Кириш Регистрация
14/11 05:00 Уругвай - Колумбия
14/11 05:00 Перу - Чили
14/11 14:10 Австралия 0-0 Саудия Арабистони
14/11 17:00 КХДР 2-3 Эрон
14/11 19:00 Баҳрайн 0-1 Хитой
14/11 19:00 Кувайт 1-3 Жанубий Корея
14/11 21:00 Уммон 1-0 Фаластин
14/11 21:15 Ироқ 0-0 Иордания
14/11 21:15 Қатар 3-2 Ўзбекистон
14/11 21:15 БАА 3-0 Қирғизистон
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия - Япония

Фарҳод ТОЖИЕВ: «Мираброр усмоновнинг ёрдами туфайли яна футболга қайтдим»

Баҳо:
+ | -

Иқтидорли ҳужумчи Фарҳод Тожиев иккинчи даврани «Шўртан» клубида давом эттираётганидан хабарингиз бор. «Пахтакор» жамоаси тарбияланувчиси саналган ҳужумчи иккинчи даврадан бошлаб тўлиқ ғузорликлар аъзосига айланди. Тожиев оғир жароҳатдан кейин «Пахтакор»да ўз ўрнини топиши қийин кечди. Бундай вазиятда унинг учун энг тўғри йўл – бошқа клубда ўзини синаб кўриш эди. Шу боис ҳам Фарҳод «Шўртан» чақирувига лаббай деб жавоб қайтарди. Футболчи оғир жароҳатидан кейин ўзини йўқотиб қўйгани йўқ. Мана, «Шўртан»га келиб учта учрашувда иккита гол уришга эришди. «Андижон»га қарши баҳсдан кейин Фарҳод билан боғландик.  

— «Шўртан» — «Андижон» учрашувида қайд этилган 6:1 ҳисоби кўпчилик учун бироз кутилмаган натижа сифатида туюлмоқда. Сизлар учун ҳам ушбу ҳисобни кутилмаган дейиш мумкинми?
— Ҳа, шундай деса ҳам бўлади. «Шўртан»га келганимдан кейин шуни билдимки, «Андижон» жамоасини мағлуб этиш жамоам учун бир мунча қийин бўлиб келган экан. Шу сабабли ушбу учрашувга биз жуда жиддий тарзда тайёрландик. Эътибор юқори даражада бўлди деб айта оламан. Андижонликларга қарши ўйинга қадар Эдгар Гесс бизга ҳар куни турли хил тактикаларни ўргатиб борди. Тўғри, бу қадар йирик ҳисоб бўлишини ҳеч ким ўйламаганди. Барча футболчилар ўз имкониятини ишга солиб ўйнашгани учун ҳам шундай ҳисоб қайд этилди деб ўйлайман.

— Иккинчи даврада «Шўртан»га қўшилганингиздан кейин жамоа ҳам муваффақиятли тарзда иштирок этмоқда. Бу нима билан боғлиқ?
— Бу вазиятда мураббийнинг ҳиссаси жуда катта деган бўлардим. Эдгар Гесс барча ўйинчиларни бирдамликка чақирди. Ҳар бир мураббий ҳам бундай ишни эплай олмайди. Яна бир бор бош мураббийнинг кучли мутахассис эканлигига амин бўлдим. Футболчилар фақат жамоавий ўйин кўрсатишяпти. Мен шундай жамоага ўтганимдан хурсандман.

— Янги жамоангиз сафида учта ўйинда иккита гол урдингиз. Бу ёмон натижа эмас, шундайми?
— Ўйлайманки, бу натижа ҳақиқатдан ёмон эмас. Нимагаки, мен бир ярим йил давомида жароҳат олиб ўйнай олмадим. Табиийки, бу пайтда мен ўз ўйинимни йўқотгандим. Эдгар Гессга эса алоҳида миннатдорлигимни билдираман. У мени тушуниб, ишонган ҳолда майдонга туширяпти. Бундан буёғига ҳам мураббийлар ишончини оқлаб кўпроқ голларим билан «Шўртан»га фойда келтиришга ҳаракат қиламан.

— «Пахтакор»даги ўйинларингиз орқали мухлисларга танилгансиз. Энди бўлса, бу жамоа билан алоқани буткул уздингиз ва тўлақонли равишда «Шўртан» аъзосига айландингиз. Ўзи бу вариант қандай пайдо бўлганди?
— Тўғрисини айтсам, 3-4 йилдан бери «Шўртан» мени ўз сафида кўришни истаб таклиф билан чиқарди. Лекин бу трансфер сира амалга ошмай келаётганди. Бу сафар эса иккала томон келишишди. «Шўртан»га ўтганимдан мамнун бўлдим. Айтишим керакки, «Пахтакор» кучли жамоа. У ерда яхши савиядаги футболчилар бор. Мен фурсатдан фойдаланиб «Пахтакор»га раҳмат дейман. У ерда тўп суриб озми-кўпми халққа танилдим, тажрибамни оширдим. Ўзим ҳам жамоани ўзгартириш орқали ўз ўйинимни топиб олиш ҳақида ўйлаётгандим.

