Кеча Осиё футбол конфедерациясидан мамлакатимизга ташриф буюрган нуфузли меҳмонлар делегацияси Бекобод шаҳрида бўлишди. Осиё футбол конфедерацияси Ёшлар кенгаши аъзолари Сеед Миршад Мажеди ва Бассем Муҳаммад Тошкент вилоятининг энг шимолий ҳудуди – саноат шаҳрида миллионлар ўйинига берилаётган эътибор ҳамда болалар футболини ривожланиш стратегияси – клуб қошида фаолият юритаётган футбол академияси билан яқиндан танишишди.
Ўзбекистон футбол ассоциацияси вакиллари Маъмур Саидқосимов ҳамда Бахтиёр Ширинов ҳамроҳлигида меҳмонлар «Металлург» футбол клуби тизимидаги «Эл Голасо» футбол академиясидаги шарт шароитларни кўздан кечиришди: академия ўқув биноси, ётоқхона, овқатланиш тизими, табиий ҳамда сунъий қопламали футбол майдонлари, тренажер зали, «Ёшлик» спорт залида бўлишди. Футбол академиямиз нуфузини ошириш борасида берилган тақдимотда кўрсатилган барча бандларни синчковлик билан ўрганишди. Тақдимотнинг аслиятга қанчалик мос ва тўғри келишини қиёслашди.
Ташриф якунида ОФК делегацияси аъзолари «Эл Голасо» футбол академиямизнинг нуфузли меҳмонлари дафтарига дил изҳорларини қолдиришди. Шу ўринда қайд этиш керак, мутахассислар Осиё футбол конфедерацияси Элита ёшлар футболи регламентининг уч юлдузли элита ёшлар схемасига тўлиқ аъзолик учун ЎФА томонидан топширилган аризани баҳолаш мақсадида Бекободдан ташқари Урганч ҳамда Наманган шаарларида ҳам бўлишади. Ўзбекистонга ташриф 27 январь санасида поёнига етади. Ўрганишлардан сўнг футбол академиялари, профессионал футбол клублари қошидаги академиялар юзасидан хулосалар тақдим этилади.