Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

МЛС ва Еврофутбол қоришмаси

Баҳо:
+ | -

Футбол оламининг энг яхши гольфчиси Гарет Бэйл «Лос-Анжелес»даги қисқа фаолиятидан сўнг бутсаларини михга илишни лозим топди.

 Асосийси, Уэльс фахри АҚШда чакки кўринмади ва MLSда ўйнаб кўрган еврофутбол юлдузлари сафини кенгайтирди. Келинг, Бэйл хайрлашуви баҳона АҚШ ва Канада элит лигаси жамоаларига бош суққан юлдузларни бирров эсга оламиз. Ҳа, «ЛА Гэлэкси»да ҳар томонлама яйраган Дэвид Бекхэм ва Златан Ибрагимович ҳамманинг ёдида, қолганлар-чи?

Роберто ДОНАДОНИ (Италия). Клуби: «Нью-Йорк|Нью-Жерси Метростарз» (1996-1997). Умумий статистикаси: 52та ўйин, 6та гол

Факт. Донадони - MLSга йўл олган европалик биринчи юлдуз. Эътиборлиси, у 1997 йилиёқ «Милан»га қайтиб, жонажон клуби билан 6-скудеттога эга чиққанди.

Карлос ВАЛЬДЕРРАМА (Колумбия). Клублари: «Тампа-Бэй Мьютини» (1996-1997, 1999-2001), «Майами Фьюжн» (1998-1999), «Колорадо Рэпидс» (2001-2003). Умумий статистикаси: 185та ўйин, 17та гол 

Факт. Колумбия футболи юлдузи 2000 йилги мавсумда нақ 26та голга ассистентлик қилганди - бу MLS рекорди!

Вальтер ЗЕНГА (Италия). Клуби: «Нью-Инглэнд Революшн» (1997, 1999). Умумий статистикаси: 47та ўйин 

Факт. Афсонавий кипер 1998 йили фаолия­тини тўхтатиб, итальянча фильмда суратга тушади ва кейинги мавсум жамоага ўйновчи-мураббий ролида қайтади.

Томас РАВЕЛЛИ (Швеция). Клуби: «Тампа-Бэй Мьютини» (1998). Умумий статистикаси: 23та ўйин

Факт. ЖЧ-94 бронза медали совриндори 1998 йили 39 ёшидаёқ фаолиятини тўхтатади. Томас кейинги йили жонажон клуби - «Эстер»­га қайтади, «Мьютини» эса мавсум-2001да йўқлик сари юз тутади.

Лотар МАТТЕУС (Германия)Клуби: «Нью-Йорк|Нью-Жерси Метростарз» (2000). Умумий статистикаси: 23та ўйин

Факт. Бундестим учун катта муваффақиятсизлик билан тугаган Евро-2000дан сўнг 14та ўйинни ўтказиб юборган Маттеус MLSдаги мавсум ўртасида маҳбубаси билан ҳордиқ чиқаришга жазм этганди.

Христо СТОИЧКОВ (Болгария). Клублари: «Чикаго Файр» (2000-2002), «Ди Си Юнайтед» (2003). Умумий статистикаси: 81та ўйин, 30та гол

Факт. «Барселона»нинг собиқ юлдузи ҳамон «Чикаго» тарихидаги тўпурарлар рўйхатининг кучли 10талигида турибди.

Юрий ЖОРКАЕФФ (Франция)Клуби: «Нью-Йорк Ред Буллс» (2005-2006). Умумий статистикаси: 48та ўйин, 13та гол

Факт. Жаҳон ва Европа чемпиони АҚШдаги фаолияти давомида Манхэттен жанубида яшади. Машҳур актриса Жулия Робертс франциялик арманнинг қўшниси эди.

Дэвид БЕКХЭМ (Англия). Клуби: «Лос-Анжелес Гэлэкси» (2007-2009, 2010-2012). Умумий статистикаси: 118та ўйин, 20та гол

Факт. MLS Бекс трансфери таъсирида махсус қоида қабул қилиб, клубларнинг 2 нафар футболчига белгиланган меъёрдан кўпроқ маош беришига рухсат беради. Бекхэм шу тариқа йилига 6,5 млн. евро миқдорида ҳақ олади, ваҳоланки, ўшанда лигада максимал маош 2,1 млн. евро эди. 

Абель ШАВЬЕР (Португалия). Клуби: «Лос-Анжелес Гэлэкси» (2007-2008). Умумий статистикаси: 26та ўйин

Факт. Майдонда ҳам ўйини, ҳам ўзгача соч-соқоли билан ажралиб турган португалиялик фаолиятига нуқта қўйгач, «Гэлэкси»да бош мураббий Рууд Гуллит қўл остида ишлаш асло ёқмаганини очиқ-ойдин айтганди. 

Фредрик ЮНГБЕРГ (Дания). Клублари: «Сиэтл Саундерс» (2009-2010), «Чикаго Файр» (2010). Умумий статистикаси: 55та ўйин, 4та гол

Факт. «Сиэтл» клуби «Арсенал» афсонасини «Чикаго» футболчиси билан алмаштирганди.

Рафаэль МАРКЕС (Мексика). Клуби: «Нью-Йорк Ред Буллс» (2010-2012). Умумий статистикаси: 50та ўйин, 1та гол

Факт. Мексикалик афсона ўша пайт «Ювентус» таклифидан юз ўгириб, MLSга юзланган эди. Рафа кейинчалик АҚШга кўчиб ўтиб, фаолиятидаги энг катта хатога йўл қўйганини тан олганди.

Тьерри АНРИ (Франция). Клуби: «Нью-Йорк Ред Буллс» (2010-2014). Умумий статис­тикаси: 135та ўйин, 52та гол

Факт. «Арсенал» афсонаси MLSдаги деб­ют ўйинига метрода, фанатлар қуршовида йўл олган.

