"Арсенал" айни дамда жорий мавсумнинг расман ярмини ортда қолдирди. Жамоа 19 та ўйинда 50 очко тўплаб турибди ва бу клубнинг энг яхши натижаси саналади. Қуйида "Арсенал" нега чемпион бўлиши керак деган саволга жавоб берилади.
Кучли ҳимоя
Фергюсон бир пайтлар чемпионлик ҳақида шундай деганди: "Ҳужум сизга ўйинларни ютиб беради, ҳимоя эса титулларни".
"Арсенал"нинг Венгер ва Эмери давридаги нозик нуқтаси ҳимоя бўлиб қолаётганди. Бу "дард"ни Микель Артета даъволай олди. Ҳозирда бу клуб АПЛнинг ҳимоя борасида иккинчи энг яхши жамоаси саналади. Салиба ва Габриэлнинг тартибли ҳимояланиши ва Рамсдейлнинг маҳорати жамоага 19 та ўйинда атиги 16 та гол ўтказиш имконини берди.
Уй ўйинларидаги муваффақият
2006 йилдан бери "Арсенал" янги стадионда ҳаракат қилади. Аммо бу жой жамоага ҳақиқий омад олиб келмади. Чунки мухлислар стадионда ҳақиқий ижобий муҳит ярата олмаётганди. Бу муаммога ҳам Артета ечим топди. Испан мураббийи "Emirates"ни ақлбовар қилмас стадионга айлантирди ва мухлисларни бирлаштирди. "Арсенал" 19 та ўйиндаги 9 та уй учрашувида 8 та ғалаба 1 дуранг қайд этиб турибди.
Ментал устунлик
Яқин йиллар ичидаги бу жамоанинг камчилиги менталитет билан боғлиқ бўлиб қолганди. Айнан шу сабабли "Арсенал" ўтган мавсумда ЕЧЛ йўлланмасидан сўнгги турларда қуруқ қолди. Жамоанинг ақлий салоҳияти ҳозир мутлақо бошқача. Улар ҳар бир очко учун курашмоқда. Буни "Астон Вилла", "Фулхэм" ва "МЮ"га қарши баҳсларда кўрсата олди. Бунда Габриэл Жезус ва Олександр Зинченколарнинг қўшган ҳиссаси алоҳида таъкидга лойиқдир.
Эдегор ва Саканинг юқори формаси
Ҳар бир чемпионликка даъвогар жамоада юлдузлар бўлиши керак. "Арсенал"да шундай номлар пайдо бўлди. Мавсум қаҳрамонлари Эдегор ва Сакадир. Масалан, Сака 19 ўйинда 7 гол ва 7 ассистни амалга оширди. Жамоа сардори бўлган Эдегор эса АПЛнинг энг кўп гол урган ярим ҳимоячиси бўлиб турибди (8 та).
ЕЧЛга бўлган ҳарислик
"Арсенал"нинг ўтган мавсумдаги ЕЧЛсиз қолиб кетиши янги масвумдаги юксалишга туртки берди. "Манчестер Сити"дан фарқли равишда лондонликлар мавсумда фақатгина АПЛни ютишга ҳаракат қилади. "Шаҳарликлар"га эса Англия тожи керак эмас. Улар ЕЧЛ дардида ёнмоқда.
Жезуснинг қайтиши ва таркибнинг ёшлиги
Тан олиш керакки, "Арсенал" бир синовдан ўтиб олди. У ҳам бўлса, Габриэл Жезуснинг йўқлиги эди. Жаҳон чемпионатидан жароҳат билан қайтган Жезус, "Арсенал"га ёрдам бермаяпти. Аммо жамоада тушиш кузатилгани йўқ. Ҳаммаси жойида. Нкетиа Жезус ўрнини боса олди ва 5 ўйинда 4 та гол урди. Таркибнинг ёшлардан ташкил топгани Артетага ўйинни осон назорат қилишда ёрдам беради.
ИСМАТОВ Ж.