Кириш Регистрация
28/03 19:00 Динамо 2-1 Металлург
29/03 19:00 ОКМК - Бунёдкор
29/03 19:15 Қизилқум - Локомотив
30/03 01:00 Лилль - Ланс
30/03 01:00 Кадис - Гранада
30/03 16:30 Наполи - Аталанта
30/03 17:30 Ньюкасл - Вест Хэм
30/03 18:00 Хетафе - Севилья
30/03 19:00 Женоа - Фрозиноне
30/03 19:00 Торино - Монца
30/03 19:00 Андижон - Насаф
30/03 19:00 Пахтакор - Сўғдиёна
30/03 20:00 Ноттингем Форест - Кристал Пэлас
30/03 20:00 Шеффилд Юнайтед - Фулхэм
30/03 20:00 Тоттенхэм - Лутон
30/03 20:00 Борнмут - Эвертон
30/03 20:00 Челси - Бёрнли
30/03 20:15 Альмерия - Осасуна
30/03 21:00 Метц - Монако
30/03 22:00 Лацио - Ювентус
30/03 22:30 Астон Вилла - Вулверхэмптон
30/03 22:30 Валенсия - Мальорка

Пикенинг бизнес-империяси

Баҳо:
+ | -

Профессионал спортчиларнинг аксарияти ўтаётган кун билан қаноатланган ҳолда ҳаёт кечиришади, эртани ўйлашмайди.

 Фаолиятлари якунига етгач, нима қилишни билмай, 2-3 йилдан кейин ишлаб топган пулларини совуриб ўладилар. Расмий маълумотларга кўра, МФЛ собиқ ўйинчиларининг 78 фоизи, МБАнинг 60, АПЛнинг 55 фоиз собиқ аъзолари молиявий муаммоларга дуч келадилар.

Фақат собиқ спортчиларнинг саноқли вакилларигина кейинги ҳаёт хусусида қайғуриб, пешона тери эвазига жам­ғарган миллионларидан ақл билан фойдаланиш йўлларини қидирадилар. Яқинда «Барселона»даги фаолиятига нуқта қўйган Жерар Пике ана шу кам сонли спортчиларнинг бири - яшил майдонда суюкли жамоаси дарвозасини ишончли ҳимоя қилиш билан биргаликда, фаровон келажак пойдеворини тиклашни ҳам унутмади. Эътиборлиси, каталониялик ҳимоячи ўзининг бизнес-империясини профессионал футболдаги дебюти билан бир вақтда бошлаганди. Ҳозир унинг молиявий қудрати йил сайин юксалиб бормоқда. Салқин ичимликлар, гўшт, эксклюзив кўзойнаклар савдосини йўлга қўйгани, теннис спортига киритган сармоялари, футбол клубларини харид қилгани ва ҳужжатли фильм яратгани буни исботлайди.

Пике Гарвард бизнес-мактабида таҳсил олган

Жерардаги тижоратчилик қобилияти отасидан ўтган. Жоан Пике - таниқли ҳуқуқшунос, Испаниядаги адвокатлар агентликларининг асосчиси. У ўғли ота касбини эгаллашини истаганди. Бироқ Жерар спортни танлади. Лекин бу унинг тижоратда ҳам футболдагидек бошини яхши ишлатишидан далолат. 2006 йилда Жерар отаси билан ҳамкорликда бўш ерларни сотиб олиб, кўчмас мулк иншоотларини бунёд этишган ихтисослашган компанияни очганди. Ҳозир унинг капитал жамғармаси 50 млн. еврога етди. 2019 йилда Жерар корхона бош­қарувини онаси Монтсеррат ва акаси Маркка топширди. 2009 йилда ҳимоячи яна бир муҳим ишга қўл уриб, бир неча йилдан сўнг фаолият кўламини кенгайтирди. Шу тариқа соф гўштдан котлет ва гамбургерлар ишлаб чиқарадиган корхона акцияларининг 27 фоизини, салқин ичимликларга ихтисослашган компаниянинг 40, кўчмас мулк савдосининг 50, кўзойнаклар ишлаб чиқарувчи оилавий бренднинг 62 фоиз акцияларини ўз тасарруфига олди.

Футболчининг бизнесдаги муваффақияти фақат омад таниш-билишларининг кўплиги туфайли эмас, Жерарнинг билимга чанқоқлиги ва изланувчанлиги маҳсули. 2012 йилда у иқтисодиёт мактабига ўқишга кириб, ҳар ҳафтада 6 соатдан молиявий бозор, сармоялар ва маркетингни ўрганди. 5 йил аввал у таътил даврида АҚШга бориб, Гарвард бизнес-мактабининг интенсив курсида таҳсил олди. Бундан таш­қари, таниқли бизнесменлар анжуманларида мунтазам қатнашишга интилади. Шундай йиғинларнинг бирида «Барселона» янги ҳомий билан 250 млн. евроли шартномани имзолади.

