Бугун, 31 август - Европада ёзги трансферларнинг энг сўнгги куни. Марказий Европа вақти билан (GMT+1) соат 23:59да ёпилади. Шунинг учун бугун трансферлар энг қизийдиган кун, энг кўп трансферлар амалга оширилади.
Буни инобатга олган ҳолда, бугун амалга оширилаётган трансферларни сайтимиз орқали онлайн тарзда ёритиш боришга қарор қилдик.
Кимдан ҳам бошлардик, албатта, Алессандро Дель Пьеро! Австралия футбол федерацияси ҳужумчининг “Сидней" Билан шартнома имзолагани ҳақида хабар берди.
Нейжел Де Йонг эса, ҳозир Миланда тиббий кўрикдан ўтмоқда. У энди “Милан” шарафини ҳимоя қилади.
Рафаел ван дер Ваарт “Ҳамбург”га ўтишга яқин турибди. Эсингизда бўлса, футболчи бир неча йил аввал айнан шу клуб таркибида ўйнаганди.
“Барселона” ярим ҳимоячиси Иброҳим Афеллай “Шальке 04” да ижара асосида тўп суради. Бу хабарни немис клуби расман тасдиқлади.
Инглиз нашрларининг хабарига кўра Жоуи Бартон “Марсель” билан келишувга эришиб бўлган.
Франция матбуотининг маълум қилишича, "Тоттенҳэм" Уго Льорис борасида "Лион" билан келишиб олди. Франци терма жамоаси дарвозабони 15 миллион еврога баҳоланмоқда.
Твиттерда эса нега Эмил Хескини ҳеч ким безовта қилмаётганидан ҳайрон бўлишмоқда. Айтишларича, у мавсум бўйича нақ 5 та бурчак тўпи ишлаб бериши мумкин экан.
"Бенфика" ҳужумчиси Хавьер Савиола эса "Малага"га ўтди. Шартнома муддати - ўзбекча. Яъни 1 йил! Кечаги қуръадан кейин, "Малага"нинг гуруҳи кучсизроқ туюлиб қолгандир-да...
"Байер"нинг 18 ёшли ярим ҳимоячиси Самед Йесил "Ливерпуль" футболчисига айланди, деб хабар тарқатди клуб расмий сайти.
Sky таъкилашичат, Марко Борриелло "Женоа"га ўтишга рози бўлган, ҳозирда уч тараф шартнома шартларини келишмоқдалар. Алберто Жилардино эса, "Женоа"ни тарк этиб, "Болонья" футболчисига айланиб улгурди.
«Андижон»ни қабул қилиб олган Абдураимов футболчиларни тўплади: "Энди ҳаммасини энг бошидан бошлаймиз. Мана бу қўлимда турган матоҳ тўп дейилади" Орқароқдан бир футболчи сўз қотди: "Яқинроқдан кўрсак бўладими?". Узр мавзуга алоқаси йўқ, энди-да...
BBC нинг айтишича, "Ливерпуль" Йосси Бенаюн борасида "Челси"га қўнғироқ қилиб, кейинроқ, айнишга ҳам улгурибди. Клубдагилар Клинт Дэмпсининг охир оқибат "Ливерпуль"га ўтишига ишонмоқдалар.
Талабларга биноан: Испаниялик журналистларнинг ёзишича, Галлиани Рикардо Кака учун "Реал"га ҳал қилувчи таклиф тайёрламоқда. Кейин сотиб олиш ҳуқуқи билан 12 миллион евролик ижара шартномаси!
Чарли Адамнинг "Сток Сити"га ўтиш нарҳи - 5 миллион евро экан.
ПФЛ ходимининг шахсий твиттерида маълум қилишича, Боян Миладинович "Пахтакор-2"дан "Пахтакор"га ўтди.
Француз журналистларининг ёзишича, "Манчестер Сити" Янн Мвила юзасидан "Ренн"га таклиф билан чиққан. Кеча матбуотда "Ренн" футболчи учун 12 миллион кутаётгани ёзилганди, бу пул "Сити" учун пулмас-да энди, ўлар жойдами...
Ватанпарварликни сайтимизнинг фаол ходими Азамат Муродовдан ўрганиш керак. У ёшлигидан (эътиборга олинг, шайхларнинг алоқаси йўқ) мухлислик қиладиган "Сити" бешта трансфер устида ишлаётган бир пайтда, Азамат твиттерда #uzb21 cўзини трендга чиқариш билан банд. "Бу байрам учун муносиб совға" бўларди дейди Азамат Муродов ўз шахсий твиттерида.
Диққат, АПЛ да расман тасдиқланган трасферлар:
Усейн Болт "МЮ" билан 9.58 секундлик шартнома имзолади ва Халкнинг "Зенит"даги рекордини янгилади.
Баъзи манбаларда "ПСЖ"га ўтгани атйилаётган ван дер Виллни эса "Арсенал" ва "Нюкасл" талашмоқда экан. Кутамиз.
"Тоттенҳэм" Жоао Моутиньони 22 миллион еврога сотиб олгани ҳақида хабарлар чиқди. Лекин ҳали расман тасдиқлангани йўқ. Клубнинг бошқа бир футболчиси Денни Роуз эса ижара асосида "Сандерленд"да тўп сурадиган бўлди.
БОМБА: Мадриднинг энг содиқ нашри Марса хабарига кўра, Карвалью, Кака ҳам "Реал"да қолади! Ўнта Де Йонг бир бўлиб битта Кака бўлолмас қўшиғи, миланликлар талабига биноан.
