Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Давид Луис: «Фламенго аҳли бошқа дунёдан»

Баҳо:
+ | -

Давид Луис футболдаги энг таниқли чеҳралардан бири эканлигини барчамиз яхши биламиз. У тўп билан бўладими ёки тўпсиз, майдондаги энг совуққон футболчи эди.

 «Челси», «ПСЖ» ва «Арсенал»нинг собиқ марказий ҳимоячиси ФИФА расмий сайтига интервью бериб, унда Габигол, Винисиус Жуниор, «Фламенго» мухлислари ва Европанинг клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатидаги монополиясини тугатиш имкониятлари ҳақида гапирди.

- Клублар ўртасидаги ЖЧ-2012да «Кумуш тўп»га эга чиққандингиз, аммо финалда «Челси» «Коринтианс»га ютқазганди. Ўша кампанияда нима бўлганди сизларга?

- Мен, шубҳасиз, ушбу турнирда иккинчи энг яхши футболчи номини чемпионликка ўзгартирган бўлардим. Афсуски, ўша куни «Коринтианс» жуда яхши ўйнади. Айниқса, Кассио ўзгача эди ва адолатли тарзда турнирнинг энг яхши футболчиси деб топилди. Бу футбол. Аммо футболчи сифатида доимо энг катта мусобақаларда ўйнашни хоҳлайсиз, клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати эса ҳар бир футболчи иштирок этишни ҳоҳлайдиган турнирлардан биридир. Мен кўп марта ғалаба қозонганман, шунинг баробарида кўп марта ютқазганман ҳам. Клублар ўртасидаги мундиал кубоги ҳозирча коллекциямда йўқ. Шундай экан, эндиликдаги асосий миссиям айнан шу совринни қўлга киритишдир.

- Қатар-2019 финалида «Фламенго»нинг «Ливерпул»га қўшимча таймдаги мағлубияти ҳақида қандай фикрдасиз?

- «Фламенго» ўша финалда жуда яхши ўйнаганди, аммо, афсуски, мағлуб бўлди. Ўша йилларда «Ливерпуль» ўта кучли бўлганини унутмайлик. Улар майдоннинг ҳамма жо­йида яхши эдилар - ҳужумда ҳам, ҳимояда ҳам. Улар Чемпионлар лигасида, Премьер-лигада ғалаба қозонишди. Шундай экан, ўшанда «Фламенго» бундай жамоанинг ҳаётини қийинлаштириш учун жуда яхши иш қилди.

- «Фламенго»га 2022 йилги Либертадорес кубоги финалида ёрдам бердингиз. Фаолиятингиздаги энг яхши лаҳзани қайси кун билан боғлаш мумкин?

- Бу менинг фаолиятимдаги энг яхши саҳифалардан бири эди. Кутилмаганда келди. Деярли бутун фаолиятимни Европада ўтказдим, у ерда футболчи сифатида ўсганман. Ҳеч қачон Бразилияга қайтиш ниятим йўқ эди. Бирдан ҳамма нарса ўзгарди. Ўша куни менинг иккинчи Либертадорес финалим эди. Ва мен «Фламенго»га ғалаба қозонишига ёрдам бера олдим. Бу орқали Ҳам Чемпионлар лигаси, ҳам Либертадорес кубогида ғалаба қозонган саноқли футболчилар гуруҳига кирдим. Адашмасам, улар 13 ёки 14 нафарни ташкил этишади, шунинг учун мен учун бу алоҳида нарса эди.

- 2019 йилда Либертадорес финалида «Фламенго»нинг иккита голига муаллифлик қилган Габигол яна бу ўйинда ғолиб бўлди. У ҳақида қандай фикрдасиз?

- У ажойиб футболчи, «Фламенго»даги энг катта номлардан бири. У футболдаги энг яхши ишни қилиш - гол уриш учун туғилган. Гол уришни яхши кўради, бўлгандаям буни катта ўйинларда қилади. Умид қиламанки, бу ишини «Фламенго»да узоқ вақт давом эттира олади.

- Европа жамоалари кетма-кет 9та клублар ўртасидаги ЖЧ чемпионлигини қўлга киритишди. «Фламенго» Жанубий Америкадаги қурғоқчиликни тўхтата оладими?

- Шунга умид қиламан. Биринчидан, бизда ярим финал бор, бу жуда ва жуда қийин бўлади. Бунга ҳеч қандай шубҳа йўқ. Бу жамоалар (Европа ва Жанубий Америкадан ташқарида) тобора яхшиланмоқда, шунинг учун биз қўлимиздан келганича тайёрланяпмиз ва уларнинг қийинчиликларига жиддий ёндашяпмиз. Финал эса янада қийин бўлади. Лекин биз боримизни берамиз.

