Кириш Регистрация
28/12 00:30 Брайтон 0-0 Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал 1-0 Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи 1-2 Женоа
28/12 19:00 Парма 2-1 Монца
28/12 22:00 Кальяри 0-3 Интер
29/12 00:45 Лацио 1-1 Аталанта
29/12 16:30 Удинезе - Торино
29/12 19:00 Наполи - Венеция
29/12 19:30 Лестер - Манчестер Сити
29/12 20:00 Тоттенхэм - Вулверхэмптон
29/12 20:00 Кристал Пэлас - Саутгемптон
29/12 20:00 Эвертон - Ноттингем Форест
29/12 20:00 Фулхэм - Борнмут
29/12 22:00 Ювентус - Фиорентина
29/12 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль
30/12 00:45 Милан - Рома
30/12 22:30 Комо - Лечче

Танловга: «Асрга татигулик гол»

Баҳо:
+3 | -

Ўз фаолиятим давомида мингдан зиёд гол киритган бўлсамда, барибир армоним бор. Мен майдон марказидан зарба бериб гол киритишни орзу қилардим, афсуски буни эплай олмадим...”
(Футбол қироли Эдсон Арантес ду Насименто - “Пеле”)

1994 йилнинг 13 октябрь кунини сира унутмайман. Овозим бўғилган, бедор тундан кейин кўзим қизарган, уйқусини бузганлигим учун қўшниларни ғазабига учраган, дадамдан яхшилаб дакки эшитган, лекин ҳаётимдаги энг қувончли куним.

Айнан шу куни, тунда Ўзбекистон терма жамоаси Япониянинг Хиросима шахрида, Осиё ўйинларининг ярим финал учрашувида, Жанубий Корея ёшлар терма жамоасига қарши майдонга тушди. Осиё ўйинлари терма жамоамиз учун халқаро майдондаги илк расмий мусобақа эди. Шу кунгача фақат қўшниларимиз билан норасмий турнирларда куч синашган бўлсак, энди Осиёга, бу билан эса дунёга юзланаётган эдик. Бу футболимиз учун ҳақиқий синов эди. Терма жамоамиз Осиё ўйинларининг дастлабки гуруҳ босқичида барча ўйинларда ғалаба қозониб, чорак финалда Туркманистонни ҳам ишончли тарзда енгиб, ярим финалга йўл олди. Россиялик Анатолий Бишовец мураббийлиги остида Жанубий Корея ёшлари эса чорак финалда майдон эгалари Японияни 3:2 ҳисобида мағлуб этиб, мусобақада ғолиб чиқишга асосий даъвогарлардан бири бўлиб туришган эди. Бундан ташқари улар ўз таркибларини миллий терма жамоанинг бир қанча футболчилари билан кучайтириб, Осиё ўйинларида ғолиб чиқиш учун астойдил бел боғлаган эдилар.

1994 йилнинг 13 октябрь куни Хиросимадаги “Регионал парк” стадиони майдонига Ўзбекистон ва Жанубий Корея футболчилари чиқиб келишди. Ўйингоҳга ташриф буюрган 5077 томошабиннинг 99% кореялик мухлислардан иборат эди. Улар бугун ўз футболчиларидан фақат ғалаба кутаётган эдилар.

“Ширин уйқудан қолмайлик, барибир ютқизади Ўзбекистон” – дея, мен билан бирга футбол томоша қилишдан дадам ҳам, қўшнилар ҳам бош тортишди ва айтишим лозимки, кейинчалик бундан қаттиқ афсусланишди. Тунги футбол экрани олдида ёлғиз ўзим эдим.

Терма жамоамиз бош мураббийи Рустам Акрамов бу ўйинда 5-3-2 тактикасини танлаб, майдонга қуйидаги таркибни туширди: дарвозада Юрий Шейкин, ҳимояда Февзи Давлетов, Андрей Фёдоров, Фарҳод Магометов, Александр Тихонов, Улуғбек Рўзимов, ярим ҳимояда Илхом Шарипов, Миржалол Қосимов, Сергей Лебедев, ҳужумда Азамат Абдураимов ва Игорь Шквирин. Шу пайтгача ўтказилган ўйинларда биз бешта ҳимоячи билан ҳаракат қилмаган эдик, лекин бундай кучли рақибга қарши ҳужумкор таркибни туширишдан маъно йўқ эди. Кейинроқ маълум бўлишича бу 5-3-2 тактикаси ҳам ўйин давомида 8-1-1 тактикасига айланиб кетди...

