Ўзбекистон миллий терма жамоасига аъзо футболчилардан бири – Баҳодир Насимов тўп сурадиган Бокунинг «Нефтчи» клуби мавсумни мағлубият билан бошлади.
Сир эмаски, жароҳати сабаб ўзбекистонлик футболчи ўз жамоадошларига ёрдам бера олмаяпти. Бунга қадар Европа чемпионлар лигасининг учинчи босқичида мағлуб бўлган Боку клуби Европа лигасининг плей-оффида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритганди. Озарбойжон Премьер-лигаси ҳам кутилмаганда «Нефтчи» учун мағлубият билан бошланди.
Клуб Европа чемпионлар лигаси саралаши сабаб илк турни қўйиб юборганди. 2-тур билан мавсумни старт олдирган «Нефтчи» «Қорабоғ» меҳмони бўлди ва 0:1 ҳисобида имкониятни бой берди. Насимов эса ўйин қайдномасига ҳам киритилмади. У жароҳати сабаб Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Иорданияга қарши ўйинига ҳам жалб этилмади.