— Демак, «Пахтакор»дан «Шўртан»га ўтишингиз сиз учун ҳам ҳар томонлама фойдали бўлди деса бўлади, тўғрими?
— Ҳа, шубҳасиз. Мен «Пахтакор»да анчадан бери ўйнамаётгандим. Чунки яқинда икки марта операция столига ётдим. Клубдаги рақобат эса кучли. «Шўртан» эса мен учун жуда қулай вариант эди. Бу жамоа таркибида тўп суриб ўз ўйинимни топиб олишимга ишонаман. Бу борада мен учун ҳамма имкониятлар мавжуд.

— Бунгача бир ярим йил давомида майдондан ташқарида юрдингиз. Германияга бориб операция қилдирдингиз...
— Мени яна оёққа туришимда Ўзбекистон футбол федерациясининг президенти Мираброр Усмоновнинг жуда катта ҳиссаси бор. Агар у инсон бўлмаганида мен яна футболга қайта олмаган бўлардим. ЎФФ биносига бориб Мираброр Зуфарович билан учрашиб у кишига ҳолатимни ётиғи билан тушунтирдим. Футболимиз раҳбари чиндан ҳам футболнинг ашаддий ишқибози. У футболчиларни ҳамма вақт қўллаб-қувватлашга тайёр. Буга эса мен ўзимнинг мисолимда амин бўлдим. Бор имкониятини ишга солиб мени яна футболга қайтишимга катта ёрдам берди. Футболчиларга ҳаттоки, жонини беришга ҳам тайёр экан. Мен эса ўз навбатида бор кучим билан Ўзбек футболининг ривожи учун қўлимдан келган барча ишларни амалга ошираман.

— Футболдан ташқари ҳолатга тушиб қолганингизда тушкунлик аломатлари сезилдими?
— Тушкунлик бўлди. Мираброр Усмонов билан учрашмагунимга қадар шундай тушкунлик менда бор эди. Футболимиз раҳбари билан гаплашганимдан сўнг олдинги интилиш пайдо бўлди. Мени руҳан қўллаб-қувватлади. Кейин ўзимни анча тетик ҳис қила бошладим.

— Ҳозирги пайтдаги ҳолатингиз қандай? Ҳаммаси ортда қолдими?
— Кўз тегмасин муаммо йўқ. Оз-моз оғриқлар бўлиб туради. Буни шифокорлар олдин айтишганди. Лекин мен бунга аҳамият бермаслигим керак. Операциядан кейин 1-2 йил шундай майда-чуйда оғриқлар бўлиб туриши ҳақида айтишган. Умуман олганда ўзимни жуда яхши ҳис қиляпман.

— Кейинги турда «Шўртан» «Пахтакор» меҳмони бўлади. Бу ўйин сиз учун алоҳида аҳамиятга эгами?
— «Пахтакор»га қарши ўзимни нималарга қодирлигимни синаб кўрмоқчиман. Лекин бу ўйин мен учун алоҳида аҳамиятга эга деб, алоҳида тайёргарлик кўриш режам йўқ. Шунчаки собиқ клубимга қарши қандай ўйнай олишим ўзим учун ҳам қизиқарли туюлмоқда. Собиқ клубимга қарши ҳали ҳеч қачон ўйнамаганман. Шунинг учун бу учрашув менга жуда яхши дарс бўлиши мумкин. «Динамо»да тўп сурганимда ҳам «Пахтакор»га қарши тўп сурмаганман.

— Ўша ўйинда ғалаба қозонишни қанчалик хоҳлаяпсиз?
— Мен «Шўртан» футболчисиман. Ҳар бир ўйинчи ютишни истайди, ютқазгиси келмайди. «Пахтакор»да ҳамма менинг яқинларим ҳисобланади. Энг муҳими, чиройли ўйин бўлишини истардим. «Пахтакор» менинг биринчи мактабим саналади. Шу ерда катта футболга қадам босганман. «Шўртан» эса менинг ҳозирги иш фаолиятим ҳисобланади.

Шуҳратбек ЖЎРАЕВ суҳбатлашди.

Манба: www.fcshurtan.uz
Киритилди: 14:26, 22.08.2012.
Ўқилди: 4794 марта.
Фикрлар: 23 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.