- Санта Клаус кийимини кийиб, Рождество учун сов­ғалар тарқатдингиз. Йигитлардан бирортаси сиздан ушбу турнир чемпионлигини сўраганми?

(Кулади) Уларнинг деярли ҳаммаси сўради! Бу нафақат барча болаларнинг, балки бутун Фламенго халқининг яна жаҳон чемпиони бўлиш орзуси. Бундай катталикдаги клуб учун анча вақт бўлди. Айтишим мумкинки, биз ҳар куни шу ҳақда ўйлаймиз.

- «Реал Мадрид» Марокашда ғалаба қозониш учун фаворит ҳисобланади. Улар ҳақида қандай фикрдасиз?

- Дунёнинг энг яхши мураббийларидан бирига эга бўлган сайёрамизнинг энг яхши жамоалардан биридир. Шубҳасиз, улар асосий фаворитлардир. Улар ўзларининг тарихлари, ноу-хаулари, мукаммаллиги ва ўйинчиларининг сифати туфайли иштирок этадиган ҳар бир мусобақада фаворит ҳисобланишади. Лекин футболда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Жаҳон чемпионатида буни яна бир бор кўрдик. Ўйинларни кичик деталлар билан ҳал қилиш мумкин. Биз ўз қуролимизни энг яхши тарзда тайёрлашга ҳаракат қиламиз, шунда дуч келадиган ҳар қандай вазиятга тайёрланган мусобақаларга етиб борамиз.

- Винисиус Жуниор ва Карим Бензема ҳақида қандай фикрдасиз?

- Мен Винисиус учун жуда хурсандман, айниқса Европага келганида унга қилинган муносабатдан сўнг эришган барча нарсаларидан. Кўпчилик унга, ўйинига ишонмади. Фидойилик, меҳнатсеварлик ва камтарлик орқали у дунёнинг энг яхши ўйинчиларидан бири эканлигини исботлашга муваффақ бўлди. У «Реал Мадрид»га очлик ва амбицияларга тўла ҳолда келди. Биринчи жамоада дебют қилганди, лекин кутилмаганда уни «Кантера» (ёшлар жамоаси)га жўнатишди. Бундай муносабат кўпчилик ўйинчиларни вайрон қилган бўларди, лекин Винисиус бошини эгдида, жуда кўп ишлади ва энди ўзи эккан нарсасининг мевасини олмоқда. Бенземага келсак, у аллақачон дунёнинг энг яхши футболчиси сифатида тан олинган. У ақл бовар қилмас сифатга эга. Шубҳасиз, дунёнинг энг яхши ҳужумчиларидан бири.

- 2021 йилда Бразилияга қайтганингиздан бери ажойиб формадасиз. Бу сизнинг фаолиятингиздаги энг яхши давр бўлиши мумкинми?

- Билмайман. Дунёнинг энг йирик мусобақаларида, ўйинларида ўйнаган пайтларим бўлган. Лекин 35 ёшда бўлиш, сайёрамизнинг энг йирик клубларидан бирида ўйнаш, клуб иштирок эта оладиган энг йирик мусобақаларда ўйнаш, шубҳасиз, фаолиятимдаги энг юқори кўрсаткичлардан бири. Ҳар бир клубимда унвонлар ютиш имкониятига эга бўлдим. Ютуқларга эришишимда ёрдам берган барча инсонлар ва клублардан жуда миннатдорман. Бу, шубҳасиз, фаолиятимдаги энг гўзал лаҳзалардан бири.

- «Фламенго» мухлислари ҳақида қандай фикрдасиз?

- Мухлислар олдидаги қарзим учун «Фламенго» билан шартнома имзоладим. Мен уларга қўшилишдан олдин ҳам уларнинг меҳрини ҳис қилдим. Фламенго аҳли бошқа дунёдан. Шубҳасиз, ҳамма одамлар кўпчиликка бахт келтира оладиган ҳолатда бўлишни хоҳлайди. Бу клуб билан ўйинларда ғалаба қозониш, унвонларни қўлга киритиш ажойиб туйғу. «Фламенго»да эканлигимдан жуда хурсандман.

Манба: FIFA.com, 

М.ПЎЛАТОВ тайёрлади

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 07:33, 05.02.2023.
Ўқилди: 1230 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.