Учрашув бошланиши билан Жанубий Кореялик футболчилар ташаббусни ўз қўлларига, тўпни эса ўз оёқларига олиб, тезкор, шиддатли ҳужумларни уюштира бошладилар. Дарвозамизга гоҳ ўнг, гоҳ чап қанотдан ҳужумлар ёмғири ёғила бошлади. Рақибнинг оғир артиллерияси марказдан дарвозамизни ўққа тутишга киришди. Футболчиларимиз эса жарима майдони ичига қамалиб қолишган, ҳатто ҳужумда гол киритишга ўрганиб қолган Игорь Шквирин ҳам ҳимояда тер тўкаётган эди. Дарвозабонимиз Юрий Шейкин эса тошбўрон тагида қолиб кетган одам мисоли, ҳар томондан дарвозага йўналтирилган тўпларни қайтариш билан овора эди. У ожиз қолган вазиятларда эса дарвоза устунларию, тўсини жонимизга оро кирар, баъзан эса ҳимоячиларимиз дарвоза чизиғидан тўпларни қайтариб юборишарди. Рақибнинг деярли ҳар бир ҳужуми зарба билан ниҳоясига етказилар, амалга оширилган бурчак тўпларининг саноғида адашиб ҳам кетган эдик. Бу ҳолат иккинчи бўлимда ҳам ўзгармади. Айтишларича, Жанубий Корея дарвозабони Ча Санг Гванг зерикканидан, дарвоза ортидаги фотомухбирлар билан “шахмат шашка олиб келсангизлар, ўйнаб ўтирардик” - деб ҳазил қилган экан. Аммо кейин билишича, тақдирнинг ҳазили бошқа нарсани ёзган экан шўрликнинг пешонасига...

Ўйиннинг 65-дақиқасида Азамат Абдураимов майдон марказида тўпни қабул қилиб олди ва чап томонга интилиб, ҳимоячини чалғитди, унинг таъқибидан қутилиб, рақиб дарвозаси томон кучли зарба берди. Азамат футболимизнинг эркатойларидан бири эди десам янглишмайман, у чин маънодаги ҳужумчи эди, ҳимояга қайтиб ўйнашни ўзига эп кўрмас, имкон топди дегунча дарвозага зарба берар, қулай вазиятда турган жамоадошига тўп оширишни хаёлига ҳам келтирмас, ҳар қандай 11 метрлик жарима тўпини хеч кимга бермасдан, ўзи амалга оширар эди. Ҳатто пенальтидан тўп кирита олмаса ҳам, барибир кейинги пенальтини тепишдан тап тортмасди.

Тахминан 40 метр масофадан берилган зарбадан кейин тўп ҳавода 2-3 сония давомида учди чамамда. Стадионда ўтирган, телеэкран олдида йиғилган мухлислар 2-3 сония давомида тўпни учишини кузатдик, буни Жанубий Корея дарвозабони Ча ҳам кўрди. Тўп ҳавода парвоз этаётган пайтда “нима кераги бор шунча узоқ масофадан тепишни, ахир бу дарвозабоннинг осон ўлжасику” - деган хаёл ўтди миямдан. Менимча, дарвозабон ҳам шу фикрга келди. Ча зарбани осонгина илиб олиш учун ўнг томонга ташланди, чунки тўп айнан шу томонга учиб келаётган эди. Ча бунақа зарбаларни мингтасини ўйин пайтида, ўн мингтасини машғулотлар пайтида қайтарган. У ҳаммасини тўғри қилди, тўп йўналтирилган томонга оғишди, зарбани икки қўллаб қайтаришга шайланди. Бироқ кейинчалик, тунлари унинг қўрқинчли тушларига кириб чиқадиган воқеа содир бўлди. Тўп дарвозабонни олдида хоинона тарзда ерга урилиб, йўналишини ўзгартирди ва қўлтиғининг орасидан ўтиб, дарвоза тўрига кирди. Гол!

Стадионга йиғилган кореялик мухлислар оғир сукунатда қолишди, лекин экран олдида ўтирган ўзбекистонлик мухлисларнинг қувончли хайқириғини осмону фалакда учиб юрган халқаро космик станциядаги космонавтлар ҳам эшитишган бўлса ажаб эмас. “Гоооооооолллллллллл!” деб қичқирдим...

Кейинги сонияларда аламдан майдон чимини юлаётган дарвозабон, ҳангу-манг бўлиб қолган ҳимоячилар ва ўз жамоадошлари оғушида қолган Азаматни эслайман. Ҳа, ўзбекнинг азамат ўғлони майдон марказидан туриб гол киритдия...

