Франция терма жамоаси сардори ва ҳужумчиси Килиан Мбаппега бағишланган «Килиан, бизни кечир» номли сайт ишга туширилди.
Сайтнинг бош саҳифасида қуйидаги мурожаат жойлаштирилган:
«Килиан, бизни кечир. Франция сенга нисбатан ноҳақ йўл тутди. Биз сендан шубҳаландик, танқид қилдик, ношукрлик қилдик. Энди эса барчасини тўғрилаш вақти келди».
Лойиҳа муаллифлари ҳужумчига ишонмаган барча мухлисларни «тавба қилиш» ва петицияни имзолашга чақирмоқда. Айни пайтга қадар ушбу ташаббусни 16 мингдан ортиқ киши қўллаб-қувватлаган.
Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, йиғилган имзолар «Миллий кечиримнинг катта китоби»га жамланади ва ушбу махсус нашр шахсан Килиан Мбаппега топширилади.
Эслатиб ўтамиз, 2026 йил май ойида интернетда Мбаппени Мадриднинг «Реал» клубидан ҳайдаш талаб қилинган петиция ҳам пайдо бўлган эди. Бунга жамоа кийиниш хонасидаги муҳитни издан чиқаргани ҳақидаги хабарлар сабаб бўлган.
Айни вақтда Мбаппе Франция терма жамоаси билан Жаҳон чемпионати–2026да иштирок этмоқда. У мусобақада олтита гол урган бўлиб, Аргентина терма жамоаси сардори Лионель Месси билан биргаликда тўпурарлар рўйхатида пешқадам бўлиб турибди.













