"Барселона" ва Испания терма жамоасининг собиқ ҳимоячиси, ҳозирда эса Испания медиа-футбол лигаси президенти Жерар Пике ҳаваскорлар ўртасидаги турнирда профессионал Ла Лига футболчиси ўйнашини маълум қилди.
Пикенинг сўзларига кўра, Ла Лига футболчисининг кимлиги бутунлай аноним бўлади. Футболчи ниқобда ўйнайди. Фақатгина футболчининг ёши 30 дан ошмагани ва у "Буйер Теам" медиа клубида ўйнаши маълум.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг декабрь ойи охирида Пике "Қироллар лигаси" деб номланган Испания медиа лигаси ташкил этилганини эълон қилган эди. Турнирда 12 та жамоа иштирок этади, ўйинлар 7га 7 форматида ўтказилади. Клублар президентлари таниқли блогерлар ва собиқ футбол юлдузларидир. Мисол учун, "Куниспортс"ни аргентиналик собиқ ҳужумчи Серхио Агуэро бошқаради, "1К" жамоасини эса собиқ "Реал Мадрид" ва Испания терма жамоаси дарвозабони Икер Касильяс томонидан бошқаради.