Туркиянинг Истанбул шаҳри мезбонлик қилган 40-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси ўз якунига етди. Бугун мусобақа якунлари ва унда ўзбекистонлик шахматчиларнинг иштирокига тўхталиб ўтамиз.
Эркаклар
Мусобақада 150та терма жамоа иштирок этди. Ўзбекистон терма жамоаси эса 24-ўринни эгаллади. Эркаклар терма жамоамиз турнирда 33-рақамли жамоа сифатида иштирок этганини инобатга олсак, Қосимжонов бошчилигидаги спортчиларимиз ўсишга эришишган. Ўзбекистонликлар 11та ўйиндан 6тасида ғалаба қозонишди, 2та ўйинда дуранг натижа қайд этишди, 3та ўйинда эса ютқазишди.
Сўнгги турда терма жамоамиз Вьетнамга ютқазиб қўйди, акс ҳолда мусобақа жадвалида йигитлар Вьетнам ўрнида бўлишлари ҳам мумкин эди (8-ўрин).
Вьетнам - Ўзбекистон - 3-1
Чуанг Лиев Ле - Рустам Қосимжонов - 0,5-0,5
Ван Хуи Нгуен - Марат Жумаев- 0,5-0,5
Док Хоа Нгуен - Андрей Квон - 1-0
Тиен Хай Дао - Жўрабек Ҳамроқулов - 1-0
(Антон Филиппов дам олди)
Арманистон терма жамоаси 19 очко билан чемпионликни қўлга киритди. Шунча очко тўплаган Россия эса 2-ўринни эгаллади. Қўшимча кўрчаткичлар эвазига арманлар руслардан ўтиб кетишди. Учинчи ўрин эса МДҲнинг яна бир вакили - Украинага насиб этди - 18 очко. Ғолибликка асосий даъвогарлардан бири бўлган Хитой 4-ўринни эгаллади. МДҲ мамлакатлари орасида Ўзбекистонни Озарбойжон ва Молдова ортда қолдиришди.
Аёллар
Сўнгги турда қизларимиз Эронга қарши дона суриб, партияларни жуда ҳам бўш ўтказишди. Фақатгина Ҳулкар Тоҳиржонова дуранг ўйнаган бўлса, қолган учала шахматчимиз имкониятни бой бериб қўйишди. Оқ доналарда ўйнаган Нафиса Мўминова ўйин давомида жуда катта устунликка эришди, аммо бу имкониятдан фойдалана олмади. У ўйин якунини бўш ўтказди ва мағлуб бўлди.
Ўзбекистон - Эрон - 0,5-3,5
Нафиса Мўминова - Атуса Пуркашиян - 0-1
Ирина Геворгян - Сарасадат Хадемалшариеҳ - 0-1
Ҳулкар Тоҳиржонова - Митра Ҳежазипур - 0,5-0,5
Нодира Нодиржонова - Ғазал Ҳакимифард - 0-1
(Сарвиноз Қурбонбоева дам олди)
Аёллар ўртасидаги мусобақада 127та терма жамоаси иштирок этди. Ўзбекистон терма жамоаси эса 21-ўринни эгаллади. Хабарингиз бор, қизларимиз 8-турдан кейин 5-ўрингача кўтарилишга муваффақ бўлишганди. Аммо улар сўнгги 3та турни бўш ўтказишди ва 21-ўринга тушиб кетишди. Қизлар ҳам худди эркаклар сингари 6та ғалаба, 2та дуранг ва 3та мағлубият билан 14 очко жамғаришди.
Аёллар ўртасидаги мусобақа ғолиблиги Россия терма жамоасига насиб этди. Улар Хитой билан бир хил - 19 очко тўплашган бўлсада, қўшимча кўрчаткичлар эвазига олтин медалга эга чиқишди. Учинчи ўрин эса худди эркаклар ўртасидаги мусобақада бўлгани каби Украинага насиб этди (18 очко). Ҳиндистонлик аёллар эса 4-ўринни эгаллашди.
2014 йилги Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси Норвегиянинг Тромсё шаҳрида бўлиб ўтади.