Кеча оқшом Паралимпия ўйинларининг сопқон (диск) улоқтириш йўналишида Ҳусниддин Норбеков иштирок этди ва медаль қўлга киритишига бир баҳя қолди.
Саралаш баҳсларида (3та уриниш) ҳамюртимиз сопқонни 50,27 метрга улоқтириб, бешинчи натижа билан финал йўлланмасини қўлга киритди. Финал босқичининг дастлабки уринишидаёқ у дискни 52,05 метр масофага отди ва ўзидан олдинда бораётган 2 нафар спортчини ортда қолдириб, 3-ўринга кўтарилиб олди. Аммо польшалик спортчи ўзининг финалдаги икккинчи уринишида Ҳусниддиндан узоқроқ масофага (54,02) сопқонни улоқтирди ва ҳамюртимиз 4-ўринга суриб қўйди. Энг сўнгги уринишда эса Норбеков техник хатога йўл қўйгани боис, унинг натижаси инобатга олинмади. Натижада спортчимиз 4-ўрин билан кифояланишга мажбур бўлди.
Ушбу йўналишда соғлик даражаси F37 ва F38 бўлган спортчилар иштирок этишди. Уларнинг натижаларига кўра, турли баллар берилди. Масалан, 1-ўринни қўлга киритган эронлик Жавад Ҳарданий 52,91 метр масофа учун 1024 баллни қўлга киритган бўлса, хитойлик Сиа Донгга 55,81 метр учун 1017 балл берилди. Натижада хитойлик спортчига кумуш медаль насиб қилди. Юқорида айтиб ўтганимиздек, польшалик Томаш Блаткиевич 54,02 м. натижа билан бронза медалига эгалик қилди. Ҳуснуддин Норбеков ҳам F37 таснифида иштирок этди.
Дарвоқе, Ҳусниддин Норбеков барча уринишларда ўзининг шахсий рекордини янгилашга муваффақ бўлди.