1992 йил туғилган Акром Баҳритдинов "Андижон"дан "Навбаҳор"га ўтди. У 2008 йилги Ўзбекистон ўсмирлар термаси сардори эди.
"Арсенал"га тааллуқли манбанинг хабарига кўра Маруан Шамах ижара асосида "Малага"га ўтиши мумкин экан. Яна бир гап, суперкубок ўйинидан кейин ўз норозилигини намойиш қилган Сеск Фабрегаснинг "Арсенал"га қатиши мумкинлиги ҳақида АS хабарлар тарқатди.
Telegraph да ёзилишича "Ньюкасл" бозорни тарк этди. ВВС эса худди шундай хабарни "Арсенал" ҳақида тарқатмоқда.
Моутиньо ҳақида ҳали "Порту"да ҳеч нарса дейишмаяпти. Шунингдек, Халк эртанги ўйинга заявка ҳам қилинган экан. ҳар икки футболчи "Зенит" қизиқиш доирасида экан ва Россияда трансфер ойнаси бир неча кун кечроқ ёпилишини эътиборга олсак, ҳар нарса бўлиши мумкин.
Жора Огонесян ўзбек қизига уйланмоқчи экан. Буниям қайсидир маънода трансферларга алоқаси бор, деб ҳисоблай қолайлик.
"Марсель"нинг 26 ёшли ярим ҳимоячиси Стеван Мбиа, Лондоннинг "КПР" клубида тўп сурадиган бўлди.
Le Parisien ҳам қизиқ янгилик айтиб қолди. Бразилиялик ярим ҳимоячи Мигел Бастос "Лион"дан "Фулҳэм"га йўл олмоқда экан.
Советский Спорт нашри "Локомотив" ва "Спортинг" клублари Дмитрий Сичев борасида музокараларга киришганликлари ҳақида хабар эълон қилди. Шу кунларда Сичевнинг "Мордовия"га кетаётгани ҳақида хабарлар тарқалганди.
Дарвоқе, ОНЛАЙН бугун соат 24.00 гача давом этади.
SkySports маълумотига кўра "Тоттенҳэм" ўзини босиб тура олмаяпти. Моутиньони 22 миллионга қўлга киритган клуб энди, Фернандо Льорентега таклиф билан чиқмоқда. Бўлиши мумкин, сабаби, эрталаб, клубга тегишли магазинлардан бирида ишлайдиган сотувчи "9" рақамли либосга буюрта тайёрлаётганини ва у Испания ТЖ ҳужумчиси экани ҳақида гапирганди. Шунингдек, "тақачилар" Дос Сантосни "Мальорка"га сотмоқдалар.
«Арсенал» ҳужумчиси Никлас Бендтнер фаолиятини Туриннинг «Ювентус» клубида давом эттиради. Бугун Турин клуби ўз расмий сайтида даниялик ҳужумчи Туринда эканини ва яқин вақт ичида «Кекса Синьора»лар билан шартнома тузишини маълум қилди.
Ҳозирча тинчлик. Латифа: "Арсенал"га қайтган Тьерри Анри совринлар сақланадиган махсус хонага кирди: "Уау, худди ўша пайтлардагидек!"
SkySportsнинг хабар беришича, "Интер" ва "Мансити" клублари Майкон борасида бир тўхтамга келдилар. Бразилиялик футболчи Британияга келмоқда.
Жованни дос Сантос "Мальорка"га ўтди. Шартнома тўрт йилга тузилган.
Le Parisienнинг хабарича, "Лион" клуби Мишель Бастос бўйича "Фулҳэм"нинг таклифини қабул қилди. Трансфер суммаси 7 миллион фунт атрофида эканлиги айтилмоқда.
Ва яна "Мансити"дан янгилик: англияликлар "Бенфика" билан Хави Гарсианинг трансфери тўғрисида келишиб олдилар, дея хабар беради A Bola. Келишув нархи 30 миллион евро атрофида. 25 ёшли яримҳимоячи "Бенфика" раҳбарияти билан хайрлашди ва яқин вақтлар ичида Англияга, шартномани якунига етказиш учун учиб келади. Шартнома 4 йилга мўлжалланган.
Хабарлар кетма-кетлиги: "Мансити" Санта Крусни "Малага"га сотишга яқин турибди, Гарсианинг трансфери "Сити" учун 30 миллион эмас, 24 миллионга тушадиган бўлиб турибди. "Лион" эса "Тоттенҳэм" билан Льориснинг трансферини ҳали келишмаганини маълум қилмоқда. Футболчига Англияга боришга рухсат бердилар, музокаралар давом этмоқда.
Вақтинчалик сукунатдан фойдаланиб, бировнинг пулини санаймиз. Қайси клуб ушбу ёзда трансферлар учун энг кўп пул сарфлади? Бизнингча "ПСЖ" - 140 миллион евро. Яна ким? Мана улар:
2. "Челси" – 99 миллион евро.
3. "Бавария" – 70 миллион евро.
4. "Манчестер Юнайтед" – 65 миллион евро.
5. "Ювентус" – 50 миллион евро.
Тасдиқланмаган маълумотларга қараганда "Гамбург"га қўшилган Ван дер Ваартнинг трансфер суммаси 13 миллион евро бўлган, шартнома эса 3 йилга тузилган.
Ҳурматли сайтимиз фойдаланувчилари! Трансферлар бозоридан янгиликларни ўқишни янги хабарда давом эттиринг.