Кириш Регистрация

Рустам Ашурматов: «Анчадан буён кучли лигани кўзлаётгандим»

Баҳо:
+ | -

Сизга яхши маъулмки, «Рубин» ниҳоят, Рустам Ашурматов трансферини расман эълон қилди.

Қозон клуби матбуот хизмати хабарига қараганда, 26 ёшли марказий ҳимоячи 3,5 йиллик шартнома остига имзо чекди ва 5-рақамли футболкани қабул қилиб олди. Мавсумлар оралиғида «Рубин» сафига қўшилган ҳамюртимиз шундан сўнг жамоа матбуот хизматига ихчамгина интервью берди.

- Рустам, янги жамоадаги дастлабки таассуротларингиз...  

- «Рубин» сафига қўшилишдаги илк ҳис-туйғулар - шунчаки, супер. Ўзи анчадан буён кучли лигада ўйнашни орзу қилардим. Шундай экан, «Рубин» оиласига келганимдан хурсандман. Клуб ёзда ҳам мурожаат қилганди, аммо ўша пайт «Навбаҳор» билан шартномам борлиги туфайли Қозонга келолмагандим. 

- Жамоада қандай кутиб олишди? Йиғиннинг илк кунлари қийналмадингизми? 

- Ҳаммаси ажойиб. Футболчилар ва мураббийлар бундай илиқ қарши олишларини кутмагандим, очиғи. Жуда ёқимли бўлди, ўзимни анчадан буён шу клубда ўйнаётгандек ҳис қилдим. 

- «Рубин»да ҳамюртингиз Умарали Раҳмоналиев ҳам бор. Мослашиш борасида бир-бирингизга ёрдам бер­япсизларми? Яна кимлар билан яқинроқ танишиб олдингиз? 

- Умарали ҳам яқиндагина келди. Табиийки, имкон қадар бир-биримизни қўллаймиз. Умуман, «Рубин»нинг барча футболчилари билан яхши чиқишиб кетдим, ўзаро муносабатлар зўр. 

- Россияда ҳаво ҳарорати анча паст. Совуқда ўзингизни қандай тутасиз? Нолдан паст даражали ҳароратда ҳам ўйнашга тайёрмисиз? 

— Ўзбекистонда ҳам қиш совуқ келади ва бунга кўникканмиз. Тўғри, Россияда совуқроқ, лекин бундай шароитда ўйнаш имконсиз эмас. 

- Ўз ҳақингизда маълумот берсангиз - қайси позицияда ўйнайсиз, кучли томонларингиз...? 

- Амплуа бўйича марказий ҳимоячиман. Ўйлайманки, мураббийлар мендан айнан шу позицияда фойдаланишади. Кучли жиҳатларим? Бу ҳақда гапиришим ножоиз. Яхшиси, барчасига мураббий ва мухлислар баҳо беришсин. 

- Жорий мавсум олдингизга қўйган мақсадингиз... 

- Албатта, «Рубин» РПЛга қайтиши керак. Бу борада жамоага қўлдан келганича ёрдам берсам, бас. 

- Қозон ҳақида нималарни биласиз? 

- Шаҳар ҳақида кўп эшитганман, аммо биринчи марта бораман. Жуда гўзал шаҳар ва тарихини чуқурроқ билишни хоҳлайман.

«Рубин» матбуот хизмати Туркияда   бошланган йиғинга жалб этилган футболчилар рўйхатини эълон қилди. Унда икки ҳамюртимиз - Рустам Ашурматов ва Умарали Раҳмоналиев ҳам бор. Демак, легионерларимиз аллақачон Татаристон клуби машғулотларига қўшилишган. Дарвоқе, «Рубин» ушбу йиғини доирасида Ашурматовнинг собиқ клуби - «Навбаҳор» билан ҳам ўйнайди. Маълумот учун, Юрий Уткульбаев бошқараётган Қозон клуби айни пайт Россия чемпионати Биринчи дивизионида 37 очко билан 3-ўринда бормоқда. Жамоа мавсумнинг иккинчи қисмидаги илк расмий учрашувни 5 мартда ўтказади. «Рубин» шу куни аутсайдерлардан бири - «Кубань» меҳмони бўлади.

 

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 08:42, 18.01.2023.
Ўқилди: 2211 марта.
Фикрлар: 4 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.