Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Беназир. «Барселона»да таржимон бўлган Жозе Моуриньонинг Каталониядаги саргузаштлари

Баҳо:
+ | -1

Европа футболининг етук мутахассисларидан бири Жозе Моуриньо 26 январь куни 60 ёшни қарши олди. Ушбу мақола таржимонликдан дунёнинг энг буюк мураббийларидан бирига айланган инсоннинг Барселонадаги ҳаёти ҳақида ҳикоя қилади.

2006 йилнинг март ойида “Челси” Европа Чемпионлар Лигаси плей-офф босқичида “Барселона”га қарши ўйнаш учун Каталонияга келади. Уни каталон мухлислари “Tra-duc-tor! Tra-duc-tor!”, — дея куйлаган ҳолда кутиб олади. Таржимон. “Барселона” президенти Хосеп Луис Нуньес португалиялик мутахассисни шундай атарди. Гарчи, Моуриньо Каталония пойтахтида ўтказган тўрт йилининг бор-йўғи биттасида таржимон бўлиб ишлаган бўлса-да.

Бир неча йиллар аввал ўшанда ҳеч ким танимайдиган Жозе жуда машҳур Бобби Робсоннинг ортидан Барселона шаҳридаги Эл Прат аэропортига келиб қўнади. Моуриньо инглиз мутахассиси билан Португалияда бирга ишлаганди. Жозе таржимонликдан ташқари, рақиб жамоа ҳақида ҳисоботлар тайёрларди, эски мактаб вакили ҳисобланган Робсон унинг ишига қойил қолар, бироқ ҳисоботларга деярли эътибор қаратмас эди. Англиянинг шимоли-шарқидан бўлган мутахассис ҳужумкор футболга ишонар ва унинг майдон четидан “Қани, олға йигитлар! Қани, қани ҳаракат қиламиз!”, деган ҳайқириғидан кейин барча тактик чизмалар бир пулга қиммат бўлиб қоларди.

Барселонада Моуриньо Робсон жамоага киришиб кета олмаётганини дарҳол сезди. Гап тактика ёки тилда эмасди. Стоичков, Гвардиола, Надал, Бакеро, Амор, Феррeра ва Серхилар учун янги мураббий жуда оддий кўринди. Ўзининг биринчи машғулотида Бобби Робсон тиззалаб олди ва тактик қўлланмани полга чиза кетди. Футболчилар шок ҳолатига тушиб қолганди: Йохан Кройфнинг шоҳона тарбиясини олган футболчилар учун “мистер”нинг (Испанияда бош мураббийларни шундай аташар эди) бундай ҳаракатлари ноодатий ҳол эди.

Шу сабаб жамоа билан алоқаларни Моуриньо йўлга қўярди. У футболчиларнинг ҳаёти билан қизиқар ва ҳар бир кичик детални ҳам эътибордан четда қолдирмасди. Буни кийиниш хонаси “сенаторлари”, айниқса Пеп Гвардиола юқори баҳоларди. Бундан ташқари, Жозе каталон тилини ўрганишни бошлади, бу унга ОАВ билан бўладиган мулоқотни осонлаштирарди. Бобби Робсон матбуот анжуманларида деталларга тўхталишни ёқтирмасди ва саволларга жуда қисқа жавоб берарди. Моуриньо эса уни бойитиб таржима қилар, буни инглиз тилини тушунадиган журналистлар алоҳида эътироф этарди.



Моу ёш Роналдонинг жамоага мослашишига ёрдам берди, бундан ташқари таржимоннинг футболчиларни ҳимоя қилиши жамоага хуш келарди. Кройф “Барселона”дагиларга мураббий доим ўз ўйинчиларини ҳимоя қилиши кераклигига ўргатганди. Масалан, ўйинларнинг бирида Альберто Ferreр ортидан икки оёқлаб ташланган “подкат”дан кейин оғир жароҳат олади, Кройф эса майдонга тушиб келади ва шогирдига нисбатан қўполлик қилган ўйинчига тарсаки тортади. Албатта, мураббий дисквалификация қилинади, бироқ жамоа унинг бу ҳаракатини юқори баҳолайди. Моуриньо ҳам шундай ҳаракат қилишга интиларди.

1996 йилнинг ноябрида “Барселона” Примерада мавсумдаги илк мағлубиятини қабул қилиб олади. Бильбаодаги баҳсда “Атлетико” ҳимоячилари Айтор Каранка, Серхио Корино ва Иниго Ларраинсар “Барса” ҳужуми вакиллари Роналдо, Жованни, Фигу ва Луис Энрикени синдириб ташлаганди. Навбатдаги қўполликдан кейин Гвардиола “Атлетик” бош мураббийи Луис Фернандес юзида табассумни кўради ва унга бақира кетади: “Сен нимага куляпсан?!”. Шундан кейин икки жамоа захира ўриндиғидагилар ўртасида тортишув бошланади. Луис Фернандес ўша вақтда Робсон билан гаплашмоқчи бўлади, инглиз мутахассиси эса худди ҳеч нимадан хабари йўқ одамдек беэътибор турарди.