Робби КИН (Ирландия). Клуби: «Лос-Анжелес Гэлэкси» (2011-2016). Умумий статистикаси: 165та ўйин, 104та гол

Факт. Кин - MLSнинг 3 карра чемпиони, мавсум-2014нинг энг яхши футболчиси. «Гэлэкси»да эса энг яхши футболчига аталган совринни қаторасига 4 мавсум ҳеч кимга бермаган.

Алессандро НЕСТА (Италия). Клуби: «Монреаль Импэкт» (2012-2013). Умумий статистикаси: 34та ўйин

Факт. «Скуадра Адзурра»нинг тан олинган ҳимоячиси аслида фаолиятига Италияда нуқта қўйишни ўйлаган, аммо уни «Монреал»да ўйнаб кўришга собиқ клубдоши Марко ди Вайо кўндирган.

Тим КЭЙХИЛЛ (Австралия). Клуби: «Нью-Йорк Ред Буллс» (2012-2014). Умумий статис­тикаси: 72та ўйин, 16та гол

Факт. Австралиялик юлдуз MLSдан қайтгач, яна 5та клубда ўйнади, у ҳаттоки, Англияга қайтиб, «Миллуолл» сафига қўшилди ва фаолиятини 2019 йилдагина якунлади.

Жуниньо ПЕРНАМБУКАНО (Бразилия). Клуби: «Нью-Йорк Ред Буллс» (2013). Умумий статистикаси: 15та ўйин

Факт. «Жарима зарбалари қироли» MLSда лоақал 1та ҳам гол урмади.

Жулио СЕЗАР (Бразилия). Клуби: «Торонто» (2014). Умумий статистикаси: 7та ўйин

Факт. Бразилиялик кипер ЖЧ-2014да Канада клуби вакили сифатида қатнашди. 

Давид ВИЛЬЯ (Испания). Клуби: «Нью-Йорк Сити» (2014-2018). Умумий статистикаси: 133та ўйин, 83та гол

Факт. Вилья ҳамон «Нью-Йорк Сити» тарихидаги энг яхши голеадордир.

Стивен ЖЕРРАРД (Англия). Клуби: «Лос-Анжелес Гэлэкси» (2015-2016). Умумий статистикаси: 39та ўйин, 5та гол

Факт. Жеррардга MLSда ҳам чемпион бўлиш насиб этмади, худди «Ливерпул»даги каби.

Фрэнк ЛЭМПАРД (Англия). Клуби: «Нью-Йорк Сити» (2015-2016). Умумий статистикаси: 21та ўйин, 12та гол

Факт. «Челси» афсонаси Нью-Йорк орқали «Манчестер Сити»га ўтди ва ҳаттоки, жонажон жамоаси дарвозасига гол ҳам урди.

КАКА (Бразилия). Клуби: «Орландо Сити» (2015-2017). Умумий статистикаси: 78та ўйин, 25та гол

Факт. Кака 3 йил давомида MLS юлдузлари иштирокидаги 3та ўйинда қатнашди.

Дидье ДРОГБА (Кот-д`Ивуар). Клуби: «Монреаль Импэкт» (2015-2016). Умумий статистикаси: 41та ўйин, 23та гол

Факт. Ивуарликка Шимолий Америкадаги ҳаёт шу қадар ёқдики, у «Монреал»дан кетгач, АҚШ чемпионати Иккинчи лигаси иштирокчиси «Финикс Райзинг»да ҳам ўйнади, якунда бу клуб эгаларидан бирига айланди.

Андреа ПИРЛО (Италия). Клуби: «Нью-Йорк Сити» (2015-2017). Умумий статистикаси: 62та ўйин, 1та гол

Факт. Европада кўпчилик Лэмпард - Пирло тандемини орзу қилгани рост, қарангки, бундай боғлам АҚШ «Сити»сида юзага келди.

Себастьян ЖОВИНКО (Италия). Клуби: «Торонто» (2015-2018). Умумий статистикаси: 142та ўйин, 83та гол

Факт. MLS-2017 чемпиони, «Торонто» тарихидаги бош тўпурар - бу айнан Жовинко.

Эшли КОУЛ (Англия). Клуби: «Лос-Анжелес Гэлэкси» (2016-2018). Умумий статистикаси: 94та ўйин, 3та гол

Факт. Ҳимоячи 2018 йили Англияга қайтиб, «Дерби Каунти» сафига қўшилди. 

Бастиан ШВАЙНШТАЙГЕР (Германия). Клуби: «Чикаго Файр» (2017-2019). Умумий статистикаси: 92та ўйин, 8та гол

Факт. 2018 йилнинг август ойида Мюнхенда буюк Швайнининг хайрлашув учрашуви ташкил этилди. Бастианнинг ўзи «Чикаго» ва «Бавария» сафида бир бўлимдан ҳаракатланди. Тўғри, у шундан кейин ҳам ўйнади ва фақат 2019 йил охирида бутсаларини михга илди. 

Златан ИБРАГИМОВИЧ (Швеция). Клуби: «Лос-Анжелес Гэлэкси» (2018-2019). Умумий статистикаси: 58та ўйин, 53та гол

Факт. 1та ўйинда ўртача ҳисобда деярли 1та гол - бу Ибрага хос натижа, албатта.

Уэйн РУНИ (Англия). Клуби: «Ди Си Юнайтед» (2018-2019). Умумий статистикаси: 52та ўйин, 25та гол

Факт. Руни - мавсум-2019 рамзий жамоаси аъзоси ва клубнинг энг яхши футболчиси.

А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 23:45, 03.03.2023.
Ўқилди: 1931 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.