Европа чемпионлар лигасининг 1/8 финалида “Ливерпуль” ўз майдонида “Реал”га 2:5 ҳисобида мағлуб бўлди.
Мадридликлар кетма-кет 5-ўйинида ғалаба қозонди. “Мальорка”га учралган мағлубиятдан сўнг Карло Анчелотти шогирдлари сўнгги 5 ўйинда тўплар нисбатини 20:6 кўринишига олиб келди.
“Ливерпуль” 14 йилдан буён “Реал”ни мағлуб эта олмаяпти. “Қаймоқранглилар” кетма-кет 7 ўйиндан буён мерсисайдликларга мағлуб бўлмаяпти — 6 та ғалаба ва битта дуранг. Жамоалар ўртасидаги ўзаро ўйинлардаги тўплар нисбати — 16:4.
“Қизиллар”нинг Мадрид клуби устидан сўнгги ғалабаси 2009 йил март ойида содир бўлганди.
“Ливерпуль” ўз тарихида илк бор Еврокубокларда дарвозасидан 5 та гол олиб чиқди. Ундан ташқари жамоа XXI асрда учинчи бор “Энфилд”да 5+ гол ўтказиб юборди. Бунга қадар “Арсенал” 2007 йилда (6:3) ва 2019 йилда (5:5) мерсисайдликлар майдонида беш ва ундан ортиқ гол урган.
“Ливерпуль” бош мураббийи Юрген Клопп “Реал”га қарши сўнгги 5 ўйиннинг 4 тасида мағлубиятга учради. Германиялик мутахассис 2014 йил “Боруссия Д” устози сифатида мадридликларни 2:0 ҳисобида таслим этган. Шундан буён Клопп “Қироллик клуби”дан мағлубият аламини татиб кўрмоқда.
Мерсисайдликлар аъзоси Муҳаммад Салоҳ жамоа тарихида Еврокубокларда энг кўп гол урган футболчига айланди. Мисрлик футболчининг голлари сони 42 тага етди. Бунга қадар рекорд “Ливерпуль” сафида Еврокубокларда 41 та гол урган Стивен Жеррардга тегишли эди.
Шунингдек, Салоҳ инглиз жамоаси тарихида мусобақада 13 та голли узатмани амалга оширган илк футболчи бўлди.
“Реал” ҳужумчиси Карим Бензема дубль қайд этди ва ЕЧЛда кетма-кет 18-мавсумида гол урмоқда. Француз Лионель Мессининг рекордини такрорлади. Аргентиналик футболчи ҳам кетма-кет 18 мавсумдан буён ушбу мусобақада гол уриб келмоқда. Иккала футболчи Чемпионлар Лигасида 2005/06 йилги мавсумдан буён иштирок этиб келяпти.