Мюнхеннинг «Бавария» клуби бошқарув раиси Оливер Кан Мёнхенгладбахнинг «Боруссия» клуби дарвозабони Ян Зоммернинг трансфери борасидаги музокаралар ҳақида гапирди. Клуб аввалроқ футболчи учун 9 миллион евро таклиф қилган «Бавария» таклифини рад этганди.
«Клублар ушбу трансферни муҳокама қилишда давом этмоқда. Зоммер бўйича музокаралар якуний босқичда деб айта олмайман. Биз бошқа вариантларни ҳам кўриб чиқамиз. Кевин Трапп? Бирорта исмни келтиришнинг маъноси йўқ», - дейди Кан.
Эслатиб ўтамиз, «Бавария» мутасаддилари жароҳати туфайли 2022/23 йилги мавсумнинг қолган қисмини ўтказиб юборадиган дарвозабон Мануэль Нойерга ўринбосар қидирмоқда.
Жорий мавсумда Зоммер «Боруссия» сафида 15 та учрашувда 19 та гол ўтказиб юборди ва 4 та баҳсда ўз дарвозаси даҳлсизлигини сақлаб қолди.