Мана 31-август ҳам тугаб, 1-сентябр кириб келди. Аммо европада ҳали айрим мамлкатларда трансфер ойнаси ёпилганича йўқ. Италия ва Германия чемпионатларидаги жамоалар учун трансфер мавсуми расман ёпилди. Энг кучли миллий чемпионатлар қаторида эътироф этиладиган Англия ва Испания чемпионатларида ҳали у ёки бу футболчи билан шартнома имзоллаш учун вақт бор.
Бугун сайтимизда куннинг барча трансферларини Онлайн тарзда ёритиб боришга ҳаракат қилдик.
Айни пайтда эса трансфер бозори энг қизғин паллага кирган. Шуни эътиборга олган ҳолда, трансфер мавсумига бағишланган сўнгги репортажимизни бошлаймиз.
Сайтимиздан узоқлашманг. КЕТДИК!!
Ниҳоят кўпчилик интиқлик билан кутган воқеа содир бўлди. Клинт Демпси 6 миллион фунт эвазига "Тоттенҳэм"га кўчиб ўтди. Томонлар музокараларни муваффақиятли якунлашди.
"Тоттенҳэм" фанатлари бундан ҳурсанд. Аммо, уларнинг олдида яна бир муаммо юзага келди. Лондонликлар "Порту" ярим ҳимоячиси Жоау Моутиньо билан шахсий шартнома борасида келиша олмаяптилар. Ҳаммаси шунга қараб кетаяптики, ушбу трансфер амалга ошмай қолиши мумкин. Португалиялик футболчига лондонликлар таклиф этаётган маош ёқмаяпти. Бу ёқда унинг трансферидан мўмай даромад олишни кўзлаётган "Порту"нинг ҳуноби чиқмоқда.
"Реал" эса яқин соатлар ичида "Челси" футболчиси Майкл Эссьенни ўз сафига қўшииб олиши мумкин. Marca нашри ганалик футболчининг мадридликлар билан шартнома тузиши аниқ бўлиб улгургани ҳақида бонг урмоқда!
Дарвоқе, Мадридликлар ушбу трансферни амалга оширмаслигига фақатгина бир сабаб ҳалақит қилиши мумкин. Айни пайтда Лассана Диарра "Анжи" сафига кўчиб ўтишга тайёргарлик кўрмоқда. Ушбу трансфернинг амалга ошиши учун иккала томон ҳам ҳаракатда. Маҳачқалъаликлар майдон марказини кучайтиришни мақсад қилишган ва франциялик футболчи уларнинг мақсадини қондира оладиган футболчи қаторида тилга олинмоқда. "Реал" футболчини қўйиб юборишни истамаса, у ҳолда Эссьен ҳам "Челси"дан ҳеч қаёққа кетмайди.
"Ливерпуль" эса ўзининг собиқ аъзоси, айни пайтда "Челси" футболчиси бўлиб турган Йосси Бенаюнни ортга қайтариши борасида олиб борган ҳаракатлари ҳам бесамар кетди. Ёки мерсисайдликлар футболчини ўз сафида кўришни истамади, ёки Бенаюннинг ўзи улларга рад жавобини берди. Нима бўлган тақдирда ҳам, футболчининг "Ливерпуль"га қайтмаслиги аниқ бўлиб улгурди.
Сабаби Бенаюн бир соат ичида "Вест Ҳэм" билан шартнома имзолайдиган бўлди. Футболчи одатдагидек, бир мавсумга ижарага берилади.