Аргентина миллий жамоаси Қатар мундиали финалида Франция миллий жамоасини доғда қолдириб, тарихда 3-марта жаҳон кубоги соҳибига айланганини биласиз.
Билмасангиз, улар 1978 ва 1986 йилларда ҳам жаҳон футбол форумида чемпионликни қўлга киритишган. Лекин қуйидаги таҳлилий мақола Аргентина термаси эмас, балки ЖЧдаги Жанубий Америка - Европа рақобати хусусида.
КОНМЕБОЛ - УЕФА - 12:10
Аввало, алоҳида эслатиш керак, КОНМЕБОЛ, яъни Жанубий Америка вакили ЖЧда нақ 20 йиллик танаффусдан кейин ниҳоят, яна тахтга кўтарилди. Лекин жами чемпионлик мақоми бўйича УЕФА (Европа) ҳамон олдинда. Оддий айтганда, тарихдаги 22та мундиалда европаликлар 12 марта, Жанубий америкаликлар 10 марта ғалаба нашидасини суришган. Ҳозирча бошқа конфедерацияларда жаҳон кубоги йўқ. Чемпион жамоалар сони бўйича ҳам Европа олдинда: 12та кубок 5та мамлакат - Германия, Италия, Франция, Англия ва Испанияга тегишли. КОНМЕБОЛ ҳисобидаги 10та олтин медални эса 3тагина жамоа (Бразилия, Аргентина ва Уругвай) таъминлаган.
КОНМЕБОЛ - УЕФА - 29:15
Буниси финаллар ҳисоби. Аргентина термаси Қатарда 6-марта ҳал қилувчи ўйинда қатнашган бўлса, францияликлар 4-финалда майдонга тушишди. Финалларнинг умумий статистикаси бўйича эса УЕФА вакиллари деярли икки баравар олдиндалар. Европаликларнинг бу масаладаги устунликлари 1950 йилдан кейин (ўшанда финал охирги марта Жанубий Американинг икки жамоаси ўртасида кечганди) бошланган. Умуман, ЖЧ тарихидаги 22та финалдан атиги 2таси (1930 ва 1950 йиллар)да Европа вакили иштирок этмаган. Жанубий америкаликлар эса нақ 9та ҳал қилувчи баҳсни ўтказиб юборишган. Айниқса, 21-асрда ўртадаги фарқ тобора катталашмоқда: 2006 йилдан буён КОНМЕБОЛ атиги 2та финал кўрди (ҳар иккиси Аргентина термасига тегишли - 2014 ва 2022 йиллар). Жанубий Американинг финаллар масаласидаги энг яхши даври 1986-2002 йиллар оралиғига тўғри келади. Яъни бу орадаги 5та финалда ҳам УЕФА - КОНМЕБОЛ жанги кузатилди. 2та соф КОНМЕБОЛЧА ҳал қилувчи баҳс эса турнир тарихининг илк даврида бўлганди (1930 ва 1950 йиллар). Қолаверса, Европада нақ 10та финалчи бор. Жанубий Америка ҳисобидаги барча финаллар эса яна ўша 3та чемпион жамоага тегишли.
ГУРУҲДАН ЧИҚИШ ҲОЛАТИ
Европа - Жанубий Америка рақобати хусусида гап кетганида, икки қитъа ЖЧда нечтадан вакил билан иштирок этганини ҳам эътиборга олиш зарур, албатта. Ҳар ҳолда, КОНМЕБОЛ ҳеч қачон 6тадан кўп йўлланмага эга чиққан эмас. Фақат 2 марта - 1930 ва 2014 йилги ЖЧ-(Бразилия термаси мезбон сифатида квота олганди)да Жанубий Америка 6та терма билан қатнашган. Европанинг вакиллиги эса мунтазам ўзгариб турган. Хусусан, 1982 йили турнир иштирокчилари сони 24тага оширилганидан буён УЕФА ҳар сафар 13-14-15та йўлланма олмоқда. Ўша йилдан эътиборан Жанубий Америка камида 4та, кўпи билан 5та квотага эга бўлган. 1998 йили ЖЧ иштирокчилари сони 32тага оширилганидан кейин ҳам ҳолат унча ўзгармади. Боз устига, Уругвай ва Аргентина термалари турнир қаторасига иккинчи марта Европада ташкиллаштирилишига эътироз ўлароқ, иштирокдан бош тортгач, Жанубий Америка ЖЧ-38да энг кам вакил билан қатнашганди.
Гуруҳ босқичида икки томон жамоалари нечоғли муваффақиятли қатнашганини илова шаклида берилган тасвирдан билиб олиш мумкин. Фақат 2010 ва 2014 йиллардаги мундиал Европа учун нисбатан омадсиз бўлди - ҳар икки ҳолатда 13та жамоадан 6таси «плей-офф»га чиқди. 1986-2006 йиллар оралиғи энг самарали даврдир - Европанинг 9-10тадан вакили гуруҳ раундидан кейин ҳам курашда қолди. Қатарда эса «кўҳна қитъа» одатдаги режадан четга чиқди - гуруҳдан «атиги» 8та жамоа чиқди. Жанубий Америка бу борада унча муваффақиятли эмас - гуруҳ босқичида мунтазам равишда жамоаларни йўқотади. Дейлик, КОНМЕБОЛ вакиллари 1986 йилдан буён атиги 3 марта (1986, 1990 ва 2010 йилларда) «плей-офф»га йўқотишсиз йўл олишди. Шунинг баробарида 3 бора катта муваффақиятсизликка учрашди: 1994 ва 2022 йилларда Жанубий Америка 4та вакилидан 2тасини, 2002 йили эса 5тадан 3тасини гуруҳ раундидаёқ йўқотди. Этиборли томони, Қатарда Жанубий Америка ҳам, Европа ҳам гуруҳ босқичида нисбатан кўп йўқотишга учради. Нима, бу учинчи куч курашга шайланаётганидан далолатми?