Англия Премьер-лигасининг камида икки клуби сотилиши мумкин. Шундай вазиятда барча 20 та жамоанинг нархлар рўйхати тақдим этилди. "Манчестер Юнайтед"га расмий таклиф билан чиқиш муддати бугун ўз ниҳоясига етиши кутилмоқда. Бу клуб учун дунёнинг миллардерлари даъвогарлик қилиб турибди. Куни кеча чиққан хабарда айтилишча, асли эронлик бўлган АҚШ миллардери Жахм Нажафи "Тоттенхэм"ни сотиб олишга жиддий қизиқиш билдириб турибди. Бу икки клуб АПЛнинг энг қиммат жамоаларидан ҳисобланади. Қуйида спорт-бизнес нашри бўлган "Sportico" томонидан тақдим этилган нархлари рўйхатини билиб олишингиз мумкин.
Рўйхат аввалида "Манчестер Юнайтед" номи келтирилган. Клуб 4.8 миллиард фунтга баҳоланган бўлиб, жамоанинг 2022 йилдаги соф фойдаси 583.2 миллион фунтни ташкил этган. Бироқ, клуб эгалари бўлган Глейзерлар оиласи "МЮ" учун 6 миллиард нарх белгилаган ва бу асли нархдан анча кўпдир.
Айнан юқоридаги ҳолат "Тоттенхэм" мисолида ҳам юзага чиқади. "Шпорлар" эгаси ҳисобланган Жо Льюис 4-4.5 миллиард фунт истаётган бўлса, "Sportico" келтирган маълумотларда "Тоттенхэм" атиги 2.57 миллиардга тенг.
"Манчестер Юнайтед"дан кейинги ўринларда "Ливерпуль", "Манчестер Сити", "Арсенал" ва "Челси" қайд этилган. Улардан кейингина "Тоттенхэм" номи келади. Кучли олтиликдан ташқаридаги энг қиммат клуб сифатида "Вест Хэм" эътироф этилади. "Болғачилар" баҳоси 535 миллион фунтга тенг. Рўйхатнинг энг қуйи поғонасида "Борнмут" турибди. "Олчалар" нархи бор-йўғи 115 миллион фунтни ташкил этган. Шунингдек, "Ноттингем", "Брентфорд" ва "Брайтон" ҳам нисбатан энг кам баҳоланган клублар орасидан ўрин олган.
Турнирнинг барча клублари жамланган нархи ўнлаб миллиард фунтни ташкил этган. Юқоридаги расмда батафсил маълумот олишингиз мумкин бўлади.
ИСМАТОВ Ж.