Суперлига 2-туридан ўрин олган “Насаф” – “Турон” (2:1) учрашувидан сўнг меҳмонлар бош мураббийи Бахтиёр Ашурматов ўз фикрларини билдириб ўтди.
“Жанговар ўйин бўлди. Афсуски, жароҳатлар сабаб ўзимиз истаган вақтда ўзгаришларни амалга ошира олмадик. Футболда кичик факторлар катта аҳамиятга эга. Учрашув охирида яккакурашда имкониятни бой бердик ва эътиборсизлик натижасида тўп ўтказиб юбордик. Тўғри, икки баҳсда икки бор мағлуб бўлдик, аммо ўйлашимча, футболчилар шундай курашишда давом этса, керакли натижани албатта қўлга киритамиз.
“Насаф” ўз ўйини билан бизни кўп ҳаракат қилишга мажбур қилди. Кўп вақт тўпсиз қолдик ва шу сабаб жисмонан тез чарчадик. Беллашув сўнггида 5 ҳимоячи билан ўйнамоқчи эдик. Қувондиқ Рўзиев жароҳат олди, уни ўзгартира олмадик. Боиси, захира алмаштиришларидан фойдаланиб бўлган эдик. Бу ҳам ўз таъсирини ўтказди. Футболчилар тўп назоратини ўзларида сақлаб туришганида, баҳс якунида дарвозамиз олдида босим юзага келмаган бўларди. Шундай бўлсада, йигитлар бугун мағлубиятга муносиб эмас эдилар. Лекин бу футбол. Дақиқалар, сониялар ҳам кўп нарсани ҳал қилади.
Рўзиқул Бердиев мамлакатимиздаги энг кучли мутахассислардан бири саналади. Қаршиликларнинг таркиби деярли ўзгармади ва жамоавий ўйини яхши шаклланган. Бизга эса бироз вақт керак. Жамоамизнинг салоҳияти кучли олтиликка киришга этади”, – деди мутахассис.