7 февраль куни қуръа ташланиши аниқ бўлди. Нега шундай?
Лига янги мавсум учун қуръани ўтган йилнинг декабрь ойидаёқ ўтказишга тайёр эди. Бироқ стадионлар масаласида мураккаблик мавжуд эканини қуръа санаси ҳақида фикр билдираётган тараф тушуниши керак. 1 март куни Тошкентдаги 3 ва Фарғонадаги 1 та стадионда U20 Осиё чемпионати бошланиши ва камида икки ҳафта давомида 4 та стадион банд бўлиши бирламчи бош оғриқ эди.
Лига талаби билан Жиззах, Олмалиқ, Андижондаги стадионлар майдони янгиланяпти. Бу ҳам бош оғриқ, ҳам яхши ташаббус. "Металлург" футбол клуби стадиони масаласи бор-йўғи икки кун аввал ҳал бўлди. Ўзметкомбинат сентябрь ойида реконструкция бошланишини расман тасдиқламагунига қадар мазкур стадион 2023 йил учун қабул қилинмади. "Андижон" эса олдин Анталияни ҳал қилди, кейин стадион ҳақида бош қотирди ва барча масалани охирига тақади.
Лига Суперлига ўйинлари ўтказиладиган стадионлар тўлиқ аниқ бўлиб улгурмаганича қуръа ташлаши мушкул. Чунки икки клуб бир стадиондан фойдаланса, биз қуръа олдидан уларни жуфт кўринишга келтиришимиз лозим. Бу бизга клублардан бири уй учрашувини ўтказса, иккинчиси сафарда ўйнаши учун имконият тақдим этади. Худди "Интер" ва "Милан" битта стадиондан келишиб фойдалангани каби. Бизда "Пахтакор" ва "Сурхон", "Нефтчи" ва "Андижон", "Олимпик" ва АГМК билан ҳозир шундай ҳолат.
Лига расмий сайти ва умуман Лига билан боғлиқ вазиятни соғлом кўз билан кузатаётган киши аниқ принциплари ҳақида яхши тасаввурга эга. Биз майдонларни яхшилаш учун ҳаракат қиляпмизми, демак баъзи жабҳаларда қаттиқ қарорлар қабул қилишга, баъзи масалаларга ён беришга мажбурмиз. Ҳамма нарса идеал кўринишда бўлиши ҳозирги шароитда иложсиз. Шундай бўлса ҳам биз барча масалани максимал даражада инобатга олишга ҳаракат қиляпмиз.
Диёр Имомхўжаев