15 август ФИФА томонидан белгилаб қўйилган халқаро ўртоқлик учрашувлари кунидир. Бундан эса дунёнинг кўплаб мамлакатлари унумли фойдаланиб қолишга ҳаракат қилишади.
Жумладан Миржалол Қосимов мураббийлигидаги Ўзбекистон миллий терма жамоаси бугун Амманда Иорданияга қарши иккинчи ўртоқлик ўйинида майдонга тушади. Икки кун аввал деярли иккинчи таркиб футболчилари билан ҳаракат қилган Ўзбекистон Тимур Кападзенинг ягона голи эвазига ғалаба қозонганди.
Бугунги беллашув Тошкент вақти билан тунгги 1:00да бошланади ва унга «Қирол Абдулла» стадиони мезбонлик қилади. Қайд этиш керак, Ўзбекистон телерадиокомпаниясининг «Спорт» телеканали мазкур учрашувни орадан 1 соат ўтиб, аниқроғи 2:00дан транслация қилишни бошлайди. «Спорт» канали Ўзбекистоннинг Иорданияга қарши 13 август куни бўлиб ўтган биринчи ўйинини ҳам кейинчалик икки марта транслация қилганди.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ЖЧ-2014 саралаши доирасидаги Жанубий Кореяга қарши ўйин учун тайёргарлик кўраётган бўлса, Иордания футбол федерацияси айнан шу мусобақадаги Австралияга қарши ўйин учун Ўзбекистон миллий терма жамоасини рақиб сифатида танлашни маъқул кўрган.
Бугун шунингдек Аҳмаджон Мусаев бошқарувидаги Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Самарқанддаги «Динамо» стадионида Эрон U19 терма жамоасига қарши иккинчи ўйинни ўтказади. Томонларнинг икки кун аввал Тошкентда бўлиб ўтган дастлабки ўртоқлик ўйинларида форслар 3:1 ҳисобида муваффақият қозонишганди.
Ўзбекистон ва Эрон ёшлар терма жамоалари шу йилнинг 3-17 ноябрь кунлари БААда бўлиб ўтадиган Осиё чемпионатига тайёргарлик кўришмоқда. Унда эронликлар БАА, Япония ва Кувайт терма жамоаларига қарши кураш олиб боришса, Ўзбекистон жой олган гуруҳда КХДР, Вьетнам ва Иордания каби мамлакат ёшлари бор.