Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон 2-0 Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

Дэнни Ингз: «Билганим – «Вест Хэм»га керакман!»

Баҳо:
+ | -

30 ёшли ҳужумчи Дэнни Ингзнинг қатъий хулосасига кўра, унинг тажрибаси айнан «Вест Хэм»га керак.

Футболчи шунинг баробарида бугунги амбициялари билан ҳам «болғачилар»га мос келишини таъкидламоқда. Хуллас, англиялик ҳужумчи Бирмингем «Астон Вилла»сидан Шарқий Лондонга бежиз кўчиб ўтмаганини баралла айтмоқда. Ингз АПЛ 21-туридан ўрин олган «Эвертон»га қарши ўйин (2:0)да «болғачилар» либосида дебют қилишга ҳам улгурди. Унгача эса клуб расмий сайтига интервью бериб, ҳамиша гавжум «Лондон» стадиони меҳрини қозониш истиқболи ҳақида гапирди, бунинг учун имкони борича кўпроқ гол уриши зарурлигига алоҳида тўхталди.

- Дэнни, «Вест Хэм Юнайтед» оиласига хуш келибсиз! Келинг, суҳбатимизни трансферингиз қандай амалга ошгани ҳақида бошласак.

- Тўғриси, бу мен иштирок этган трансферлар орасида энг тез ҳал қилингани бўлса керак. Ҳаммаси жуда тез ривожланди. Уйда чақалоғимизни ўйнатиб ўтиргандим, шу пайт шахсий агентим қўнғироқ қилиб, шошилтирди: «Дарҳол тайёрлан, Лондонга борамиз». Қисқаси, «Вест Хэм»­га ўтишим тарихи чиндан ҳам, жуда қисқа... Иккинчи томондан, узоқ вақтдан буён футбол ичидаман ва бу каби ҳолатларда қандай йўл тутишни аниқ биламан.

- Шарқин Лондон клубида ажойиб инсонлар ишлашади, дейлик, улар сизни ҳам 1000 йиллик қадрдон дўстдек илиқ кутиб олишди...

- О-о, гап йўқ! Такрорлайман, ҳаммаси жуда тез содир бўлди. Умуман, ҳозиргача футболда кўрганларимнинг ҳаммасида ўзига яраша ажо­йиб томонлари бор. Қолаверса, ҳар бир футболчи ўзига қулай жойда бўлишга интилиши табиий ҳол. Мана, жамоага келишим билан ҳамма билан учрашдим, имкон қадар чеҳраларни эслаб қолдим. Энди майдонда ўз миссиямни талаб даражасида бажариш маромига тушиб олсам, бас. Хуллас, четда қандайдир муаммо йўқ - ҳаммаси жойида.

- Жамоада Боуэн, Бенрахма, Пакета ва Форнальс каби сифатли ассистентлар бор. Бундай гуруҳ даврасига тушиш ҳар қандай ҳужумчини тўлқинлантириб юборса керак. Сизда ҳаяжон ҳам сезиляптими?

- Тўхтанг, 18-20 эмас, 30 ёшли футболчиман ахир. Бундай ижрочилар билан ўйнаш эса, дарҳақиқат, ажойиб! Фақат ҳозир мен учун йигитлар билан иложи борича кўпроқ бирга вақт ўтказиш, яхши танишиш муҳим. Шунда майдонда бир-биримизни тушуниб тўп сурамиз. Бошқача айтганда, аввало, клубдошларим майдонда қандай ҳаракатланишимни хоҳлашларию, муайян вазиятларда нима қилишим зарурлигини тушуниб олишим зарур. Албатта, «Вест Хэм»га кўпроқ гол уриш ва максимал даражада ёрдам бериш учун келдим. Умид қиламанки, жамоага керакман ва ўйинга ўзгача жило бағишлаш қўлимдан келади.

- Жамоа сардори Деклан Райс билан Англия терма жамоасида бирга ўйнагансиз. У «Вест Хэм» ўйинида муҳим ролга эга. Деклан билан майдонда яна учрашишга илҳақлигингиз та­йин...

- Албатта, шундай. Райс - топ-даражадаги футболчи. Жуда истеъдодли, истиқболи баланд. Шу ёшидаёқ етук ижрочига айланганига бирдан ишониш қийин. Шунинг баробарида Декланни ажойиб йигит сифатида ҳурмат қиламан. Тўғри, ўйинчилик қобилиятини кўпроқ қадрлайман, барибир. Умидворманки, майдонда яна бирга ўйнаш асносида мухлисларга кўп қувонч улашамиз ҳали.

- Ўз ўйинингизни қандай тавсифлайсиз, асосий кучли томонингиз нима?

- Ўйлайманки, АПЛда орттирган тажрибам эвазига нафақат майдон, балки унинг ташқарисида ҳам жамоага сифатли ёрдам бера оламан. Биламан, «Вест Хэм» таркибида бутун дунёдан келган ажойиб йигитлар жамланишган. Демак, нафақат ўз тажрибам билан ўртоқлашаман, балки яна янги қирраларни кашф этишдан умидворман. Футболда ҳар бир янги жамоа - бу янги дунё, янги дунёқараш. Майдондаги ҳаракатим асосига келсак, биринчиси - гол уриш. Шунингдек, ўйин боришига қараб, рақибга қўшимча босим юклашни ҳам яхши биламан. Лекин асосий вазифам ўзгармайди - тўхтамай гол уришим керак. Ҳужумчида бунданда яхшироқ яна қандай сифат бўлиши керак...?

М.ПЎЛАТОВ тайёрлади

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 23:59, 01.02.2023.
Ўқилди: 706 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.