Европанинг топ-лигаларида бунақа воқеа бўлганини эслай олмайсиз. Испания чемпионатининг 20-туридан ўрин олган "Атлетико" - "Хетафе" учрашувида гол муаллифи заҳирага олинган футболчи бўлди! Аргентиналик Анхель Корреа футбол тарихга кирди ва у билан бирга ҳакам Антонио Лаос ҳам бор.
"Атлетико" бу мавсумда ҳам омадсиз иштирок этмоқда. Диего Симеоне шогирдлари чемпионлик учун курашиш ўрнига, ҳатто тўртинчи ўрин ҳам хавф остида эканини ҳис қилиб, Чемпионлар лигаси зонасига зўрға илиниб туришибди. "Айиқлар"нинг сўнгги ўйинларида ишлар яхшилана бошлаганга ўхшайди, аммо бу турда яна муваффақиятсизлик. Мадридликлар ўз майдонида охирги олти турда бешта мағлубият аламини тотиб кўрган ва қуйи лигага тушиб кетиш зонасида турган "Хетафе"га икки очко тақдим этди.
Учрашувнинг 60-дақиқасида қизиқ эпизод содир бўлди. Мадридликлар яхши ҳужум уюштирди, Тома Лемар дарвозага зарба йўллади, Корреа эса қайтган тўпни дарвозага киритди. Аммо гол ҳисобга олинмади, чунки ҳакамлар аргентиналик футболчини офсайдда деб ҳисоблашди. Воқеаларнинг бундай тус олишидан ҳафсаласи пир бўлган Корреа дарҳол майдонни тарк этди - унинг ўрнига Янник Карраско тушди.
Анхел скамейкага ўтирди ва тез орада у ҳали ҳам гол муаллифига айланиши мумкинлигини тушунди! Видеотакрорни ўрганиб чиқиб, Лаос "Атлетико" фойдасига қарор қилди. "Атлетико" футболчилари аллақачон футболкаси устидан иссиқ куртка кийиб олган алмаштирилган Корреани қучоқлашга шошилишди. Бу жуда кулгили кўринарди.
Шунга қарамай, "Атлетико" минимал ғалабани қўлга кирита олмади. Ўйин тугашига 10 дақиқа қолганида "Хетафе" пенальти ишлаб олди. Борха Майоралнинг боши билан йўллаган зарбасидан кейин Саулнинг қўлига тўп тегди. Энес Унал 11 метрлик жарима зарбасидан мувозанатни тиклади.
Айтганча, Унал ушбу учрашувда энг кўп зарба берган футболчига айланди - у олти марта "Атлетико" дарвозасига зарба йўллаган уринди.
"Бу жуда кам учрайдиган нарса", - деди Корреа ўйиндан сўнг DAZN нашрида ўз голини изоҳлар экан. “Майдонда ғалати туйғу бор эди. Ҳакамлар қарорлари шубҳали бўлиб туюлган бўлсада, офсайд деб ҳиоблашди. Мураббий алмаштириш ҳақида огоҳлантирди ва мен майдонни тарк этдим. Яхшиямки, гол инобатга олинди”.