Таблода 0:1 ҳисоби порлади! “Ҳаҳ” деб юбордим шунда, ҳали 25 дақиқа, 1500 сония вақт бор эди ўйин тугашига! Баъзан ўйланиб қоламан, футбол бу ўта мантиқсиз спорт турларидан бири, сабаби бу ўйинда олдиндан кучли деб ҳисобланган, жуда яхши ўйнаган жамоалар ҳар доим ҳам ғалаба қозона олмайдилар. Жуда кучли жамоалар ўта кучсизларга қанчадан-қанча ўйинларда имкониятни бой берганлар. Лекин биз мухлислар айнан шу жиҳатлари учун ҳам бу ўйинни яхши кўрамиз, чин дилдан севамиз. Кучли ва кучсизга ажратиш фақат ўйиндан олдин бўлади, ўйин бошланиши билан эса барча футболчилар текис майдон ва думалоқ тўп олдида теппа-тенг имкониятли бўлиб қолишади.

Агар футболда дарвоза томон берилган зарбалар, тепилган бурчак ва жарима тўплари, дарвоза устуни ва тўсинига теккан тўплар асосида ғолиб аниқланганда эди, у ҳолда Жанубий Корея бизни баскетболча ҳисобда ютган бўларди. Йўқ дўстлар, бу баскетбол эмас, бу ўйинда дарвозага киритилган тўплар, голлар асосида ғолиб аниқланади.

Ўйиннинг сўнгги дақиқасигача бўлган давр қандай ўтганини эслолмайман. Лекин ишонтириб айтаманки, ошиб кетган қон босими ва емирилган асаб толалари шу дақиқаларнинг ёдгорлиги бўлиб қолди мен учун. Бош ҳакам Зайд Абдураҳмон ўз фаолияти давомида бунақасини кўрмаган бўлса керак. У финал хуштагини чалганида, “наҳотки биз ютқиздик” деган маънода унга зорланиб боққан кореялик футболчига қараб елкасини қисди ва “шунақаси ҳам бўлиб туради ўғлим” -деди.

Мураббийлар штаби ва футболчиларимизнинг қувончи билан бир қаторда, Анатолий Бишовецнинг ўз жамоасини мағлуб бўлганига ишонолмай, деворга суянган ҳолда, ачинарли бир ахволда турганини хеч эсимдан чиқара олмайман.

Ҳа дўстлар, бугунги кунга келиб терма жамоамиз 200 та расмий ўйинда майдонга тушишга улгурибди. Хиросиманинг кузги оқшомида бўлиб ўтган бу ўйиндан кейин орадан қарийб 18 йил ўтибди. Лекин бу ўйин худди кеча бўлиб ўтгандек гўё. Қувончли дақиқалар, шу билан бирга аламли лаҳзалар ҳам футбол мухлиснинг қалбида тошга ўйилган нақш каби қолиб кетаркан.

Орадан йиллар ўтгач бу гол ўзбек футболи тарихида “асрга татигулик гол” бўлиб тургани ойдинлашмоқда. Агар Азамат яна минг марта шундай зарба беришга уриниб кўрганида, ишончим комил, мингтасини ҳам дарвозабон ушлаб олиши муқаррар эди. Лекин Япониядаги бу куз оқшоми Азаматники, у билан бирга курашган ўзбекистонлик ўғлонларники эди. Тан оламиз, кореяликлар ғалабага лойиқ эдилар, лекин биз ҳам кам эмасдик. Бу гол футболимиз тарихидаги оламшумул ютуққа йўл очиб берди бизга. Азамат эса ўз фаолиятидаги энг муҳим ва энг чиройли голни киритди. Футбол қироли Пеле орзу қилган, лекин эриша олмаган голни.

Сўнгсўз ўрнида.
-    Бу гол Азамат Абдураимов учун терма жамоамиз сафида ўйиндан киритилган сўнгги гол бўлиб қолди.
-    Бу ғалаба футболчиларимиз учун шу бугунги кунгача Жанубий Корея устидан қозонилган ягона ғалаба бўлиб қолмоқда.
-    Осиё ўйинларининг финалида Ўзбекистон терма жамоаси Хитойни 4:2 ҳисобида мағлуб этиб, ярим финалдаги ғалаба тасодиф эмаслигини исботлади.

«Тараллабедод»

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 14:46, 31.08.2012.
Ўқилди: 5470 марта.
Фикрлар: 22 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.