Бироқ Фернандеснинг ёнига Моуриньо  келади ва уни турта бошлайди. “Сен ўзи кимсан?! — бақиради Фернандес. — Мен сени танимайман! Мен Робсон билан гаплашяпман, унинг таржимони билан эмас!”.

“Мен таржимон эмасман!” — ундан қолишмаган ҳолда бақиради Моуриньо.

Жамоа бундай лаҳзаларни ёдда сақлаб қолади. Ўйинчилар Робсоннинг четда қолганини ва Моуриньонинг жазавага тушганини эслаб қолди. Улар таржимонни ўз давраларига қўшди. Йохан Кройф кетганидан кейин тактика ҳақида гаплашадиган одам қидираётган Гвардиола учун Жозе мукаммал суҳбатдош бўлди. Хосе Мария Бакеро Моуриньонинг хонасига келади ва ундан Мексиканинг “Варакрус” жамоасига ўтиши ва хайрлашув ўйини ўтказиши ҳақида гаплашади. Анча журъатли бўлишга улгурган Моуриньо расмий баёнотлар беришни бошлайди. Хусусан, “Барселона” футболчилари қизил карточка оладиган вазият “Реал”да бўлса, уларга сариқ карточка берилиши ҳақидаги гаплари каталон матбуотида жуда машҳур иқтибосга айланади.

Охир-оқибат Моуриньо майдон четидан футболчиларга мустақил равишда кўрсатма бера бошлади. Бобби Робсон эса Моунинг бу ҳаракатларига ҳасад қилмас — ҳар ўйин олдидан рақиб ҳақида тактик ҳисоботлар тайёрлайдиган таржимонда мураббийлик қалби яшаётганини ҳис қиларди. Робсон ҳимоя чизиғига катта эътибор қилмасди, шу сабаб, 1997 йилдан бошлаб Моуриньо “Барселона” ҳимоясига жавоб берадиган шахсга айланди.

1996/97 йилги мавсумда “Барселона” Кубок эгалари Кубоги, Испания Кубоги ва Суперкубогини қўлга киритди, миллий чемпионатда 102 та гол урди, бироқ якунда Примeра олтин медалларидан қуруқ қолди.

Барча ўйинлар якунлангач, Моуриньо Барселонадан 36 километр нарида жойлашган Робсоннинг уйида меҳмон бўлди. У вақтда Хосеп Луис Нуньес Луи ван Гал билан музокаралар олиб бораётгани ва Бобби Робсон жамоани тарк этиши аён бўлганди. Робсон Моуга “кўк-анорранглилар” жамоасида қолишни, ван Гал билан алоқа ўрнатиш ва бу “жин ургур”дан сабоқ олишни маслаҳат берди.

Истиқболли португалиялик тезда ван Галнинг ҳам эътиборига тушди. Моуриньо нидерландиялик мутахассиснинг ёрдамчиларидан бирига айланди (Нуньес уни ҳали ҳамон таржимон деб атарди). Жозе кўпинча ўйинни захира ўриндиғида эмас, трибунадан кузатиб борарди: ван Гал ўйиннинг бориши юқоридан аниқроқ кўринади ва ёрдамчи керакли маслаҳатларни бериши мумкин деб ҳисобларди. “Жуда кибрли, бироқ жуда ақлли. У мен билан тортишишдан қўрқмасди ва охир-оқибат мен унга қолган ёрдамчиларимдан кўпроқ қулоқ солардим”, — дея эслайди ван Гал. Ишонч шу даражага етиб бордики, Моу Каталония Кубоги ва Испания Кубогининг дастлабки босқичларида жамоани бошқарадиган бўлди.



Моуриньонинг мақсадлари ўсиб бораверди ва у 1999 йилда “Барселона”ни тарк этиш ҳақида ўйлай бошлади. Расмий алоқаларнинг узилиши 2000 йилга тўғри келди, Моуриньо ўша куни Гвардиола, Абелардо, Фигу, Серхи ва Луис Энрике билан тушлик вақтида кетишини маълум қилди. У ёз давомида ишсиз юрди, Робби Бобсоннинг таклифини рад этди — инглиз мутахассиси уни “Ньюкасл”да ўзига ёрдамчи қилиб олмоқчи бўлганди. Жозе эса “Бенфика”дан таклиф кутарди.

Моуриньо “Бенфика”да бор-йўғи уч ой ишлади, у клуб президенти билан тортишиб қолади ва ишдан бўшайди. Кейин эса ўртамиёна “Лейрия”да иш бошлайди. Жозе жамоа билан Португалия чемпионатида тўртинчи ўринни эгаллаб, сенсация қайд этади ва “Порту”дан таклиф олади. Мутахассис “Порту” бошқарувида Европа Чемпионлар Лигасида ғолиб чиқади.

Special One’нинг кейинги тарихини жуда яхши биласиз ва унга бафуржа тўхталиб ўтишнинг ҳожати йўқ деб ҳисобладик.

Манба: daryo.uz
Киритилди: 13:08, 27.01.2023.
Ўқилди: 2421 марта.
Фикрлар: 4 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.