Лионель Месси Аргентина терма жамоаси билан Қатардаги жаҳон чемпионатида ғолибликни қўлга киритгач, эртага илк марта «ПСЖ» сафида майдонга тушиши кутилмоқда.
35 ёшли футболчи таътилни якунлаб, 4 январь куни парижликлар машғулотига қайтганди. L’Équipe тарқатган хабарга кўра, аргентиналик футболчи кеча умумий гуруҳ машғулотида иштирок этган. Шу боис, у Франция чемпионатининг 18-тури доирасида бўлиб ўтадиган «Анжер»га қарши учрашувда иштирок этиши кутилмоқда.
Эртанги ўйинда Неймарнинг майдонга тушиши сўроқ остида турибди. Бразилиялик футболчи жамоанинг кечаги машғулотида қисман иштирок этди. Мураббийлар штаби унинг қанча дақиқа ўйнай олиши мумкинлигини баҳолаганидан кейин бир қарорга келади. Неймар Франция кубоги доирасида ўтказилган «Шатор» клубига қарши ўйинни (3:1) ўтказиб юборди.
Бир ҳафталик таътил олган Килиан Мбаппе ва Ашраф Ҳакимий "ПСЖ" ихтиёрига бугун келиб қўшилишади. Улар эртанги ўйинни ўтказиб юбориб, 19-турдан ўрин олган «Ренн»га қарши баҳсда (15 январь) майдонга қайтиши кутилмоқда.