Дэвис Кубоги лойиҳасида омадсизликка учради

Кичик Пике спорт ва медиа бизнесини йўлга қўйиш билан шуғулланганида, бошқа юмушлар отаси зиммасида бўлади. 2017 йилда ташкил этилган «Космос Холдинг» компанияси айнан спорт йўналишида фаолият юритади. Пике нуфузли турнирлардан бири бўлган, лекин сўнгги йилларда оммавийлигини бой бериб қўйган теннис бўйича Дэвис Кубоги мусобақасини қайтадан тиклашга қарор қилди. 2018 йил августида «Космос» Халқаро теннис федерацияси (ХТФ) билан ҳомийлик шартномасини имзолади. Унга бионан, Жерар компанияси 25 йиллик ҳамкорлик учун 3 млрд. доллар сармоя киритиши керак эди. Теннисни хуш кўрадиган Пике муваффақият бобида Қатар мундиалидан қолишмайдиган мусобақани ташкил этиш ниятида эди. Ундан аввалги бир қатор уринишлар омадсизликка учрагани ҳам уни тўхтата олмади. ҳатто отаси ҳам бу лойиҳага қарши эди. Бироқ Жерар қароридан воз кечмади ва якунда омадсизликка учради. Бунинг асосий сабабларидан бири коронавирус пандемияси эди. Шу сабаб турнирнинг финал бос­қичи 2020 ўтказилмади, «Космос» ХТФга режадаги 40 млн. ўрнига 10 млн. евро сармоя киритди.  ХТФ раҳбарлари пандемиядан кейин холдинг сармояларни режага мувофиқ ажратилишига умид қилишганди. Бироқ Пике ваъдани бажара олмади. Натижада ХТФ келишувни бекор қилди. Гарчи «Космос» 60 млн. евродан кўпроқ зарар кўрган бўлсада, Пике бу уринишда ҳам ижобий жиҳатларни топа олди - Дэвис Кубоги ёрдамида теннис бозорига танилди ва бир қатор муҳим келишувларни расмийлаштирди.

5-дивизион клубини 2-дивизионга олиб чиқди

Қачондир Жерар Пике «Барселона» президенти бўлишига шубҳа қилгувчилар йўқ ҳисобида. Аммо каталониялик бизнесмен ҳозирча камтарин жамоаларда менежерлик маҳоратига сайқал бермоқда. 2018 йилда у Испания 5-дивизионидаги «Андорра» клубини харид қилганди. Лойиҳага кўпчилик эътиборини жалб этиш мақсадида Пике сармояда Лео Месси ва Сеск Фабрегасларнинг рамзий улушлари борлигини баён этганди. Кейин «Андорра»нинг янги соҳиби жамоани 3500 ўринли энг шинам «Эстади Насьонал»га кўчирди, мураббийликка «Барса»нинг собиқ ўйинчилари Габри ва Альберт Хоркерни таклиф этди. Morabanc ва Nike каби сармоядорлар кўмагида жамоа 2 мавсумдан кейин Сегунда «В»га чиқиб олди. Жорий мавсумда «Андорра» 10-ўринда бормоқда - плей-офф босқичи ҳудудидан 8 очко ажратиб турибди.

Қимматбаҳо трансферларга имконияти бўлмаган «Андорра» асосий эътиборини ёш иқтидорларга қаратади. Шу мақсадда «Космос» 2019 йилда Каталониядаги «Химнастик Манреса» академиясини 400 минг еврога сотиб олди. Академия ноёб иқтидорлари билан танилган. Масалан, Хосеп Гвардиола шу даргоҳда таҳсил олган. Энди у «Андорра»нинг фарм-клуби мақомида. «Андорра»нинг ҳал қилувчи парвози учун Пике майдонга тушишга ҳам тайёр. Ҳозирча, сармоя билан кўмак бермоқда. 2018 йилда унинг компанияси ёрдамида Испания Суперкубоги Саудия Арабистонига кўчирилди. Шу тариқа 2019-2021 йиллар оралиғидаги турнирдан Испания ФФ 120 млн., «Космос» 24 млн. евро даромад олди.

Ўтган йил ноябрида 34 ёшли Жерар Пике футболчилик фаолиятига нуқта қўйиб, бутун эътиборини янги лойиҳага жалб этди - 1 январда Испанияда медиа футбол лигаси старт олди. Мусобақада 7х7 форматида тўп сурадиган 12та жамоа иштирок этади. Клублар таниқли блогерлар, журналистлар ва футбол афсоналари, жумладан, Серхио Агуэро, Икер Касильяслар раҳбарлик қиладилар. Афтидан, Жерар Пике ҳаёти ва фаолиятидаги энг қизғин давр энди бошланади.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 10:00, 06.03.2023.
Ўқилди: 3626 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.