Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Қарғиш теккан «9». Наҳотки?

Баҳо:
+1 | -

«Челси»да «9» рақамига қарғиш текканми? Ҳар ҳолда, ҳозирги аср бошидан буён жамоада шу рақамни олган деярли барча футболчилар омадсизликка йўлиқишган.

 2022 йилнинг ёзида «Челси»нинг 9-рақамли формаси эгасиз қолди: Ромелу Лукаку омадсиз мавсум (44та ўйинда атиги 15та гол)дан сўнг «Интер»га қайтишни маъқул кўрди. Шундан сўнг бельгияликдан бўшаган рақамни ҳеч ким олишни хоҳламади. Қуйидаги таҳлилий мақола    шу ҳақда.

Жамоанинг собиқ бош мураббийи Томас Тухель ҳаттоки, бу борада баёнот ҳам берганди: «Одамларнинг айтишларича, «Челси»да «9» лаънатланган экан. Қисқаси, бу рақамни қайсидир янги футболчи учун сақлаётганимиз йўқ, шунчаки, унга талабгор чиқмади. Футболчилар баъзан ўз рақамларини ўзгартиришни исташади, лекин ажабланарли томони, «9» бу ерда ҳеч кимга керак эмас. Клубда мендан кўпроқ вақт ўтказганлар тез-тез такрорлашади: «Фалон ҳужумчи «9»ни олганди, ишлари бутунлай орқага кетди, гол уролмади». Хуллас, ҳозирги ҳолатда клубда ҳеч ким бу рақам остида ўйнашни истамайди...». 

Кейинчалик Пьер-Эмерик Обамеянг «9»ни олишга жазм этганида, Тухель габонлик ҳужумчини жасур йигит сифатида мақтади: «Пьер-Эмерик 9-рақамли футболкани олдими, демак, у етарли даражада жасур ва қўрқмас. Ҳар ҳолда, ўтмишдан чўчимади, клубда бу рақам нимани англатишига парво қилмади. Асосийси, Обамеянг № 9да ўз тарихини ёзишга тайёр. Ауба бундай чорловдан хурсанд». Амалда эса «Барселона»даги самарали ярим мавсум (13та гол)дан кейин Англияга қайтган габонлик тўпурар атиги 3та гол урди. Шу тариқа «Челси»да «9»га қарғиш теккани ҳақидаги гап-сўзлар яна авж олди. Нима, ҳаммаси чиндан ҳам, шу қадар ёмонми? Агар статистика бўйича хулоса чиқарсак, шундай... «Челси»да «9» остида бинойидек натижа қайд этган охирги футболчи - бу Жимми Флойд Хасселбайнк. У қаторасига 2 мавсум 25та гол маррасидан ошганди. 

Нидерландиялик футболчидан кейин клуб самарали «тўққиз» топиш йўлида кўп пул сарфлади. Рақамларда айтсак, 2004 йилдан буён 315,5 миллион евро! Лекин бу даврда 9-рақамда энг яхши натижани текинга тушган Тэмми Абрахам қайд этди. Мақолага илова қилинган 1-тасвирга қараб, 9-рақам эгалари қандай каромат кўрсатишганини баҳолаб чиқиш мумкин. Ўз ўрнида муҳим тушунтириш: статистик маълумотлар фақат 9-рақам остидаги ўйинларга асосланган. Дейлик, аргентиналик Эрнан Креспо «Челси»да 21-рақам остида ҳам тўп сурган (мавсум-2003|2004да), Ромелу Лукаку Лондон клубидаги фаолиятини «18» остида бошлаган, Альваро Мората эса 2018 йилнинг ёзида эгизак фарзандлари туғилгани муносабати билан «9» олдига «2»ни қўшиб, 29-рақамни олган.  

** Хасселбайнк даври (мавсум-2000|2001)дан буён «Челси» футболчилари 3 марта АПЛ «Олтин бутса»сини қўлга киритишди. Бироқ лауреатлар орасида «9» эгаси йўқ. «Челси» тарихидаги энг яхши тўпурар Фрэнк Лэмпард эса 8-рақам остида ўйнаган.

** Бу даврдаги 9-рақам соҳиблари орасида энг сермаҳсул футболчи - Тэмми Абрахам (1та ўйинда ўртача ҳисобда 0,37та гол).

2002 йилдан буён «Челси»даги 9-рақам эгаси фақат бир марта 20та гол маррасида ошган - Фернандо Торрес (2012|2013). Тўғри, испания­лик ҳужумчи бундай натижага барча турнирлар ҳисобидан эришган (2-тасвирга қаранг).

** Ўртача ҳисобда 3та ўйинда 1та гол.

** Фернандо Торрес ЧЛда «Нордшелланд» ва «Шахтёр» дарвозасини ишғол қилган (гуруҳда «Ювентус» ҳам бор эди).

** АПЛда классик «катта олтилик»ка мансуб клубларга қарши ўйинларда атиги 1та гол («Арсенал» дарвозасига).

Бир қарашда, Обамеянгда ҳам «қарғиш» кучини кесиш имконияти йўқдек. Таниқли журналист Пол Мерсон Sky Sports нашридаги рукнида бунга алоҳида тўхталди: «Обамеянг «Манчестер Сити»га қарши биринчи ўйинда захирадан майдонга тушганидан кейин қайта алмаштирилди ва энди жамоадан кетса керак, менимча. Ҳар ҳолда, 30 ёшдан ошган футболчининг бундай ҳолатга жимгина қараб туриши қийин». Умуман, Обамеянгнинг «Барселона»га қайтишни хоҳлаётгани ҳақида миш-мишлар бор: габонлик «Челси»даги ҳолатидан норози ва Хави қўл остида яна ёрқин ўйнай олишига ишонмоқда. Бироқ Испания клубида эҳтиёж борми? Асосий масала шу. Ҳужумчи «Челси»даги дастлабки 15та ўйин (барча мусобақалар ҳисобидан)да 2,8xG натижасини қайд этди.

Айтганча...    Европанинг яна бир қатор клубларида маълум рақам лаънатланган мақомига эга: 

«МЮ»да № 7.   Аслида «қизил иблислар»да 7-рақам узоқ вақт афсонавий саналган. Ҳар ҳолда, Жорж Бест, Дэвид Бекхэм, Эрик Кантона ва Криштиану Роналду «7» обрўсини мислсиз даражада кўтаришган. Бироқ 2011 йили Криш кетгач, бу рақам омадсизлик белгисига айланди. Шундан буён 7 нафар футболчи «7»да кутилган кароматни кўрсата олмади. Булар - Майкл Оуэн, Анхель ди Мария, Мемфис Депай, Алексис Санчес, Эдинсон Кавани ва Криштиану Роналдунинг ўзи. 

«Милан»да № 9. Филиппо Инзаги 2012 йили жамоадан кетганидан буён Алешандре Пато, Алессандро Матри, Фернандо Торрес, Маттиа Дестро, Луис Адриано, Жанлука Лападула, Андре Сильва, Гонсало Игуаин, Кшиштоф Пёнтек «9»ни олишди, аммо... Тўғри, ҳозир Оливье Жиру 9-рақамни қарғишдан «тозалаётгандек». 

«Барселона»да № 7. Давид Вилья «7»нинг охирги омадли эгаси. Педро, Филиппе Коутиньо, Арда Турон, Антуан Гризманнга эса ушбу рақам «оғирлик» қилди, гўё. Усмон Дембеле ҳам бошида роса қийналди, Франциялик иқтидор 7-рақамни энди-энди «бўйсиндирмоқда».

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 23:48, 07.02.2023.
Ўқилди: 3887 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.