Мадриднинг «Реал» клуби Франция футбол федерацияси президенти (FFF) Ноэль Ле Грэ томонидан Зайниддин Зидан ҳақида айтилган фикрларга муносабат билдирди.
Эслатиб ўтамиз, Зидан Франция термасини бошқаришга даъвогар ҳисобланаётганди. Аммо FFF Дидье Дешам билан ҳамкорликни давом эттиришга қарор қилди. Ле Грэ Зиданнинг номзоди ҳақидаги саволга жавоб бераркан: "Агар Зайниддиннинг ўзи қўнғироқ қилганида ҳам гўшакни кўтармаган бўлардим", — деган мазмунда жавоб берди.
«Реал Мадрид» футбол клуби Франция футбол федерацияси президенти Ноэль Ле Грэнинг жаҳон спорт оламидаги буюк шахслардан бири — Зайниддин Зидан ҳақидаги ачинарли баёнотидан афсусда.
Бу сўзлар бутун жаҳон бўйлаб футбол мухлисларининг меҳрини қозонган инсонга нисбатан ҳурматсизлик ҳисобланади. Клубимиз эса зудлик билан вазиятни ўнглашни талаб қилади. Франция терма жамоаси шарафини ҳимоя қилиб, Жаҳон ва Европа чемпионига айланган Зиданнинг спорт оламида қадри баланд. У буни ўйинчи ва мураббий сифатида профессионал фаолиятида исботлаган.
Франция футбол федерацияси президентининг баёноти ўринсиз. Боз устига, бундай лавозимдаги инсон учун ярашмайди ва уни обрўсизлантиради. У бундай ишни бизнинг сардоримиз, "Олтин тўп"нинг амалдаги соҳиби, Франция терма жамоаси сафида Миллатлар лигаси ғолиб чиққан, беш карра Чемпионлар лигаси ғолиби Карим Бенземага нисбатан ҳам қилганди», — дейилади "Реал" баёнотида.