Инглиз футболи тарихидаги энг катта баҳслардан бири якшанба куни ўтказилади. Унда супер спорт-формасидаги "МЮ" Лондоннинг "Арсенал" клуби майдонига сафар қилиши белгиланган. Ушбу ўйиннинг қизғин қиладиган факторлар жуда кўп. Улар ичида энг оддийларидан бири "МЮ"нинг бир ҳафта олдин "Манчестер Сити"ни мағлуб этганидир (2-1). Шунингдек, "Арсенал" ҳам ўзаро ҳисоб-китобда "Тоттенхэм"ни таслим қилган эди (2-0). Айни дамда бу икки жамоа ўртасидаги очколар фарқи 8 тани ташкил этмоқда. Ғалаба Эрик тен Хаг шогирдларини чемпионлик пойгасига олиб киради. Аммо бу осон бўлмаслиги аниқ. Чунки рақиб – "Арсенал".
Микель Артета жамоаси АПЛ мавсуми давомида фақат бир марта мағлубият аламини тотиб кўрган. У ҳам бўлса "МЮ"га қарши, сафарда кечган баҳс эди (3-1). Ҳа, бу жамоани олдинда ўта мураккаб бўлган икки ой кутиб турибди. Эртага, борди-ю, мағлубиятга учралса, келажакдаги натижалар ҳам ўзгариб кетиши ҳеч гап эмас.
Бошқа томонда 13 марта Англия чемпионлари фантастик даврни бошдан ўтказмоқда. Сифатли ва чиройли ўйинлар орқали манкунианликлар ғалабали сериялар қайд этиб келди. "Кристал Пэлас"га қарши дурангни истисно қилган ҳолда айтиш мумкинки, бу жамоани тўхтатадиган куч топилмаяпти. Аммо эртанги баҳсда Лондондаги эҳтимолий мағлубият, "қизил иблислар"ни осмондан тўғри ерга олиб тушиб қўяди. Қуйида икки жамоанинг заиф ва кучли томонларини кўриб чиқамиз.
"МЮ" ҳимояси ўзгарди
Олдинлари клублар асосан классик, 4-4-2 схемасидан фойдаланган. Ҳозир эса бу нарса ўзгарди. Айни дамда шундай тенденсия ривожландики, жамоалар ҳудудлар орасидаги масофани қисқартириш йўли билан зич ҳаракат қила бошлади. Бу усул ҳимояланишда асқотади, албатта. Зичланиш ва зонал ҳимоя рақиб футболчиларини ўз ҳудудидан сиқиб чиқаришда ёрдам беради. "МЮ" ҳам бундан мустасно эмас. Аммо Эрик тен Хаг ҳимояланишда устаси фаранг эмас. Буни "Манчестер Сити"га қарши баҳс кўрсатиб берди. Чунки "шаҳарликлар" зонал ҳимояни ёриб ўтишда жуда ҳам катта тажрибага эга. Аммо вазиятлардан фойдалана олмаслик, Гвардиолага панд берган.
"МЮ" қаршу ҳужуми – "олов"
Жозе Моуриньо ва Оле Гунар Сульшер даврларида "Манчестер Юнайтед" қарши ҳужумга асосланган футболга мослаштирилди. Гарчанд сўнгги пайтда жамоа кўпроқ тўп назоратига ҳам интила бошлаган бўлсада, барибир клубнинг хавфли хусусияти ҳимоядан ҳужумга ўтиш тезлиги бўлиб қолаверди. Айнан мана шу нарсадан тен Хаг ушбу мавсум давомида муваффақиятли фойдаланиб келмоқда. Асосий таркибда Фернандеш, Эриксен ва Каземиро каби узатма қиролларининг бўлиши, Рэшфорд, Санчо ва Антони каби тезкор ҳужумчиларнинг борлиги, тен Хагга айни муддао эди. Эртанги баҳсда ҳам шубҳасиз, биз қарши ҳужумларга гувоҳ бўламиз. Уларни эса асосан манчестерликлар ижро этса, ажаб эмас.
"Арсенал" "МЮ"га қарши нима қила олади?
Энди "Арсенал"га тўхталиб ўтсак. Эрик тен Хаг "МЮ"ни ўнглади. Аммо жамоада ҳали ҳам муаммолар бор. Шулардан бири, "қизил иблислар" кучли ва тинимсиз прессингга туриб бера олмаслигидир. Буни "Манчестер Сити" аниқ ва равшан исботлаб бера олди. "МЮ" нидерландиялик мутахассис билан бирга тўп билан қандай муомала қилишни қайтадан ўргана бошлади. Аммо "Манчестер Сити" каби жамоалар ҳеч қачон рақибга тўпни узоқ вақт бериб қўймайди. "Арсенал" эса "шаҳарликлар"дан "ранг" олган. Гвардиола билан ишлаган Артета ўз жамоасини кучли прессинг билан ўйнашга ўргатди. Аммо бу босим мақсадли бўлиши ҳам керак. "Тўпчилар" босим билан ўз рақибини қамал қилади ва ўрни келганда кескин алмашинувларни амалга оширади. Келаётган ўйинда ҳам айнан шундай услуб, "Арсенал" томонидан қўлланиши кутилмоқда. Бу эса "қизил иблислар"га муаммо демакдир.
"Арсенал"да яхши ҳужум бор, аммо ҳимоя...
Лондон жамоасининг ҳужуми қандай эканини ҳамма яхши билади. Аммо қарши ҳужум пайтида ҳимоя чизиғи ҳам ўз ишини маромига етказиб бажариши керак. Акс ҳолда, ҳаммаси чаппасига айланиб кетади. Мана шу нарса "Арсенал"нинг нозикроқ нуқтасидир. "МЮ" қарши ҳужумларда мастер саналади. Буни биринчи даврада ҳам исботлай олган.
Хўш буларнинг бари нимани англатади?
Ҳозир барчаси "Арсенал"нинг ўз қўлида. Улар вазиятни назорат қилмоқда. Аммо "Манчестер Юнайтед"га ютқизиқ, барчасини мураккаблаштириб қўяди. "Emirates"да ғалаба қозониш эса Эрик тен Хагни чемпионликка даъво қила бошлаганини англатади. Аммо дуранг ҳам "МЮ"га ёмонлик олиб келмайди. Шунга қарамай, "Арсенал" қасос ўтида ёнмоқда. Артета йигитлари "Олд Траффорд"даги мағлубият учун ўч олишни истайди. Бунинг учун уларда етарлича қуроллар мавжуд.
Нима бўлган тақдирда ҳам, эртага биз икки фантастик мураббий ва улар тарбиялаётган катта юлдузларнинг майдондаги жангига гувоҳ бўламиз. Кутинг, мавсумнинг энг чиройли ўйини бўлишга даъвогар баҳс яқин!
Жалолиддин ИСМАТОВ таржимаси