу «Барса»ни унинг катта миқдордаги маошини тўлаш мажбуриятидан халос этади).
Шунингдек, Гомес «блауграна» учун янги ҳомийларни жалб этиш имконияти борлигини ҳам тилга олди. Бу клуб учун яна бир даромад манбаига айланиб, тақчилликни камайтиради ва жамоанинг одатий тартибда фаолият юритишига йўл очади.
Бундан ташқари, «Барселона» Ансу Фати учун «Монако»дан 11 миллион евро олишни мўлжалламоқда — ушбу маблағ ўтган мавсумни монегаскликлар сафинда ижарада ўтказган вингерни сотиб олиш ҳуқуқида кўзда тутилган.













