Таиландда бўлиб ўтган бокс бўйича U22 Осиё чемпионатида Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси катта устунлик билан умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни қўлга киритди.
Делегациямиз турнирда жами 11та медални қўлга киритишган бўлса, шуларнинг 9 таси олтин бўлди. Финал баҳсида 10 нафар боксчимиз рингга кўтарилди. Уларнинг тўққиз нафари ғалаба қозониб, олтин медалга сазовор бўлди. Битта боксчимиз финалда имкониятни бой берди ва кумуш медаль билан юртимизга қайтади. Яна битта нафар боксчимиз бронза медалини қўлга киритганди.
Терма жамоамиз сафида қуйидаги боксчиларимиз совриндор бўлишди:
Олтин:
-60 кг: Дилшод Абдумуродов
-63,5 кг: Шаҳбоз Юнусалиев
-67 кг: Бекзод Ҳамидов
-71 кг: Нурислом Исмоилов
-75 кг: Аълохон Абдуллаев
-80 кг: Жасурбек Йўлдошев
-86 кг: Шоҳжаҳон Абдуллаев
-92 кг: Нусрат Тоҳиров
+92 кг: Жаҳонгир Зокиров
Кумуш:
-48 кг: Шодиёр Мелиқўзиев
Бронза:
-51 кг: Муҳаммадқодир Мамиржонов
Маълумот учун, йигитлар терма жамоамиз мусобақага 13 нафар боксчи билан йўл олганди.
Эслатиб ўтамиз, кеча мусобақа доирасида қизларимиз 5 та олтин, 3 та кумуш ва 2 та бронза медали билан умумжамоа ҳисобида биринчи бўлишганди.
Демак, Ўзбекистон терма жамоаси U22 Осиё чемпионатини қизлар ўртасида ҳам, йигитлар ўртасида ҳам, умумжамоа ҳисобида ҳам биринчи ўринда якунлади!
Терма жамоамиз аъзолари 28 январь куни соат 16:00да Тошкентга қайтиб келишади.