Кириш Регистрация
19/11 17:00 Хитой - Япония
19/11 17:00 Индонезия - Саудия Арабистони
19/11 17:00 КХДР - Ўзбекистон
19/11 19:00 Фаластин - Жанубий Корея
19/11 19:00 Қирғизистон - Эрон
19/11 21:00 Уммон - Ироқ
19/11 21:00 БАА - Қатар
19/11 23:15 Баҳрайн - Австралия
19/11 23:15 Кувайт - Иордания

Фойданинг ширинлигини ҳамма билади

Баҳо:
+ | -

Роналдунинг интервьюси у билан «МЮ» ўртасидаги ҳамкорлик интиҳосини тезлаштириб юборди.

«Манчестер Сити» Хосеп Гвардиола билан манфаатли шартномани расмийлаштираётган паллада, Манчестернинг қарама-қарши ҳудудида «МЮ» мухлислари футбол афсонаси билан хайрлашдилар - Криштиану Роналду жамоани тарк этди. Ҳужумчи билан клуб раҳбарияти ва бош мураббий Эрик тен Хаг ўртасидаги келишмовчиликка Кришнинг Talk TVга берган интервьюси сабаб бўлди. «Глейзерлар клубга ғамхўрлик қилмайдилар. Улар учун маркетингдан даромад олиш муҳимроқ, спортдаги натижалар уларни мутлақо қизиқтирмайди» деганди португалиялик афсона. Роналду барчага маълум бўлган ҳақиқатни баён этди. Бироқ бунинг таъсири шу қадар кучли бўлдики, нафақат у «Олд Траффорд»ни тарк этди, балки клубни 17 йил бошқарган Глейзерлар илк бор клубни сотишга тайёр эканликларини айтишди. «Биз клубга сармоя киритиш, уни сотиш ёки жамоа иштирокидаги бошқа келишувларни амалга оширишни истаган муқобил харидорни топиш жараёнини бошладик», - дейилади «МЮ» сайтидаги баёнотда.

«МЮ» соҳиблари Фергюсон меросини талон-тарож қилдилар

Ўтган йилнинг 21 августида «қизил иблислар» Роналдунинг «Олд Траффорд»га қайтганини эълон қилишгач, 7-рақам остидаги клуб футболкалари фақат биринчи ҳафтада 188 млн. фунт даромад келтирганди. Бироқ ўтмиш ҳисобига мўлжалланган навбатдаги уриниш худди Уле-Гуннар Сульшерни бош мураббийликка тайинлангани каби, кутилган даромадни бермади. Криш «МЮ» таркибидаги дастлабки 5та ўйинда голлар урди, аммо мавсум омадсиз якунланди - жамоа ЕЧЛ турниридан четда қолди.


Роналду жамоанинг машғулотлар шароити ва инфратузилмани танқид қилганди

ЕЛда тўп суриш Кришни унчалик қизиқтирмаган ва у ёзда жамоадан кетишга уринганди - АПЛдаги энг юқори (ҳафтасига 515000 фунт) маош ва муносиб вариантнинг йўқлиги уни тўхтатиб қолди. Лекин бир-бирининг хоҳиш-истагини инобатга олмайдиган ҳамкорлик (Роналду эскириб қолган инфратузилмани танқид қилганди) тезда барбод бўлиши аниқ эди. Ўз стадионини таъмирлаш ва янги машғулот марказини қуриш учун «Ливерпуль» юзлаб миллионларни сарфлаётган паллада, «МЮ» соҳиблари сэр Алекс давридан қолган меросни талон,тарож қилишди.

«Улкан имкониятларга эга бўлган номдор клубда 15 йил ичида ҳеч қандай ўзгаришлар юз бермаслигини кутмагандим. Ҳеч қанақа модернизация, тараққиёт, янги технологияларни кўрмадим. Базада рисоладагидек бассейн бўлишига аранг эришдим», - деганди Криш норози оҳангда.

Клуб соҳиблари эса хотиржамлик билан жамоа иш ҳақи жамғармасини узлуксиз ошириш (жорий мавсумда 384 млн. фунт) ва мўмай дивиденд олишни тўхтатмадилар. Оқибатда, «МЮ»нинг Глейзерлар давридаги қарзлари доимо 500-600 млн. фунт атрофида бўлди. Айнан шунча маблағ эвазига 2005 йилда улар «МЮ»ни харид қилишган, кейинчалик қарзни клуб елкасига илиб қўйишди.

Молиявий барқарорлик, облигациялар хариди, клубни бошқаришдаги тўловлар ва дивидендлар туфайли «МЮ»даги камомад Глейзерлар даврида 1,5 млрд.га етди. Ўйинчилар хариди учун сарфланган маблағлар кўпинча ўзини оқламасди. 

«10 йиллар давомида «иблислар» доимо рақобатчиларга нисбатан кўпроқ маблағни таклиф этишар, бу билан бадавлат эканликларини кўрсатишга интилишарди», - дейди футбол молияси эксперти Киран Магуайр.


«МЮ»нинг сотилиши ҳақидаги янгилик клуб капитализациясини 400 млн.га оширди

Суперлига лойиҳасининг амалга ошмагани «МЮ» мухлисларининг Глейзерларга бўлган нафратини ошириб юборди. 2021 йил майида улар ижрочи директор Эд Вудворднинг уйига ҳужум қилишди ва у клубни тарк этди. «Ливерпул»га қарши баҳс арафасида мухлислар «Олд Траффорд»да ва меҳмонлар жойлашган меҳмонхона ёнида намойиш ўтказдилар.

Бу каби норозилик намойишлари нафақат клуб соҳибларининг нуфузлари, балки «МЮ»нинг нархига ҳам салбий таъсир этади. 

Жамоанинг жорий мавсумда ЕЧЛга чиқиш имконияти оз эканлигини инобатга олсак, мухлисларнинг норозилиги, Роналдунинг танқидий интервьюсидан кейин клубни сотиб юбориш энг мақбул вариант эканлиги аён бўлади.

«Роналдунинг кетиши ва Глейзерларнинг қарори бир вақтда юз бергани бежиз эмас. Гап шундаки, клуб акциялари мунтазам равишда қимматлашиб бораверади. Бозор эса келажакдаги даромадларни ҳисобга олади», - деганди Магуайр.

Эксперт ҳақ - «МЮ»нинг сотилиши ҳақидаги хабар акциялар қийматини 17 фоизга оширди. Натижада клуб 400 млн. долларга қимматлашди.


Америкалик текинхўрлар ўрнини «МЮ»нинг мухлиси бўлмиш британиялик миллиардер эгаллаши мумкин

«МЮ»дан қўлга илинадиган барча моддий манфаатни суғуриб олганликларини Глейзерлар яхши биладилар. Улкан қарз, «Олд Траффорд», клуб базаси ва бошқа иншоотлар таъмири катта маблағ талаб этади. Бу ёқда Суперлига лойиҳаси барбод бўлди. Қисқаси, тахминан 5 млрд. фунтга баҳоланаётган пайтда клубни сотиш - энг тўғри қарор.

Лекин Глейзерлар клубнинг баҳосини бундан ортиқ кўтара олмайдилар. Уларнинг баёнотига кўра, «МЮ»нинг мухлислар «армия»си 1,1 млрд.дан кўпроқ. Бироқ бунга ҳеч ким ишонмаслиги аниқ - «иблислар» 2013 йилдан бери чемпионликка эриша олмаяптилар. Боз устига, ички бозорда улар учун жиддий рақобатчи пайдо бўлди - «Ливерпуль» ҳам савдога қўйилди. Бундай вазиятда бадавлат харидор учун икки жамоа ўртасида аёвсиз кураш кечиши аниқ. Шундай харидорларнинг бири - Британиядаги энг бой шахс бўлмиш Жим Рэтклифф. 2020 йилда у «Ницца»ни харид қилган, ўтган йили «МЮ»га оғиз солган, лекин Глейзерлар таклифни рад этишганди. Энди айнан келишув пайти келди. Англиянинг афсонавий клуби америкалик текинхўрлардан халос бўлиб, муносиб соҳибга эга бўлиши мумкин.

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади.

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 23:32, 04.01.2023.
Ўқилди: 1242 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.